31 август – Қатағон қурбонларини ёд этиш куни. Шу муносабат билан Шаҳидлар хотираси хиёбонига давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, зиёлилар йиғилди.
Маросимда Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этди.
Аждодлар ҳақига Қуръон тиловат қилинди. Элга ош тортилди.
Бу маросим Мустақиллик байрами билан ҳамоҳанг ўтиши, миллат ойдинлари ёдга олинишидан кўнгил энтикади. Бу Ватанга фидойилик йиллар ўтса-да қадрланиши, ҳеч бир эзгу иш изсиз кетмаслигини англатади.
Хиёбондаги рамзий қабр ёнида ҳам Қуръон тиловат қилинди. Тарихий ҳақиқатни тиклаш, ёшларни шу руҳда тарбиялаш ҳақида мулоқот бўлди.
– Мустақиллик байрами арафасида, бугунги тинчлик, эркинлик шароитида қаҳрамон боболаримизнинг пок номларини эслаш, табаррук хотираларига эҳтиром кўрсатиш биз учун ҳам қарз, ҳам фарз, – деди Шавкат Мирзиёев. – Шу боис дунёдан ўтган ватандошларимизнинг ҳам қадрини тиклаяпмиз. “Инсон – азиз, хотира – муқаддас” деган эзгу шиор ҳаётимиздан мустаҳкам жой олаяпти. Табаррук ёдгорлик мажмуалари бунёд этаяпмиз. Маърифатпарвар боболаримиз ҳақида бадиий ва илмий асарлар, кинофильмлар яратилмоқда. “Хотира” китоблари тайёрланмоқда. Халқаро конференциялар ўтказилмоқда. Мана, сўнгги уч йил ичида 1 минг 200 дан зиёд сиёсий қатағон қурбонларининг номини оқладик. Бу нимани англатади? Бу – адолат синмаслигини, ҳақиқат барибир тантана қилишини англатади.
Ўтган йилги маросимда давлатимиз раҳбари жойлардаги қатағон қурбонларини аниқлаш, бу борада тадқиқотларни кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берган эди.
Шу асосида жорий йил 19 июль куни “Сиёсий қатағон қурбони бўлган юртдошларимиз ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, тарғиб этиш ҳамда уларнинг хотирасини абадийлаштириш борасидаги ишларни кенгайтириш тўғрисида” Президент қарори қабул қилинди. Унга мувофиқ, бу ишларни мувофиқлаштириш бўйича республика комиссияси тузилиб, Мудофаа вазирлиги бошчилигида бир қатор мутасадди ташкилотлар бириктирилди.
Давлатимиз раҳбари ушбу қарорнинг моҳияти ва мақсади ҳақида гапирди:
– Шу пайтгача қатағон қурбонларининг тўлиқ рўйхати шакллантирилмаган эди. Ҳолбуки, бу рўйхатдаги ҳар бир рақам ортида инсон тақдири бор. Шаҳид кетган, қатағон қилинган ҳар бир юртдошимизнинг ҳаёти – қаҳрамонлик. Шу боис биз қарорда қатағон қурбонларини номма-ном аниқлаш, уларнинг ибратли ҳаётини ўрганиш ва тадқиқ этиш масаласига алоҳида эътибор қаратдик. Тарихий ҳақиқатни тиклаш мақсадида уларнинг табаррук номларини кўп жилдлик “Қатағон қурбонлари” китобига ҳамда мана шу мажмуада барпо этиладиган рамзий китоб саҳифаларига ёзиб қўямиз. Афсуски, чет давлатларда, ҳатто ўзимиздаги архивларда бу масалага оид барча маълумотларни ҳам тўлиқ ўрганганимиз йўқ. Шу сабабли, бу борада илмий экспедициялар ташкил этиш белгиланди. Энди ҳар йили октябрь ойининг биринчи ҳафтасини мамлакатимизда Сиёсий қатағон қурбонларини ёд этиш ҳафталиги сифатида нишонлаймиз.
Нима учун бу вақт танланди? Чунки 1938 йил 4-16 октябрь кунлари 507 нафар ўзбекистонлик сиёсий маҳбус устидан ҳукм ўқилган. Энг етакчи шахслар қатл этилган. Улар орасида Фитрат, Чўлпон, Абдулла Қодирий, Худойберган Девонов каби етук зиёлиларимиз, Германияда ўқиб келган илғор мутахассислар, таниқли давлат ва жамоат арбоблари бўлган. Энг даҳшатли томони – улар 4 октябрда қатл этилган, ҳукм 5 октябрда чиқарилган.
- Бу сана халқимиз тарихидаги энг қайғули кунлардан биридир. Шунинг учун бу ҳафталикни катта тайёргарлик билан, бирдамликда ўтказишимиз керак, – дея таъкидлади Президент.
Қарорга кўра, мазкур ҳафталик давомида аҳоли ўртасида учрашувлар, турли кўргазма ва танловлар, шу мавзудаги кино намойишлари ўтказилади. Вилоят, туман ва шаҳарлар ҳокимлари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, бошқа масъул шахслар қатағон қурбонлари яшаб ўтган хонадонларга кириб, уларнинг авлодларидан хабар олади.
Фидойи аждодларимиз туғилиб ўсган, яшаган хонадонларга эсдалик лавҳалари ўрнатилади. Улар яшаган маҳаллалар ва мактабларда Хотира бурчаклари ташкил этилади.
Шу тариқа одамлар қатағонга учраган маҳалладошлари ҳақидаги маълумотлар билан танишади. Мустақиллик қандай оғир йўқотишлар эвазига қўлга киритилган буюк неъмат эканини англаб етади. Халқимиз қандай машъум кунларни бошдан кечирганини тушунади. Фидойи аждодларимиз энг оғир пайтларда ҳам виждонини, миллий ўзлигини сақлаб қолганини юракдан ҳис қилади.
Мулоқотда Бош вазирга ушбу ишларни ташкил этиш ва ижросини назоратга олиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Маълумки, сўнгги йилларда Тошкентдаги “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи реконструкция қилиниши билан бирга, Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда ҳам шундай музейларни ташкил этилди. Айниқса, Андижон, Бухоро, Қарши, Фарғона вилоятларидаги музейлар эътиборга молик.
Президент бундай хайрли ишларни давом эттириш, жадидлар ҳаётига оид ноёб ҳужжат ва экспонатлар билан жамоатчиликни кенгроқ таништириш кераклигини таъкидлади.
– Тўғри, кейинги вақтларда бу борадаги ишларимиз янги босқичга кўтарилди. Кўп номаълум номлар аниқланди. Китоблар, кинолар чиқарилди. Лекин буям кам. Бу борада ҳам маҳаллабай изланиш олиб бориш, бунга барча зиёлилар, нуронийлар, ҳуқуқ ҳимоячилари ҳисса қўшиши мақсадга мувофиқ. Бу қадриятга, умуммиллий ҳаракатга айланиши керак, – деди давлат раҳбари.
Тадқиқотчиларни моддий рағбатлантириш, архив маълумотларини очиқлаш, тарихни ёшларга тўғри етказиш муҳимлиги қайд этилди.
– Биз нима учун Имом Бухорий музейини ташкил қилаяпмиз? Нима учун тарихий кинолар ишлатаяпмиз? Чунки энг катта мактаб, энг катта тарбия – тарихнинг ўзи. Ёшларимиз тарихимизни яхши билиши, бошқалардан эмас, ўзимизнинг боболаримиздан намуна олиши керак. Бунинг асосини мукаммал қилиб, ёшларга муносиб тилда, қизиқарли тарзда, ижтимоий тармоқлар орқали етказиш, жамиятга сингдириш зарур. Ёш авлодни шу руҳда тарбияласак, ўз танлаган йўлимиздан қатъий бора оламиз, – деди давлатимиз раҳбари.
Дунёда хавф-хатарлар кучайиб, миллий ўзлик, эзгулик, қадрият каби тушунчалар заволга юз тутаётгани ёдга олинар экан, юртимиздаги тинчлик-осойишталикнинг қадри яққол намоён бўлади.
– Мустақиллик – Аллоҳ таолонинг эл-юртимизга энг катта марҳамати, неъмати. Ҳар бир кун, ҳар бир йилнинг қадрига етиб, шукроналик ҳисси билан яшаш керак. Аждодларимизни эъзозлаш, халқни рози қилиш бўйича савоб ишларни кўп қилсак, Худо доимо йўлимизни очиб беради, – деди Президент.
Ватан манфаати йўлида фидо бўлганларнинг охиратлари обод бўлсин, тинч-осойишта юртимизни Парвардигор ўз паноҳида асрасин, дея дуолар қилинди.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Мусулмонлар доимо уст-бошларига покиза ва виқор берадиган кийимлар кийиб келади. Ислом дини, ҳам ташқи, ҳам ички покликни шариъат талабларига мувофиқ жорий қилган. Аллоҳ таоло гўзалдир, гўзалликни яхши кўради. Салла ана шу ташқи кўринишдаги гўзалликнинг бир қисми бўлиб, бошқа кийимларга қараганда ўзига хос маданиятни англатади. Салла мусулмонларнинг узоқ тарихга эга бош кийими ҳисобланади. У бошга ўраладиган мато бўлиб, кишилар уни вазиятга ва жамиятдаги урфга кўра ўраб юришган. Гарчи уни ўрашнинг бир неча усуллари мавжуд бўлса ҳам, маълум шакли ва ранги талаб қилинмайди.
Салла иссиқдан, совуқдан ва чанг тўзондан ҳимояланадиган бош кийими бўлиб, бу ҳақда машҳур тобеъийн, «Наҳв» фани асосчиларидан бири Абуласвад Дувалий айтган: “Салла жангда қалқон, иссиқда соябон, совуқдан ҳимоя, воизга виқор, турли тасодифлардан сақловчи, инсон қоматига зийнатдур”. Қадимдан салла эркакларнинг мурувватини ва қавм орасидаги обрў-эътиборини билдирган.
Ҳатто ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу, салла арабларнинг тожидур, деганлар. Салла кийиш борасида келган ҳадислар шариъат талаб даражасида жорий қилишга етадиган қувватли эмас, лекин Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг қавмлари одатига кўра салла ўраганликлари сийратлари ва кундалик ҳолатлари борасида келган ривоятларда айтилган бўлиб, улардан баъзиларини келтириб ўтамиз:
عن إبن عمر رضي الله عنهما مرفوعا: ” عليكم بالعمائم فإنها سيما الملائكة وأرخوها خلف ظهوركم”
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан Набий алаҳиссаломгача етиб борган санад билан ривоят қилинган ҳадисда: “Саллаларни лозим тутинглар, зеро бу фаришталарнинг сиймосидур ва унинг пешини ортингизга ташлаб олинглар”, деганлар.
عن ابن عباس رضي الله عنهما مرفوعا: اعتموا تزدادوا حلما
.Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Набий алаҳиссалом: “Салла кийинглар, ҳалимлигингиз зиёда бўлади”, дедилар
عن ركانة قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: فرق بيننا وبين المشركين العمائم على القلانس
Салла ўраш борасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази 833-cаволга жавоб берган. Жавобда шундай дейилган:
“Ўтмишда аҳли илм ва фазилатли кишилар ва кўпчилик маърифатпарвар аждодларимиз саллада юришни одат қилганлар. Лекин шуни ҳам таъкидлаб ўтишимиз керакки, Расули акрам алайҳиссаломнинг ушбу кийиниш одатлари шариъат буйруғи сифатида қабул қилинмаган. Бирор бир олим салла киймаган киши гуноҳкор бўлишини айтмаган. Балки, Ислом келганида эркаклар саллада юришлари урф-одатлардан бири бўлиб, бу борада кофир ҳам мусулмон ҳам баробар бўлган. Бу ҳақда Иордания фатво ҳайъати уламолари шундай дейишади:
وأما لبس النبي صلى الله عليه وسلم العمامة وحمله العصا فهو فعل عادي وقع على عادة العرب ذلك الزمن، وليس فعلا تشريعيا يدل على الاستحباب ولا يتأسى به الناس.
“Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг салла кийишлари ва ҳасса тутишлари одатий феълларидан бўлиб, ўша замон арабларининг урфларига биноан қилинар эди. Бу ишлар мустаҳабликка далолат қиладиган ва одамлар ўрнак оладиган шаръий ҳукмлардан эмас”.
Бош кийимларидан яна бири бу дўппидир. Ҳар бир миллатнинг ўзига хослигини билдириб турувчи либоси бўлиб, миллатнинг маданияти ва баъзи ўринларда динига ҳам далолат қилади. Шунинг учун ҳам ҳар бир миллат ўзлигини сақлаб қолиш учун миллий кийимлар, миллий урф-анъаналар, байрамларини сақлаб қолишга ҳаракат қилади. Айниқса бош кийим бошқа либослардан кўра ўзига хос ўрин тутади, чунки инсон танасидаги аъзолар ичида бош энг азиз аъзо ҳисобланади. Шу эътибордан бош кийимни оёқ остида қолиб кетмаслигига алоҳида эътибор қаратилади.
Шаръий китобларимизга ҳам дўппи масаласи киритилган бўлиб, уламоларимиз баъзи оятлар ва ҳадислардаги маъноларнинг далолатидан сабабсиз бош кийим киймай намоз ўқиш макруҳ деб айтганлар.
Аллоҳ таоло Аъроф сураси 26-оятида: “Эй, Одам болалари, батаҳқиқ, сизларга авратингизни тўсадиган либос ва зийнат либосини нозил қилдик. Тақво либоси, ана ўша яхшидир. Ана ўшалар Аллоҳнинг оят-белгиларидандир. Шоядки эсласалар”.
Шайх Полонпурий ҳазратлари оятдаги тақво либоси тақводор киши киядиган либоси деб тафсир қилган.
Аъроф сурасининг 31-оятида: “Эй, Одам авлоди! Ҳар бир масжид (намоз) олдидан зийнатларингизни (кийиб) олингиз!”.
Муфассирлар ушбу оятдаги зийнатдан мурод – киши учун виқор бағишлайдиган кийимлар эканига иттифоқ қилишган.
Бош кийимсиз намоз ўқиш борасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази 109-cаволга жавоб берган:
“Кўплаб мўътабар уламолар бундан бир неча аср муқаддам ўз китобларида ушбу масалага тўхталиб, унинг ҳукмини очиқ-ойдин ёзиб кетганлар. Жумладан: Аллома Ҳаскафий ўзининг “Дуррул мухтор” китобида намоздаги макруҳ амалларни санаб, шундай деган:
وَصَلَاتُهُ حَاسِرًا رَأْسَهُ لِلتَّكَاسُلِ, وَلَا بَأْسَ بِهِ لِلتَّذَلُّلِ ، وَلَوْ سَقَطَتْ قَلَنْسُوَتُهُ فَإِعَادَتُهَا أَفْضَلُ إلَّا إذَا احْتَاجَتْ لِتَكْوِيرٍ أَوْ عَمَلٍ كَثِيرٍ
“Намозхон (бош кийим кийишга) эринчоқлик қилиб, ялангбош ҳолда намоз ўқиши намознинг макруҳларидандир. Агар ўзини хокисор тутиш учун шундай қилса, зарари йўқ. Агар бош кийими (намоз асносида бошидан) тушиб кетса уни қайтариб олиши афзалдир. Лекин, уни ўрашга ёки кўп ҳаракат қилишга эҳтиёж бўлса, бундай қилмайди”.
Қолаверса, бош кийим билан намоз ўқиш одоб, намозга ҳурмат ҳисобланади. Шунинг учун намозни бош кийим билан ўқиш афзал”.
Муртазоев Арабхон,
Тошкент Ислом институти талабаси.