Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
02 Октябр, 2024   |   29 Рабиъул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:03
Қуёш
06:21
Пешин
12:17
Аср
16:18
Шом
18:06
Хуфтон
19:19
Bismillah
02 Октябр, 2024, 29 Рабиъул аввал, 1446
Мақолалар

Масжидда иккинчи жамоат бўлиши мумкинми?

4.09.2024   2001   2 min.
Масжидда иккинчи жамоат бўлиши мумкинми?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Cавол: Жамоат намозига кеч қолган кишилар ўзаро келишиб, иккинчи жамоат бўлиб ўқишлари мумкинми?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Имом ва муаззини тайин қилинган ҳамда қавми бўлган масжидларда жамоат намози адо қилингач, бошқа одамлар иккинчи жамоат бўлиб, аввалги имомнинг меҳробида, азон ва такбир айтиб намозни адо қилишлари макруҳдир.

Имом Сарахсийнинг “Мабсут” номли китобларида қуйидагича келтирилган: “Бир қавм (имом билан) намоз ўқилган масжидга кирса, улар учун у ерда азон ва иқомат айтиб, жамоат бўлиб намоз ўқиш макруҳ бўлади. Шунинг учун улар азон ва иқоматсиз ёлғиз-ёлғиз намоз ўқишади”.

Бу мавзуда Аллома ибн Обидийн бундай ёзадилар: “Имом Абу Юсуфдан нақл қилинади: “Агар кейинги жамоат олдинги жамоатнинг кўринишида бўлмаса, макруҳ саналмайди. Акс ҳолда эса, макруҳ саналади. Саҳиҳ гап шудир. Кейинги жамоатнинг имоми меҳробдан ташқарида туриши билан ҳайъат (кўриниш) ўзгарган бўлади. (“Баззозийя”). “Татархонийя” китобида “Валволижийя”дан нақл қилинишича, “Биз ушбу фатвони оламиз, дейилган” (“Раддул-муҳтор” китоби).

Мазкур ва бошқа китоблар ибораларига кўра, бир четда, кўпчиликни йиғиш учун бир-бирини чақирмасдан, азон ва такбир айтмасдан иккинчи жамоат бўлиши кароҳиятсиз жоиздир.

Муайян бир имом ва муаззини йўқ ҳамда қавми бўлмаган, йўловчилар учун қурилган масжид, шунингдек, аэропорт, вокзал, меҳмонхоналарда ташкил этилган намозхоналарда азон ва такбир билан иккинчи, учинчи жамоат бўлиб намоз ўқиш жоиз. “Роддул Муҳтор” китобида шундай бундай келган: “Маҳалла масжидида азон ва иқомат билан иккинчи жамоат бўлиб намоз ўқиш макруҳ. Йўл бўйидаги масжидлар ҳамда муайян имоми ва муъаззини бўлмаган масжидларда макруҳ эмас”.

Ҳар бир мўмин имкон қадар намозларни масжидда асосий жамоат билан ўқишга ҳаракат қилиши лозим. Биринчиси бўлмаса, кейинги жамоатга улгураман, деган нотўғри тушунчадан узоқ бўлиш керак. Бу тушунча суннатга мутлақо хилофдир. Зеро, жамоат қанчалик катта бўлса, унинг савоби ҳам шунча улуғ бўлади. Валлоҳу аълам.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво маркази.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ўзбекистон элчиси Малайзиянинг Перлис штати муфтийси билан учрашди

27.09.2024   4480   1 min.
Ўзбекистон элчиси Малайзиянинг Перлис штати муфтийси билан учрашди

Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев минтақа билан савдо-иқтисодий ва туризм соҳаларидаги алоқаларни янада ривожлантириш мақсадида Малайзиянинг Перлис штатига ташриф буюрди, деб хабар бермоқда “Дунё” ахборот агентлиги.

  Перлис – Малакка ярим оролида жойлашган, мамлакатнинг асосан мусулмонлар истиқомат қиладиган давлатларидан бири. Минтақада қишлоқ ва балиқчилик юқори даражада ривожланган, шунингдек, у Малайзияда шакарқамиш ва табиий каучук ишлаб чиқаришда етакчи саналади.

Ташриф доирасида Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихона делегациясини Малайзиянинг Перлис султони Саййид Сирожуддин Саййид Жамолуллайл қабул қилди.

 Учрашувда Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги муносабатларнинг бугунги ҳолати, истиқболдаги режалари, ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

 Султон Сирожуддин 2003 йилда Малайзия қироли сифатида Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келганини, Ўзбекистон тараққиёти билан танишганини илиқлик билан эслади.

 Шунингдек, ташриф давомида ушбу давлат муфтийси Муҳаммад Aсри Зайнул Обиддин билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида туризмни, жумладан, зиёрат туризмини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

  Малайзия томони бу ҳамкорлик Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти, бой тарихий-маданий меросини малайзияликлар орасида тарғиб қилишга катта ҳисса қўшади, – деб маълум қилди.

  Ташриф якунлари бўйича Малайзия томони Ўзбекистонда қатор лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдор эканлигини билдирди. Доимий алоқаларни давом эттириш ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик бўйича таклифларни қўллаб-қувватлаш бўйича келишувга эришилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари