Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
02 Октябр, 2024   |   29 Рабиъул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:03
Қуёш
06:21
Пешин
12:17
Аср
16:18
Шом
18:06
Хуфтон
19:19
Bismillah
02 Октябр, 2024, 29 Рабиъул аввал, 1446
Мақолалар

Душманга ҳам меҳрибон бўлган РАСУЛИМ ﷺ

5.09.2024   1560   3 min.
Душманга ҳам меҳрибон бўлган РАСУЛИМ ﷺ

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирсам, у зот беморликдан қийналаётган эканлар.

“Ё Аллоҳнинг Расули, сиз беморликдан қаттиқ қийналмоқдасиз-ку?! дедим.

Шундай. Мен беморликдан сизлардан икки кишининг қийналганича қийналаман, дедилар.

Сизга икки ҳисса ажр бўлиши учун шундайдир-да? дедим.

Шундай. Худди шундай. Қай бир мусулмонга бирор мусибат етса, бирор тикан кирса ҳам, албатта, Аллоҳ унинг сабабидан ўша банданинг ёмонликларини худди дарахт ўз баргларини тўкканидек тўкади, дедилар у зот” (Муттафақун алайҳ).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам беморликни бошқаларга нисбатан икки ҳисса оғир кечирган эканлар. Шундай ҳолатда ҳам сабр қилишни, Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидвор бўлиш кераклигини бизларга таълим бериб, бемор ҳолатда ҳам биз умматлар учун муборак ҳадисларини ривоят қилганлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам нафақат бемор вақтларида, балки ҳаётларининг ҳар бир даврини сабр билан ўтказардилар.

  • меҳрибон оталарини кўрмай дунёга келиб, вояга етганларида;
  • олти ёшга тўлганларида муштипар Оналари жон таслим қилса-ю, лекин қўлларидан ҳеч нарса келмай термулиб турганларида,
  • “ота-онам ҳам, бобом ҳам сиз” деб суянган боболаридан жудо бўлганларида;
  • ўсмирлик даврларида ўша давр ёшлари шуғулланадиган ўйин-кулги ва бекорчиликлардан узоқ бўлган ҳолда ҳаёт кечирганларида;
  • елкадошлари, умр йўлдошлари, суюкли маҳбубалари ҳамда ҳимоячилари бўлган амакиларидан айрилганларида;
  • тоифликлар тошлар отиб, кавушларининг ичи қонга тўлганда;
  • қавмлари у зотга турли азиятлар бериб, ўз юртларини ташлаб ҳижрат қилганларида;
  • Уҳуд жангида, амакилари ҳазрат Ҳамзанинг вафот этганида;
  • икки ёшга яқинлашган жажжи фарзандлари Иброҳим сўнгги нафасларини олаётганини кўрганларида;
  • сажда қилаётганларида туянинг ичак-чавоқларини у зотнинг устиларига ағдаришганида,
  • "менга ўлжа бермадинг", деб ёқаларидан олиб бўғганида, бир аёл заҳарли гўшт берганида Расулуллоҳ алайҳиссалом буларнинг барчасига гўзал сабр қилар, азиятларга яхшилик билан жавоб қайтарар эдилар. У зот ҳаттоки, суиқасд пайида юрганларни ҳам Аллоҳ таоло ҳидоятга бошлашини умид қилар эдилар.

Нима учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бунчалик азиятларга сабр қилардилар, душманларнинг адабини бериб қўйсалар бўларди-ку? (Буни икки кишидан бири ўқийди).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу азиятларга жавоб бермасликлари ва сабр қилишлари у зотнинг заиф бўлганлари ёки улардан қўрққанлари ёки улар билан тортишишдан ҳайиққанлари учун эмас, балки уларга раҳм қилганлари, кечиримлари уларга таъсир қилиб, Ҳақ йўлдан юришларини умид қилганлари сабабидан эди.

Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг хос сифатлари қайси деб сўрасангиз, албатта, бу раҳмат сифатидир. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни айнан мана шу сифат ила мақтаган: “Биз сени фақат оламларга раҳмат қилиб юбордик” (Анбиё сураси, 107-оят),

“Аллоҳнинг раҳмати ила уларга мулойим бўлдинг. Агар қўпол, қалби қаттиқ бўлганингда, атрофингдан тарқаб кетар эдилар” (Оли Имрон сураси, 159-оят).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен лаънатловчи бўлиб эмас, раҳмат бўлиб юборилдим”, деганлар.

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ўзбекистон элчиси Малайзиянинг Перлис штати муфтийси билан учрашди

27.09.2024   4484   1 min.
Ўзбекистон элчиси Малайзиянинг Перлис штати муфтийси билан учрашди

Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев минтақа билан савдо-иқтисодий ва туризм соҳаларидаги алоқаларни янада ривожлантириш мақсадида Малайзиянинг Перлис штатига ташриф буюрди, деб хабар бермоқда “Дунё” ахборот агентлиги.

  Перлис – Малакка ярим оролида жойлашган, мамлакатнинг асосан мусулмонлар истиқомат қиладиган давлатларидан бири. Минтақада қишлоқ ва балиқчилик юқори даражада ривожланган, шунингдек, у Малайзияда шакарқамиш ва табиий каучук ишлаб чиқаришда етакчи саналади.

Ташриф доирасида Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихона делегациясини Малайзиянинг Перлис султони Саййид Сирожуддин Саййид Жамолуллайл қабул қилди.

 Учрашувда Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги муносабатларнинг бугунги ҳолати, истиқболдаги режалари, ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

 Султон Сирожуддин 2003 йилда Малайзия қироли сифатида Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келганини, Ўзбекистон тараққиёти билан танишганини илиқлик билан эслади.

 Шунингдек, ташриф давомида ушбу давлат муфтийси Муҳаммад Aсри Зайнул Обиддин билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида туризмни, жумладан, зиёрат туризмини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

  Малайзия томони бу ҳамкорлик Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти, бой тарихий-маданий меросини малайзияликлар орасида тарғиб қилишга катта ҳисса қўшади, – деб маълум қилди.

  Ташриф якунлари бўйича Малайзия томони Ўзбекистонда қатор лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдор эканлигини билдирди. Доимий алоқаларни давом эттириш ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик бўйича таклифларни қўллаб-қувватлаш бўйича келишувга эришилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари