Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Январ, 2025   |   10 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:48
Пешин
12:36
Аср
15:32
Шом
17:16
Хуфтон
18:35
Bismillah
10 Январ, 2025, 10 Ражаб, 1446
Мақолалар

Талабаларга эслатма!

4.09.2024   2699   2 min.
Талабаларга эслатма!

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Қўлингиздаги ёки тўплаб қўйган мол-дунёингиз ҳақиқий бойлик эмасдир. Балки, ҳақиқий бойлик бу – вақтдир. Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: Эй Одам боласи, сен кунлардан иборатсан. Бир кун ўтса, сенинг бир бўлагинг кетади”.

Вақтнинг қадри баландлигидан Аллоҳ таоло Қуръони каримда вақт билан қасам ичган: “Туннинг қоплаб келаётган пайти билан қасам. Наҳорнинг тажалли пайти билан қасам” (Лайл сураси, 1-2-оятлар).

Қиёмат куни ҳам банда аввало умрини нималарга сарфлагани ҳақида сўралади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадисда “Киши Қиёмат куни умрини нима билан ўтказгани..... ҳақида ҳисоб-китоб қилинмагунча икки қадами жилмайди”, дейилади.

Агар Аллоҳ таоло бир бандасига яхшиликни ирода қилса унга вақтни ёрдамчи қилиб қўяди. Аммо Аллоҳ бир бандасидан юз ўгирса, уни фойдасиз ишлар билан машғул қилиб қўяди.

Ўтган солиҳлар вақтга жуда ҳарис бўлардилар. Масалан, Довуд Тоий раҳимаҳуллоҳ нон бўлакларини ивитиб қўярдилар ва: “Ивитилган бўлакни оғизга солиш билан нон ейиш орасида эллик оят ўқиш фарқи бор”, деб айтардилар.

Шогирд айтади: “Устозим ҳатто бемор бўлсалар ҳам бошларининг тепасига китоб қўйиб олардилар. Соғлиқлари бироз яхшиланиши билан уни олиб ўқирдилар. Агар соғлиқлари кўтармаса, китобни яна қайтариб жойига қўярдилар”.

Илм йўлидаги талаба асло дангасалик қилмаслиги, дарсларни “бироздан кейин ўқийман”, “ёдлайман” деб ортга сурмаслиги керак. Чунки ҳар бир кечиктириш катта йўқотишларга сабаб бўлади. Шунинг учун талаба вақтни ғанимат билиши, бекорчи-бефойда ишлардан ва гап-сўзлардан узоқ бўлиши лозим. Вақтни қадрига етмайдиган ношукрлардан бўлишдан сақланиш даркор. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки неъмат борки, одамларнинг кўплари уларни бой бериб қўядилар – (улар) саломатлик ва бўш вақтдир”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Бу мўъжизани ким инкор қила олади?

10.01.2025   1659   1 min.
Бу мўъжизани ким инкор қила олади?

 Биласизми? Силикат моддасига бой бўлган тупроққа дафн қилинган инсоннинг скелети вақт ўтиши билан тош ва харсангга айланади.
 Агар у пири‌т (темир сульфиди) моддасига бой минтақага дафн қилинса, ундай жасад темир ҳайкалга айланиб қолиши мумкин!

Бу илмий ҳақиқат яқинда аниқланган бўлса-да, Қуръонда бу ҳақида 1445 йил олдин ҳайратланарли тарзда жуда аниқлик билан баён этилган. Қуръонда бундай дейилган:

وَقَالُوا أَإِذَا كُنَّا عِظَامًا وَرُفَاتًا أَإِنَّا لَمَبْعُوثُونَ خَلْقًا جَدِيدًا

"Улар: “Биз суякларга  ва чанг- тупроқларга айланиб кетганимиздан кейин ҳам, янгитдан тирилтириламизми?” дедилар. “Сен уларга, тошга ёки темирга айланинглар”, деб айт"
(Исро сураси, 50-оят).

Бу оят яқин йилларда кашф этилган — суяклари тошга айланган ёки темир ҳайкалга айланган қазилмаларга очиқ ва равшан ишора қилмоқда. Гўёки Қуръонда хабар берилган ушбу далиллар олимлар кашф қилишларини узоқ асрлардан бери кутиб ётгандек.

Шундай экан, ақлли инсон бундай очиқ-ойдин ва равшан мўъжизани қандай инкор қила олади? Қуръоннинг бу мўъжизаси кундуздаги қуёшдек равшан эмасми?

Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ