Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
05 Октябр, 2024   |   02 Рабиъус сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:06
Қуёш
06:24
Пешин
12:16
Аср
16:13
Шом
18:01
Хуфтон
19:14
Bismillah
05 Октябр, 2024, 02 Рабиъус сони, 1446
Янгиликлар

Президент мустақиллик байрами арафасида 522 кишини афв этди

30.08.2024   4363   1 min.
Президент мустақиллик байрами арафасида 522 кишини афв этди

Инсонпарварликнинг юксак намунаси

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев энг азиз умуммиллий байрамимиз – Ватанимиз мустақиллиги эълон қилинганининг ўттиз уч йиллигини нишонлаш арафасида давлатимиз томонидан олиб борилаётган гуманистик сиёсатнинг амалий тасдиғи сифатида “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармонни имзолади.

Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 109-моддаси 23-бандига асосан жазо муддатини ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 522 нафар шахс афв этилди.

Афв этилган шахсларнинг 159 нафари асосий жазодан озод этилди, 303 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 60 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилди. 

Афв этилганларнинг  19 нафарини чет эл фуқаролари, 56 нафарини аёл, 25 нафарини 60 ёшдан ошган эркак, 233 нафарини ёшлар (шулардан, 1 нафари вояга етмаган) ҳамда 27 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади.

Фармон ижроси юзасидан афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак бериш бўйича масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди.

ЎзА

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Бузғунчи оқимларга қарши Мотуридий ақидаси

27.09.2024   5239   5 min.
Бузғунчи оқимларга қарши Мотуридий ақидаси

Маълумки, дунёдаги мусулмонларнинг аксарияти, жумладан, Ўрта Осиё мусулмонлари ва бизнинг юртдошлар ҳам Қуръон ва ҳадисдаги ақидавий масалаларни тушунишда Аҳли сунна вал жамоанинг Мотуридий ақидасига амал қилиб келмоқда.

 

Имом Мотуридий Аҳли сунна вал жамоа ақидасини шарҳлаш ва ёритиб беришда муҳим роль ўйнаган атоқли исломий шахсиятлардан бири ҳисобланади.

 

Имом Мотуридий номи билан машҳур бўлган бу улуғ алломанинг тўлиқ исмлари Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Абу Мансур Мотуридий Самарқандий Ансорийдир.

 

Имом Мотуридий Ислом оламида турли ўзгаришлар авж олиб турган, хусусан, ҳар хил ақийдавий фирқалар ўзаро тортишиб турган бир пайтда яшаб, илм-маърифатли бўлдилар.

 

Имом Мотуридий тафсир, ақида ва фиқҳ фанларига оид бир қанча китоблар ёзиб, улкан илмий мерос қолдирган.

 

Ислом тарихидан маълумки, 3-4 ҳижрий асрлардан турли эътиқодий тоифалар ривожланиб, ботил ақидавий фирқалар мусулмон умматини тафриқага сола бошлади. “Сен кофирсан”, “сен мунофиқсан” қабилидаги даъволар кўпайган ўша даврда Имом Мотуридий бизнинг диёрларда етишиб чиқиб саҳобалар, тобеъинлар ва замондошлари: таба тобеъинларнинг соғлом ақидаларини жамлаб, шарҳладилар ва Аҳли сунна ақидасини ҳимоя қилиб, керакли ўринларда раддиялар бердилар, адашганларни тўғри йўлга қайтардилар. 

 

Кейинчалик у кишига эргашганлар Мотуридия ақидавий йўналиши деб атала бошлади. Баъзи жоҳил тоифалар даъво қилгани каби Имом Мотуридий янги дин ёки янги ақида олиб келмаганлар. Балки турли фирқалар томонидан Аҳли сунна вал жамоа ақидасини бузиб талқин қилиш бошланганда Пайғамбаримиз ва саҳобаи киромлар тутган йўл қайси экани шарҳлаб билдирилган. Шу тариқа Мотуридий ҳанафий мазҳаби асосчиси Абу  Ҳанифанинг таълимотига суянган ҳолда, ўзига хос калом мактабини яратди.

 

Аҳамиятли жиҳати, Мотуридия ақидаси Қуръон, ҳадис ва ақл-идрок, мантиқ ва ҳақиқатга яқин экани билан бошқа таълимотлардан ажралиб туради. Имом Мотуридий ўз таълимотида Исломда ўта муҳим бўлган бағрикенглик, мўътадиллик ва инсонийликни тарғиб қилади.

 

Шуни таъкидлаш жоизки, Мотуридия ақидаси асослари  Аҳли сунна вал жамоа ақидасининг асл ўзаги экани барча олимлар томонидан бирдек эътироф этилган.

 

Ислом оламидаги юксак хизматлари учун Имом Мотуридийга мусулмонлар томонидан олий унвонлар берилган. Жумладан, ўрта асрларда турли фирқа ва тоифалар ўзларининг бузғунчилик ҳаракатлари билан аҳли сунна вал жамоа мазҳабига таҳдид солганида унинг ҳимоясига тургани учун “Мусаҳҳиҳу ақийдата аҳлис-сунна”, яъни “Аҳли сунна ақидасини тўғриловчи” унвон берилган.

 

Бундан ташқари, Мотуридийни улуғлаб “Имом ал-ҳуда” (Ҳидоят йўли имоми) ва “Имом ал-мутакаллимин” (Мутакаллимлар имоми) каби номлар билан ҳам атаганлар.

 

Дарҳақиқат, Имом Мотуридий нафақат Марказий Осиёда, балки бутун Ислом оламида ўзининг муносиб ўрнига эга бўлган диний арбоблардан ҳисобланади.

 

Имом Мотуридийнинг ислом умматига қилган энг катта хизмати, Ислом умматини яна қайтадан жамлаш, Аҳли сунна вал жамоа эътиқоди атрофида бирлаштириш бўлди. Бугунги кунимизда ҳам ўтмишдаги каби ислом умматида бўлиниш, фирқаланиш, ўзгани куфр ва нифоқда айблаш борган сари кўпайиб бормоқда.

 

Баъзи бир адашган оқимлар томонидан қўштирноқ ичидаги “фатволар” инсонларни ислом маърифатидан узоқлаштиришга сабаб бўлмоқда. Айниқса, уларнинг “жиҳод”, “байъат”, “такфир”, “бемазҳаблик”, “ҳижрат” каби масалалардаги асоссиз “фатволари” ноҳақ қон тўкилишига олиб бормоқда ва инсонларнинг кафолатланган ҳуқуқларига раҳна солинишига сабаб бўлмоқда.

 

Бугун биз ҳам ўтмиш мужтаҳид зотларнинг илмий меросини чуқур ўрганишимиз ҳамда унинг инсонпарварлик ғояларини кенг мусулмонлар оммасига тарғиб этишимиз, униб, ўсиб келаётган ёшларимиз тафаккурини ақоид масаласида Имом Мотуридий каби улуғ алломаларимиз маънавий мероси негизида тўғри шакллантириш лозим.

 

Бинобарин, Имом Мотуридий илмий мероси бугунги кун учун ҳам катта амалий аҳамият касб этиб, ақидавий адашган баъзи бузғунчи гуруҳларни фош этишда муносиб ҳиссасини қўшиши, шубҳасиз.

 

Ўткирбек СОБИРОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Бош мутахассиси

 

“Шарҳу ақоиди Насафия” асарини ўзбек тилига илмий-изоҳли таржимаси ҳамда

унинг андроид ва мультимедиа дастурларини тайёрлаш бўйича лойиҳа аъзоси

МАҚОЛА