Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
01 Октябр, 2024   |   28 Рабиъул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:02
Қуёш
06:20
Пешин
12:18
Аср
16:19
Шом
18:08
Хуфтон
19:20
Bismillah
01 Октябр, 2024, 28 Рабиъул аввал, 1446
Мақолалар

Табассум ҳам ибодат

4.09.2024   1059   2 min.
Табассум ҳам ибодат

Аллоҳ таоло зарра миқдорича солиҳ амални ҳам зое қилмайди. Бу ҳақда Қуръони каримда: “Бас, кимки (дунёда) зарра миқдорида яхшилик қилган бўлса, (қиёмат куни) уни кўрар”, дея марҳамат қилинади (Залзала сураси, 7-оят). 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам амалларни кичик санамасликка, киши қўлидан келган ҳар қандай солиҳ амалга шошиши даркор эканини таъкидлаганлар. Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Менга Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: “Яхшиликдан бирор нарcани кичик cанаманг, ҳатто биродарингизга очиқ юз билан юзланишингиз ҳам (яхшиликдир)”» (Имом Муслим ривояти). 

Динимиз қовоқ солиб ёки қаҳқаҳа отиб юришдан ҳам қайтаради. Виқорли ва хушкайфият билан юришга буюради. Бу борада Сарвари оламда биз учун катта намуна бордир.

Саҳоба Абдуллоҳ ибн Ҳорис розиял­лоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллал­лоҳу алайҳи ва салламдан кўра кўпроқ табассум қиладиган бирор кишини кўр­мадим”. Ойша онамиз айтади: “Расу­луллоҳ сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам аёллари билан холи қолганларида энг мулойим, карамли, сертабассум бўлар эдилар”.

Жарир розияллоҳу анҳу айтади: “Мусулмон бўлга­нимдан буён қачон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрсам, албатта, у зот менга табассум билан қараганлар”.

Демак, динимизда табассум одатий амал эмас, балки ибодат ҳисобланади. Бу жуда осон, гуноҳларни кетказувчи, жаннатга етак­ловчи амалдир. Лекин, таассуфки, бугунги кунда Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ушбу суннатларига амал қилмай қўйганмиз. Аслида ҳозир жуда кўп ижтимоий муаммоларимизнинг ҳал бўлиши биргина шу суннатга боғлиқ. Оилада, ишда, кўча-кўйда бир-биримизга самимий табассум қилсак, бир-биримизга меҳр-оқибатимиз зиёда бўлади. Яқинларимиз, ёру дўстларимизга табассум билан қарашга, уларга хушкайфият улашишга нима етсин?!

Хулоса қилиб айтганда, биз мўмин-мусулмонлар ҳар қандай солиҳ амални бажаришга ҳарис бўлишимиз, амалларни ажратмасдан ихлос билан адо этишимиз лозим.

Ҳар бир ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига амал қилиш насиб этсин. 

Обиджон ИСМОИЛОВ,

Сариосиё тумани “Имом Низомиддин

Сангардакий” жоме масжиди имом-хатиби

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ўтганлар ҳақида “раҳматли” дейиш жоизми?

30.09.2024   1312   1 min.
Ўтганлар ҳақида “раҳматли” дейиш жоизми?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Cавол: Марҳумлар ҳақида гапирганда ҳозир кӯп кишилар "раҳматли бӯлиб кетган", деб айтишмоқда. Шунда мен бундай дейиш хато десам, ким айтди буни, деб сӯрашяпти. Шунга бир изоҳли жавоб берсангиз?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Вафот этган мўмин-мусулмонларнинг ҳаққига мазкур сўзлар билан дуо қилиш ва ўтганларга Аллоҳнинг раҳмат ва мағфиратини умид қилиш мустаҳаб-савобли ишлардан биридир.

Мусулмон инсоннинг мусулмон устидаги ҳақларидан бири вафотидан кейин уни яхшилик билан эслаш, хотирлаш ва ҳаққига хайрли дуо қилишдир.

Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: “Эй, Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари иймон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда иймон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй, Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан!” (Ҳашр сураси, 10-оят).

Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада мусулмонларга ўзларидан аввал иймон билан ўтган зотларнинг ҳаққига дуо ва мағфират сўраб дуо қилишларини таълим бермоқда. Мусулмонлар асрлар оша ушбу таълимотга содиқ қолиб келмоқдалар.

Ўтганларни хотирлаш ва уларнинг ҳақларига дуо қилиш турли халқларда турлича ибора ва сўзлар билан ифода қилинади. Бизнинг халқимизда ўтганларни “марҳум”, “мағфур” “раҳматли”, “раҳматли бўлиб кетган” ва шу каби дуо маъносидаги сўзлар билан ёдга олиш урф бўлган ва бу савобли амалдир.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

Мақолалар