Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Сочларига оқ оралаб, пешонасига ажин тушган бир киши ора-сира масжидга келиб, жамоатдан дуо сўрарди: “Фарзанд талабидаман, жамоат билан дуо қилсангизлар...”
Бир куни шу одам: “Домла, фарзанд сўраб қилинадиган дуолар борми? Менга ўргатинг”, деб қолди. Мен унга оятларда келган дуоларни, уларнинг маъноларини ўргатиб, дуо қилиш одоблари ва Аллоҳдан умидни узмаслик ҳақида билганимча тушунтирдим.
Бир йилча ўтиб, ҳалиги одам қўлида чақалоқ билан кўзлари севинчга тўлиб кириб келди: “Домла, Аллоҳ менга фарзанд берди! Қизли бўлдим!..” деди. Унинг хурсандчилигидан биз ҳам қувондик.
– Аллоҳга шукр! Бунга сизнинг дуо ва маслаҳатларингиз туфайли эришдик. Қулоғига азон айтиб, хайрли дуолар қиласиз деб чақалоқни тўғри олдингизга олиб келавердим.
Фаолиятим давомида кўп оталарни кўрганман, лекин қизли бўлиб бунчалик севинган отани ҳали учратмагандим. У ҳамма оталардан кўра бахтлироқ эди. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимнинг ҳузурида бир қиз бўлсаю уни тириклай кўмиб юбормаган, таҳқирламаган ва ўғлини ундан устун қўймаган бўлса, Аллоҳ уни жаннатга киритади”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).
Аллоҳ таолонинг ҳузурида қиз боланинг қадри улуғ. Афсус, буни кўпчилигимиз англаб етмаймиз. Орамизда қиз фарзанд кўрганидан хафа бўладиган оталар, келинини айблайдиган қайноналар учраб туради. Наҳот улар фарзанднинг ўғил ё қиз бўлиши бандасининг қўлида эмаслигини тушуниб етишмаса?! Ахир Қуръони каримда: «Осмонлару Ернинг подшоҳлиги Аллоҳникидир. У Зот хоҳлаган нарсасини яратур. У Зот хоҳлаган кишисига қизлар ҳадя этур ва хоҳлаган кишисига ўғиллар ҳадя этур. Ёки уларни жуфтлаб – ўғил-қиз қилиб берур ва хоҳлаган кишисини туғмас қилур. Албатта, У ўта билувчидир, ўта қудратлидир», деб марҳамат қилмаганми?! (Шўро сураси, 49–50-оятлар.)
Албатта, қиз болани иймон-эътиқодли, тақволи ва солиҳа қилиб тарбиялаш осон иш эмас. Бу ота-онадан катта масъулият ва эътибор талаб этади. Агар бунинг уддасидан чиқса, унга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан улуғ башорат бор: “Қизларни тарбиялаш билан имтиҳон қилинган кишига ўша қизлари жаҳаннамдан парда бўлади” (Муттафақун алайҳ).
Яна икки йил ўтиб, ҳалиги инсоннинг оиласида хурсандчилик бўлди: Аллоҳ унга икки ўғил ҳадя этди. Неъматларга шукр қилган эди, Аллоҳ яна зиёда қилди.
Бу воқеа хотини қиз туққанида ғазабланиб, уни ота-онасиникига жўнатиб юборадиганлар учун улкан ибратдир.
Абдураҳмон АСҚАРОВ,
Тошкент шаҳридаги
“Катта Қозиработ”
жоме масжиди
имом-хатиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қурбон ҳайити куни ғусл олардилар.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ҳайити куни ва Қурбон ҳайити куни ғусл қилар эдилар” (Ибн Можа ривояти).
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қурбон ҳайитида қурбонлик қилишдан олдин ҳеч нарса емасдилар.
Бурайда розияллоҳу анҳу айтадилар: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Фитр куни таомлангунларича (фитр намозига) чиқмас эдилар ва Қурбонлик куни намоз ўқигунларича таомланмас эдилар” (Имом Термизий ривояти).
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидга пиёда юриб борардилар.
Абу Рофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ҳайит намозига пиёда чиқар эдилар” (Ибн Можа ривоят қилган).
- Масжидга кетишда Аллоҳни зикр қилардилар.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам то намозгоҳга боргунларича такбир айтар эдилар” (Имом Ҳоким ривояти).
- Ҳайит намозидан олдин нафл намоз ўқимас эдилар.
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайит намозидан олдин ҳеч нарса ўқимас эдилар, манзилларига қайтганларида икки ракат намоз ўқир эдилар” (Ибн Можа ривоят қилган).
- Масжидга бир йўлдан бориб, бошқа йўлдан қайтар эдилар.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайит куни (бориш ва қайтиш) йўлларини бошқа-бошқа қилар эдилар” (Имом Бухорий ривояти).
- Ҳайит намозидан сўнг қурбонлик қилардилар.
Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким намоздан олдин курбонлик қилса, у ўзига қўй сўйибди. Ким намоздан кейин сўйса, курбонлигини мукаммал қилибди ва мусулмонларнинг суннатини топибди”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизни ҳар бир ишда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга эгашувчилардан қилсин!
Даврон НУРМУҲАММАД