Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев энг азиз умуммиллий байрамимиз – Ватанимиз мустақиллиги эълон қилинганининг ўттиз уч йиллигини нишонлаш арафасида давлатимиз томонидан олиб борилаётган гуманистик сиёсатнинг амалий тасдиғи сифатида “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармонни имзолади.
Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 109-моддаси 23-бандига асосан жазо муддатини ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 522 нафар шахс афв этилди.
Афв этилган шахсларнинг 159 нафари асосий жазодан озод этилди, 303 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 60 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилди.
Афв этилганларнинг 19 нафарини чет эл фуқаролари, 56 нафарини аёл, 25 нафарини 60 ёшдан ошган эркак, 233 нафарини ёшлар (шулардан, 1 нафари вояга етмаган) ҳамда 27 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади.
Фармон ижроси юзасидан афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак бериш бўйича масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди.
ЎзА
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Аллоҳ таолонинг шундай фаришталари борки улар кўчаларда Аллоҳ таолони зикр қилаётган кишиларни қидириб юрадилар. Агар Аллоҳ таолони зикр қилаётган бирор жамоатни учратсалар қолган шерикларига, “сизлар қидираётган жамоатни топдим бу ерга келинглар” деб чорлайди. Барча фаришталар Аллоҳни зикр қилаётган жамоатни ҳалқа бўлиб қанотлари билан ўраб оладилар токи уларнинг қанотлари осмон дунёсига қадар етиб боради. Шунда Аллоҳ таоло ўзи билиб турса ҳам фаришталарга: “Бандаларим нима деяптилар?” деб савол беради.
Фаришталар: “Сенга тасбеҳ, такбир, ҳамд айтиб улуғлашяпти”, дейдилар. Аллоҳ таоло: “Улар мени кўришганми?” деб сўрайди.
Фаришталар: “Агар Сени кўрганларида, Сенга янада қаттиқроқ ибодат қилишар, Сени янада қаттиқроқ улуғлашар ва Сенга янада кўпроқ тасбеҳ айтишар эди”. дейишади.
Аллоҳ таоло: “Бандаларим мендан нимани сўраяптилар?” дейди.
Фаришталар: “Сендан Жаннатни сўрайдилар”, деб айтадилар. Шунда Аллоҳ таоло: “Улар Жаннатни кўрганмилар?” деб сўрайди.
Фаришталар: “Қасамки улар жаннатни ҳаргиз кўришмаган”, дейдилар. Аллоҳ таоло: “Агар Жаннатни кўрсалар қандай холатда бўлишарди?” дейди.
Фаришталар: “Агар улар жаннатни кўрсалар унга янада ҳарис, қаттиқроқ интилувчан ва кўпроқ рағбатли бўлишарди”.
Аллоҳ таоло: “Бандаларим нимадан паноҳ сўрашяпти?” деб сўрайди.
Фаришталар: “Жаҳаннамдан”, деб жавоб берадилар.
Аллоҳ таоло: “Улар Жаҳаннамни кўрганмилар?” деб айтади.
Фаришталар: “Қасамки йўқ, улар уни кўришмаган”, дейдилар.
Аллоҳ таоло: “Агар уни кўрсалар қандай бўларди?” деб сўрайди.
Фаришталар: “Агар улар Жаҳаннамни кўрганларида ундан қаттиқроқ қочиб, янада кўпроқ қўрқишарди”, дейдилар.
Аллоҳ таоло: “Сизлар гувоҳ бўлинг, Мен уларнинг барчаларини мағфират қилдим”, деб айтади. Шунда фаришталардан бири: “Роббим уларнинг ичида фалончи ўзининг иши учун улар орасида, аслида улардан эмас эди”, дейди.
Аллоҳ таоло айтади: “Улар шундай суҳбатдошки, уларнинг суҳбатдоши ҳам бахтсиз бўлмайди” (Имом Бухорий ривояти).
Ушбу ҳадиси қудсийдан олинадиган фойдалар:
1) фаришталар доимо Аллоҳ зикр қиладиган банларни излаб юриши, зикр ҳалқаларини қидириши, учратганда эса хурсанчиликларидан бир бирини чорлашлари;
2) зикр қилаётган бандаларни фаришталар халқасимон бўлиб атрофларини ўраб олиши;
3) Аллоҳ таоло фаришталардан билиб туриб бандалари ҳақида сўраши ва бу билан одам болаларининг фазилатини кўрсатиб қўйиши;
4) Жаннатнинг васфини билган мусулмон Роббисига янада қаттиқроқ ибодат қилиши ва жаннат талабида бўлиши;
5) Жаҳаннамнинг тавсифини эшитган мусулмон унга олиб борувчи амаллардан тобора узоқ бўлиши;
6) Аллоҳни кўп зикр қилган бандаларини гуноҳларини Роббиси кечирганлигига Ўзини гувоҳ қилиши;
7) зикр мажлисларига зикр учун эмас балки ўзининг ҳожатлари учун бўлса ҳам келган бандани Аллоҳ таоло мағфират қилиши;
8) ибодатнинг барча турлари: илм олиш, Қуръон тиловат қилиш ёки уни тинглаш, зикр, таҳлил, истиғфор айтиш каби солиҳ амаллар зикр мажлисларига киради.
Ҳумоюн ТОШБОЛТОЕВ