Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
05 Октябр, 2024   |   02 Рабиъус сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:06
Қуёш
06:24
Пешин
12:16
Аср
16:13
Шом
18:01
Хуфтон
19:14
Bismillah
05 Октябр, 2024, 02 Рабиъус сони, 1446
Янгиликлар

Шавкат Мирзиёев: Энг катта мактаб, энг катта тарбия – тарихнинг ўзи

31.08.2024   5087   6 min.
Шавкат Мирзиёев: Энг катта мактаб, энг катта тарбия – тарихнинг ўзи

31 август – Қатағон қурбонларини ёд этиш куни. Шу муносабат билан Шаҳидлар хотираси хиёбонига давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, зиёлилар йиғилди. 

Маросимда Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этди.

Аждодлар ҳақига Қуръон тиловат қилинди. Элга ош тортилди.

Бу маросим Мустақиллик байрами билан ҳамоҳанг ўтиши, миллат ойдинлари ёдга олинишидан кўнгил энтикади. Бу Ватанга фидойилик йиллар ўтса-да қадрланиши, ҳеч бир эзгу иш изсиз кетмаслигини англатади.

Хиёбондаги рамзий қабр ёнида ҳам Қуръон тиловат қилинди. Тарихий ҳақиқатни тиклаш, ёшларни шу руҳда тарбиялаш ҳақида мулоқот бўлди.

– Мустақиллик байрами арафасида, бугунги тинчлик, эркинлик шароитида қаҳрамон боболаримизнинг пок номларини эслаш, табаррук хотираларига эҳтиром кўрсатиш биз учун ҳам қарз, ҳам фарз, – деди Шавкат Мирзиёев. – Шу боис дунёдан ўтган ватандошларимизнинг ҳам қадрини тиклаяпмиз. “Инсон – азиз, хотира – муқаддас” деган эзгу шиор ҳаётимиздан мустаҳкам жой олаяпти. Табаррук ёдгорлик мажмуалари бунёд этаяпмиз. Маърифатпарвар боболаримиз ҳақида бадиий ва илмий асарлар, кинофильмлар яратилмоқда. “Хотира” китоблари тайёрланмоқда. Халқаро конференциялар ўтказилмоқда.  Мана, сўнгги уч йил ичида 1 минг 200 дан зиёд сиёсий қатағон қурбонларининг номини оқладик. Бу нимани англатади? Бу – адолат синмаслигини, ҳақиқат барибир тантана қилишини англатади. 

Ўтган йилги маросимда давлатимиз раҳбари жойлардаги қатағон қурбонларини аниқлаш, бу борада тадқиқотларни кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берган эди. 

Шу асосида жорий йил 19 июль куни “Сиёсий қатағон қурбони бўлган юртдошларимиз ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, тарғиб этиш ҳамда уларнинг хотирасини абадийлаштириш борасидаги ишларни кенгайтириш тўғрисида” Президент қарори қабул қилинди. Унга мувофиқ, бу ишларни мувофиқлаштириш бўйича республика комиссияси тузилиб, Мудофаа вазирлиги бошчилигида бир қатор мутасадди ташкилотлар бириктирилди.

Давлатимиз раҳбари ушбу қарорнинг моҳияти ва мақсади ҳақида гапирди:

– Шу пайтгача қатағон қурбонларининг тўлиқ рўйхати шакллантирилмаган эди. Ҳолбуки, бу рўйхатдаги ҳар бир рақам ортида инсон тақдири бор. Шаҳид кетган, қатағон қилинган ҳар бир юртдошимизнинг ҳаёти – қаҳрамонлик. Шу боис биз қарорда қатағон қурбонларини номма-ном аниқлаш, уларнинг ибратли ҳаётини ўрганиш ва тадқиқ этиш масаласига алоҳида эътибор қаратдик. Тарихий ҳақиқатни тиклаш мақсадида уларнинг табаррук номларини кўп жилдлик “Қатағон қурбонлари” китобига ҳамда мана шу мажмуада барпо этиладиган рамзий китоб саҳифаларига ёзиб қўямиз. Афсуски, чет давлатларда, ҳатто ўзимиздаги архивларда бу масалага оид барча маълумотларни ҳам тўлиқ ўрганганимиз йўқ. Шу сабабли, бу борада илмий экспедициялар ташкил этиш белгиланди. Энди ҳар йили октябрь ойининг биринчи ҳафтасини мамлакатимизда Сиёсий қатағон қурбонларини ёд этиш ҳафталиги сифатида нишонлаймиз.

Нима учун бу вақт танланди? Чунки 1938 йил 4-16 октябрь кунлари 507 нафар ўзбекистонлик сиёсий маҳбус устидан ҳукм ўқилган. Энг етакчи шахслар қатл этилган. Улар орасида Фитрат, Чўлпон, Абдулла Қодирий, Худойберган Девонов каби етук зиёлиларимиз, Германияда ўқиб келган илғор мутахассислар, таниқли давлат ва жамоат арбоблари бўлган. Энг даҳшатли томони – улар 4 октябрда қатл этилган, ҳукм 5 октябрда чиқарилган.

Бу сана халқимиз тарихидаги энг қайғули кунлардан биридир. Шунинг учун бу ҳафталикни катта тайёргарлик билан, бирдамликда ўтказишимиз керак, – дея таъкидлади Президент.

Қарорга кўра, мазкур ҳафталик давомида аҳоли ўртасида учрашувлар, турли кўргазма ва танловлар, шу мавзудаги кино намойишлари ўтказилади. Вилоят, туман ва шаҳарлар ҳокимлари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, бошқа масъул шахслар қатағон қурбонлари яшаб ўтган хонадонларга кириб, уларнинг авлодларидан хабар олади.

Фидойи аждодларимиз туғилиб ўсган, яшаган хонадонларга эсдалик лавҳалари ўрнатилади. Улар яшаган маҳаллалар ва мактабларда Хотира бурчаклари ташкил этилади. 

Шу тариқа одамлар қатағонга учраган маҳалладошлари ҳақидаги маълумотлар билан танишади. Мустақиллик қандай оғир йўқотишлар эвазига қўлга киритилган буюк неъмат эканини англаб етади. Халқимиз қандай машъум кунларни бошдан кечирганини тушунади. Фидойи аждодларимиз энг оғир пайтларда ҳам виждонини, миллий ўзлигини сақлаб қолганини юракдан ҳис қилади.

Мулоқотда Бош вазирга ушбу ишларни ташкил этиш ва ижросини назоратга олиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Маълумки, сўнгги йилларда Тошкентдаги “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи реконструкция қилиниши билан бирга, Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда ҳам шундай музейларни ташкил этилди. Айниқса, Андижон, Бухоро, Қарши, Фарғона вилоятларидаги музейлар эътиборга молик. 

Президент бундай хайрли ишларни давом эттириш, жадидлар ҳаётига оид ноёб ҳужжат ва экспонатлар билан жамоатчиликни кенгроқ таништириш кераклигини таъкидлади.

– Тўғри, кейинги вақтларда бу борадаги ишларимиз янги босқичга кўтарилди. Кўп номаълум номлар аниқланди. Китоблар, кинолар чиқарилди. Лекин буям кам. Бу борада ҳам маҳаллабай изланиш олиб бориш, бунга барча зиёлилар, нуронийлар, ҳуқуқ ҳимоячилари ҳисса қўшиши мақсадга мувофиқ. Бу қадриятга, умуммиллий ҳаракатга айланиши керак, – деди давлат раҳбари.

Тадқиқотчиларни моддий рағбатлантириш, архив маълумотларини очиқлаш, тарихни ёшларга тўғри етказиш муҳимлиги қайд этилди.

– Биз нима учун Имом Бухорий музейини ташкил қилаяпмиз? Нима учун тарихий кинолар ишлатаяпмиз? Чунки энг катта мактаб, энг катта тарбия – тарихнинг ўзи. Ёшларимиз тарихимизни яхши билиши, бошқалардан эмас, ўзимизнинг боболаримиздан намуна олиши керак. Бунинг асосини мукаммал қилиб, ёшларга муносиб тилда, қизиқарли тарзда, ижтимоий тармоқлар орқали етказиш, жамиятга сингдириш зарур. Ёш авлодни шу руҳда тарбияласак, ўз танлаган йўлимиздан қатъий бора оламиз, – деди давлатимиз раҳбари.

Дунёда хавф-хатарлар кучайиб, миллий ўзлик, эзгулик, қадрият каби тушунчалар заволга юз тутаётгани ёдга олинар экан, юртимиздаги тинчлик-осойишталикнинг қадри яққол намоён бўлади.

– Мустақиллик – Аллоҳ таолонинг эл-юртимизга энг катта марҳамати, неъмати. Ҳар бир кун, ҳар бир йилнинг қадрига етиб, шукроналик ҳисси билан яшаш керак. Аждодларимизни эъзозлаш, халқни рози қилиш бўйича савоб ишларни кўп қилсак, Худо доимо йўлимизни очиб беради, – деди Президент.

Ватан манфаати йўлида фидо бўлганларнинг охиратлари обод бўлсин, тинч-осойишта юртимизни Парвардигор ўз паноҳида асрасин, дея дуолар қилинди.

Шавкат Мирзиёев: Энг катта мактаб, энг катта тарбия – тарихнинг ўзи Шавкат Мирзиёев: Энг катта мактаб, энг катта тарбия – тарихнинг ўзи Шавкат Мирзиёев: Энг катта мактаб, энг катта тарбия – тарихнинг ўзи Шавкат Мирзиёев: Энг катта мактаб, энг катта тарбия – тарихнинг ўзи Шавкат Мирзиёев: Энг катта мактаб, энг катта тарбия – тарихнинг ўзи Шавкат Мирзиёев: Энг катта мактаб, энг катта тарбия – тарихнинг ўзи Шавкат Мирзиёев: Энг катта мактаб, энг катта тарбия – тарихнинг ўзи Шавкат Мирзиёев: Энг катта мактаб, энг катта тарбия – тарихнинг ўзи Шавкат Мирзиёев: Энг катта мактаб, энг катта тарбия – тарихнинг ўзи
Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

Бу хонада гуноҳ қилма, бу ерда Қуръонни 12 минг марта ўқиганман

27.09.2024   4282   3 min.
Бу хонада гуноҳ қилма, бу ерда Қуръонни 12 минг марта ўқиганман

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Абу Бакр ибн Айёш роҳимаҳуллоҳ табаъа тобеъинлардан бўлиб, машҳур етти қироатнинг ровийларидан бири эди. У зот Шуъба исми билан машҳур эди. «Осимнинг Шуъбадан ривояти» дейилган қироат соҳиби шу кишининг исми билан юритилади. Буюк имом Аҳмад ибн Ҳанбал Ана шу муборак зотни «Қуръон ва яхшилик соҳиби эди», деб таърифлаганлар.

Шуъба роҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 95 йилда туғилиб, 193 йили Куфа шаҳрида, 96 ёшида вафот этган.

У зот вафотидан олдин ўғлига уйидаги ҳужралардан бирини кўрсатиб, «Ўғлим, мана шу ҳужрада гуноҳ қилишдан сақланингла, чунки мен бу хонада Қуръонни ўн икки минг марта ўқиб тугатганман», деган эканлар... Субҳаналлоҳ!

Ўлим тўшагида ётганларида ёнларида ўтирган қизлари йиғласа, «Нега йиғлайсан, қизим? Мендан хавотирланяпсанми? Мен мана шу хонада Қуръонни ўн икки минг марта хатм қилганман…» деганлар.

Умрини Қуръонга бағишлаган бу улуғ зот бу хизматларини Аллоҳ таоло қабул қилишидан, улар сабабли гуноҳларини кечиб юборишидан умидвор бўлганлар.

Бир аёл мана шу ўринга мос воқеани айтиб берган эди:

«Турмуш қурган илк кунларимизданг бошлаб, эрим билан ҳар куни икки саҳифа Қуръон ўқишга келишиб олдик. Алоҳида вақт ажратиб, бирга Қуръон ўқиб ўтирамиз. Аввал у киши менга бир саҳифани ўқиб берадилар, кейин мен у кишига иккинчи саҳифани ўқиб бераман. Мабодо сафарда бўлиб қолсалар, икки саҳифани иккимиз ҳам ўзимиз ўқир эдик, шунда ўша икки саҳифа икки марта ўқилар эди.

Аллоҳ таоло бизни шу вазифани доимий бажаришга мушарраф айлади. Ҳар сафар Қуръонни ўқиб тугатганимизда охирги саҳифасига бир белги қўямиз. Бу йил тўйимизга ўттиз йил бўлибди. Охирги саҳифадаги белгилар эса 127 та бўлибди. Демак, шу ўтган йиллар давомида Қуръонни 127 марта хатм қилибмиз. Қуръон ўқишда давом этганимиз сари, ҳаётимизга осойишталик, бахт ва нур кириб келаверди, энг асосийси – турмуш ўртоғим билан ўртамиздаги муҳаббат кучайиб бораверди. Аллоҳ у кишини паноҳида асрасин!»

Энди мана шу саволга жавоб беринг:

Ҳаётингиздан ўрин олган оддий, лекин доимий, айни вақтда дунёга ҳам, охиратингизга ҳам (ибодатга, ижтимоий ҳаётга, илм-фанга ёки соғлом турмуш тарзига алоқадор) манфаатли бирор вазифангиз борми?

Ўзингиз учун кунлик одатий вазифа кашф этсангиз, лаънати шайтон ҳар хил йўллар билан сизни вазифангиздан чалғитишга ҳаракат қилади. Лекин сиз бунга йўл қўйманг! Ҳушёр бўлинг, у сизни тўхтатиш учун турли важларни ўйлаб топади. Қилиб юрган вазифангиздан сизни оғдириш учун бирор кишидан ҳам фойдаланиши мумкин (одатда яқин инсонларингиздан бирини танлайди. Масалан, энг яқин дугонангизни…) Огоҳ бўлинг! Инсон ва жин-шайтонлар сизни йўлдан оздиришига асло йўл қўйманг!

Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг

“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ таржимаси.