Мустабид тузум даврида минглаб бегуноҳ ватандошларимизнинг умри хазон бўлган.
1937-53 йилларда Ўзбекистонда 100 минг одам қатағонга учраган.
Уларнинг 13 минг нафари шафқатсиз отиб ташланган.
Қанчадан-қанча оилалар хонавайрон бўлиб, болалар етим қолган. Биргина 1937-38 йиллардаги катта қатағон даврида 7 мингга яқин ватандошимиз отилган.
2002 йил 31 августда Тошкент шаҳри Юнусобод туманида ташкил этилган “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуаси ҳудудида озодлик ва мустақиллик учун курашган фидойилар хотирасини ёд этиш мақсадида “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи очилган.
Музейнинг илмий экспозициясини шакллантириш борасида муайян ишлар амалга оширилган.
150 дан зиёд архив ҳужжатлари, 100 дан ортиқ тарихий фотосурат, 100 га яқин ашёвий буюмлар, 175 та китоб, кўплаб вақтли матбуот нашрларининг намуналари излаб топилди ва улар музей экспозициясидан ўрин эгаллаган (https://t.me/grandtalim/9284).
Cавол: Ҳазрати Умарнинг: “Менда жоҳилиятдан бирор нарса қолмади. Фақатгина мусулмонлардан қайси аёлга уйланишим ва кимга қиз беришимга парво қилмайман”, деган гапларини қандай тушунамиз?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Муҳаммад ибн Сийриндан, у эса буюк саҳоба Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан нақл қилган саволда зикр қилинган ривоятни тўлиқ шакли қуйидагича:
عَنْ مُحَمَّدِ بْنِ سِيرِينَ ، قَالَ : قَالَ عُمَرُ بْنُ الْخَطَّابِ : مَا بَقِيَ فِي شَيْءٍ مِنْ أَخْلاَقِ الْجَاهِلِيَّةِ ، إلاَّ أَنِّي لاَ أُبَالِي إلى أَيَّ الْمُسْلِمِينَ نَكَحْت وَأَيَّهُمْ أَنْكَحْت.
“Менда жоҳилият ахлоқидан бирор нарса қолмади. Фақатгина қайси муслима аёлга уйланишим ва қайси мусулмонга қизимни никоҳлаб беришимга парво қилмайман” (Ибн Абу Шайба “Мусаннаф”да, Ибн Саъд “Табақот”да ривоят қилишган).
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ушбу гапларида никоҳдаги тенглик ҳақида сўз юритилмоқда. Шунинг учун ҳам муҳаддислар ушбу ривоятни “Кафоат боби – никоҳдаги ўзаро тенглик” мавзусида келтиришган. Яъни, мусулмонларнинг барчалари никоҳда, ўзаро қуда-андачиликда бир-бирларига тенгдирлар. Улар наслу насабга қараб одамларни ажратишлари ва бу борада ҳаддан ошишлари тўғри эмасдир. Шунинг учун "мен кимнинг қизига уйланишим ва кимга қизимни никоҳлаб беришимнинг аҳамияти йўқ. Бунда фақатгина унинг мусулмон бўлиши кифоя”, дейилмоқда.
Дарҳақиқат, жоҳилият даврида одамларга наслу насабига қараб муомала қилиш, насли пастроқ кишиларни одам ўрнида кўрмаслик авж олган эди. Ислом дини келиб, бу тушунчалар мутлақо нотўғри эканини, одамлар аслида бир мартабада эканларини, фақатгина тақволари билан бир-бирларидан ортиқ эканларини баён қилди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом саҳобаларига қарата бундай мурожаат қилганлар:
"إن الله قد أذهب عنكم عُـبـِّية الجاهلية وتعاظمها بآبائها ، الناس رجلان : بَـرٌّ تقي كريم على الله عز وجل ، وفاجر شقي هيِّن على الله عز وجل ، الناس كلهم بنو آدم ، وخلق الله آدم من تراب" (رواه الترمذي).
“Аллоҳ сизлардан жоҳилият давридаги ота-бобоси билан фахрланиш ва кибрланиш одатини кетказди. Одамлар икки тоифадирлар: Аллоҳ таолонинг ҳузурида қадр топган – солиҳ ва тақволи киши ҳамда Аллоҳ таолонинг ҳузурида қадрсиз – фожир ва бахтсиз киши. Одамларнинг барчаси Одамнинг фарзандларидир. Одамни эса, Аллоҳ таоло тупроқдан яратган”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
Шундан келиб чиқиб, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ҳам никоҳда мусулмонлар ўзаро тенг экани ва наслу насабга кўра одам ажратиш нотўғри эканини айтмоқдалар. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.