Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев энг азиз умуммиллий байрамимиз – Ватанимиз мустақиллиги эълон қилинганининг ўттиз уч йиллигини нишонлаш арафасида давлатимиз томонидан олиб борилаётган гуманистик сиёсатнинг амалий тасдиғи сифатида “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармонни имзолади.
Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 109-моддаси 23-бандига асосан жазо муддатини ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 522 нафар шахс афв этилди.
Афв этилган шахсларнинг 159 нафари асосий жазодан озод этилди, 303 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 60 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилди.
Афв этилганларнинг 19 нафарини чет эл фуқаролари, 56 нафарини аёл, 25 нафарини 60 ёшдан ошган эркак, 233 нафарини ёшлар (шулардан, 1 нафари вояга етмаган) ҳамда 27 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади.
Фармон ижроси юзасидан афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак бериш бўйича масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди.
ЎзА
Наманган вилояти бош имом хатиби Мусохон домла Аббосиддинов ёш диний соҳа ходимлари билан дилдан суҳбат қуриб, уларнинг фикр-мулоҳазаларини тинглади.
Мусохон домла ўз нутқларида юртимизда ёшларга берилаётган кенг имкониятларни сўзлаш баробарида ёш соҳа ходимларини касб-маҳоратларини доимий ошириб бориш, ўз устида мунтазам ишлашга чақириб, бугунги давр билан ҳамнафас бўлиш, замонавий илм-фанни пухта эгаллаш ва ахборот технологияларидан унумли фойдаланиш зарурлигини ўқтирди.
Шунингдек, пешволик мақоми, мавъиза қилиш одоблари, белгиланган тартиб-қоидаларга риоя этиш ва дин ғами, халқ дарди ва Ватан тақдирини ўйлаб, туну кун хизмат қилиш кераклигини таъкидлади.
Учрашув сўнгида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг "Ёшларга насиҳатим" китоблари тарқатилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Наманган вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати