Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
28 Июн, 2025   |   3 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:07
Қуёш
04:52
Пешин
12:26
Аср
17:41
Шом
20:03
Хуфтон
21:46
Bismillah
28 Июн, 2025, 3 Муҳаррам, 1447
Янгиликлар

"Ғуфрон" жоме масжидининг янги биноси фойдаланишга топширилди

04.09.2024   4956   1 min.

Қўштепа туманида тадбир бўлиб ўтди. Юртимизни истиқлол шукуҳи қамраб олган пайтда «Ғуфрон» жоме масжидининг янги биноси фойдаланишга топширилгани шодлик устига шодлик бўлди.

Масжиднинг янги биноси очилиш маросимида Қуръони карим тиловати қилиниб, ватан ва эл-юрт фаровонлиги ҳақида дуо қилинди.

Тадбирда Фарғона вилояти Фарғона бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев, туман ҳокимлиги, имом-хатиблар, нуроний отахонлар, маҳалла фаоллари, ҳомийлар ва саховатли инсонлар иштирок этди.

– Масжид қурилишига 2020 йил август ойида киришилган эди, – дейди «Ғуфрон» жомеси имом-хатиби Шукуруллоҳ Сайдалиев. – Ҳомийларни жалб қилган ҳолда кўп ўтмай гўзал масжид қад ростлади. Жомеда бир вақтнинг ўзида икки минг киши ибодатларни адо этиши мумкин. Туманимизнинг Қоражийда, Халқобод, Хўжақишлоқ ва Истиқбол маҳалларида яшовчи аҳоли ҳамда бошқа ташриф буюрувчи меҳмонлар учун барча шароитлари ҳозирланган муҳташам масжид барпо этилиб, мустақиллик байрами арафасида фойдалнишга топширилган катта туҳфа бўлди. 

Фарғона вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати

 

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ахборот тарқатиш ва журналистнинг 6 одоби

27.06.2024   7749   2 min.
Ахборот тарқатиш ва журналистнинг 6 одоби

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Биринчидан, тарқатилаётган ҳар бир маълумот ва ахборот инсонлар манфаатига хизмат қиладиган яхши сўз бўлиши лозим. 

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: "Аллоҳ яхши сўзга қандай мисол келтирганини кўрмайсанми? У худди бир яхши дарахтга ўхшайдир. Унинг асли собит турадир. Шохлари эса, осмонда. Робби изни ила ҳар доим меваларини бериб турадир" (Иброҳим сураси, 24-25 – оятлар).

 

Иккинчидан, турли фаҳш ва беҳаё маълумотларни, бўхтон, ёлғон ҳамда миш-миш хабарларни тарқатишдан эҳтиёт бўлиш шарт.

Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: "...фаҳш ишлар тарқалишини яхши кўрадиганларга бу дунёю охиратда аламли азоб бордир" (Нур сураси, 19-оят).

 

Учинчидан, тарқатилаётган ҳар қандай хабар ёки маълумот учун Қиёмат куни жавоб беришни ҳамда "Китобат ҳам хитобат кабидир (ёзиш – гапириш каби)", деган қоидани унутмаслик керак.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: "Бугунги кунда уларнинг оғизларига муҳр урамиз. Нима касб қилганларини Бизга қўллари сўзлар ва оёқлари гувоҳлик берур" (Ёсин сураси, 65-оят).

Имом Шофиъий айтадилар: "Вафот этмайдиган ёзувчи йўқ. Аммо унинг қўллари ёзган нарсалар неча йиллар ўтсада сақланиб қолади. Шундай экан, Қиёматда кўрганингизда хурсанд бўладиган нарсадан бошқа ҳеч нарса ёзманг!”.

 

Тўртинчидан, ҳар бир ахборотнинг ишончли эканини текшириб, кейин тарқатиш.

Аллоҳ таоло шунга буюради: "Эй, иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, бир қавмга билмасдан мусийбат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар” (Ҳужурот сураси, 6-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Бир кишининг ёлғончи бўлиши учун эшитган нарсасини гапиравериши кифоя қилади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

 

Бешинчидан, муаллифлик ҳуқуқига амал қилиш. Ўзгаларнинг меҳнатини кўчириб, ўзлаштириб олмаслик.

Имом Шофиъий раҳимаҳуллоҳ: "Менга бу сўзни фалончи айтган”, деб айтувчисини аниқ шаклда гапирган киши ҳақиқий марддир”, деганлар.

Абдул Фаттоҳ Абу Ғудда айтадилар: "Жумла ёки сўзни нақл қилувчига нисбат бериш омонатдир”.

 

Олтинчидан, ҳар бир касб эгаси ўз мутахассислиги доирасида ахборот ёки маълумот тарқатиши лозим. Билими етмаган, мутахассислиги бўлмаган хабарни тарқатмаслик керак.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Қачон иш ўз аҳлидан бошқага топширилса, қиёматни кутавер", деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар