Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
06 Октябр, 2024   |   03 Рабиъус сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:07
Қуёш
06:25
Пешин
12:16
Аср
16:12
Шом
17:59
Хуфтон
19:12
Bismillah
06 Октябр, 2024, 03 Рабиъус сони, 1446
Янгиликлар

Президент мустақиллик байрами арафасида 522 кишини афв этди

30.08.2024   4379   1 min.
Президент мустақиллик байрами арафасида 522 кишини афв этди

Инсонпарварликнинг юксак намунаси

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев энг азиз умуммиллий байрамимиз – Ватанимиз мустақиллиги эълон қилинганининг ўттиз уч йиллигини нишонлаш арафасида давлатимиз томонидан олиб борилаётган гуманистик сиёсатнинг амалий тасдиғи сифатида “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармонни имзолади.

Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 109-моддаси 23-бандига асосан жазо муддатини ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 522 нафар шахс афв этилди.

Афв этилган шахсларнинг 159 нафари асосий жазодан озод этилди, 303 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 60 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилди. 

Афв этилганларнинг  19 нафарини чет эл фуқаролари, 56 нафарини аёл, 25 нафарини 60 ёшдан ошган эркак, 233 нафарини ёшлар (шулардан, 1 нафари вояга етмаган) ҳамда 27 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади.

Фармон ижроси юзасидан афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак бериш бўйича масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди.

ЎзА

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

Ёшлар маънавиятига таҳдид

26.09.2024   2899   2 min.
Ёшлар маънавиятига таҳдид

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ҳозирги кунда миллий қадриятларимизга таҳдид солаётган “Оммавий маданият” кўпчиликни ташвишга солмоқда. Замонавий тараққиёт ва илғор технология билан ҳамнафас бўлишлик қувонарли ҳол. Бироқ, глобаллашув жараёнларида турли ғоялар кураши, ахборот хуружлари, мафкуравий тазйиқларнинг тобора авж олаётгани ташвишланарли ҳолатдур. Бугун арзимасдек туюлган кичик хабар ҳам эртага ёшларнинг ҳаётига катта салбий таъсир қилмоқда.

Аслида, “Оммавий маданият” соясида кириб келаётган ахлоқсизлик, беҳаёлик, зўравонлик ва бузуқлик каби ёмон иллатлар дунёдаги ҳеч бир халқнинг миллий маданиятига ҳам, умумбашарий қадриятларига ҳам мос келмайди. Бизнинг ота-боболаримиз ва момоларимиз ҳаётини ўрганар эканмиз, улардан оладиган ибратларимиз ҳали анча кўп эканини ҳис қиламиз.

Ҳақиқатан ҳам, уруш ва очарчиликни бошидан кечирган бобо ва момоларимиз бизга болаликдан бошлаб нонни кўзимизга суртиб эъзозлашни ўргатганлар. Бу бизнинг буюк қадриятимизга айланган. Шу маънода, Яратганнинг бебаҳо неъматларини, ҳаётдаги ижобий ўзгаришларни қадрлаш туйғусини фарзандларимиз қалбига ёшлигидан сингдириб боришимиз зарур.

Айниқса бизнинг заминимизда туғилиб ўсган, жаҳон маданияти ва цивилизациясига ўз ҳиссаларини қўшган Имом Бухорий, Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек ва бошқа кўплаб буюк зотларнинг авлодлари ҳеч қачон инсоний фитратга мос келмайдиган шаҳвоний туйғуларга эргашмасликлари керак.

Зеро, халқимизнинг маънавиятларига йўғрилган ор-номус, уят ва андиша, шарму-ҳаё каби тушунчалар бизнинг соф қонимизда мавж урмоқда. Уларни нобуд қилиш – бутун миллатимиз маънавиятига хиёнат бўлур. Айниқса, кексаларга ҳурмат, ота-онага эҳтиром, мардлик ва жасурлик сингари туйғуларимиз узоқ ўтмишдан бугунги кунгача ўз кўрку тароватини, миллийлигимизни кўрсатиб турадиган қадрият ва урф-одатларимиз бутун дунё халқларига ибрат бўлган. Шу маънавиятимиз замиридаги юксак инсоний ғоялар бугунги кунда ҳам бутун Ғарб халқлари томонидан эътироф этилмоқда.

Улуғбек қори ЙЎЛДОШЕВ