Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
02 Октябр, 2024   |   29 Рабиъул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:03
Қуёш
06:21
Пешин
12:17
Аср
16:18
Шом
18:06
Хуфтон
19:19
Bismillah
02 Октябр, 2024, 29 Рабиъул аввал, 1446
Мақолалар

Қиз тарбиялаганга улуғ башорат бор

5.09.2024   1542   2 min.
Қиз тарбиялаганга улуғ башорат бор

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Сочларига оқ оралаб, пешонасига ажин тушган бир киши ора-сира масжидга келиб, жамоатдан дуо сўрарди: “Фарзанд талабидаман, жамоат билан дуо қилсангизлар...”

Бир куни шу одам: “Домла, фарзанд сўраб қилинадиган дуо­лар борми? Менга ўргатинг”, деб қолди. Мен унга оятларда келган дуоларни, уларнинг маъноларини ўргатиб, дуо қилиш одоблари ва Аллоҳдан умидни узмаслик ҳақида билганимча тушунтирдим.

Бир йилча ўтиб, ҳалиги одам қўлида чақалоқ билан кўзлари севинчга тўлиб кириб келди: “Домла, Аллоҳ менга фарзанд берди! Қизли бўлдим!..” деди. Унинг хурсандчилигидан биз ҳам қувондик.

– Аллоҳга шукр! Бунга сизнинг дуо ва маслаҳатларингиз туфайли эришдик. Қулоғига азон айтиб, хайрли дуолар қиласиз деб чақалоқни тўғри олдингизга олиб келавердим.

Фаолиятим давомида кўп оталарни кўрганман, лекин қизли бўлиб бунчалик севинган отани ҳали учратмагандим. У ҳамма оталардан кўра бахтлироқ эди. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимнинг ҳузурида бир қиз бўлсаю уни тириклай кўмиб юбормаган, таҳқирламаган ва ўғлини ундан устун қўймаган бўлса, Аллоҳ уни жаннатга киритади”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).

Аллоҳ таолонинг ҳузурида қиз боланинг қадри улуғ. Афсус, буни кўпчилигимиз англаб етмаймиз. Орамизда қиз фарзанд кўрганидан хафа бўладиган оталар, келинини айблайдиган қайноналар учраб туради. Наҳот улар фарзанднинг ўғил ё қиз бўлиши бандасининг қўлида эмаслигини тушуниб етишмаса?! Ахир Қуръони каримда: «Осмонлару Ернинг подшоҳлиги Аллоҳникидир. У Зот хоҳлаган нарсасини яратур. У Зот хоҳлаган кишисига қизлар ҳадя этур ва хоҳлаган кишисига ўғиллар ҳадя этур. Ёки уларни жуфтлаб – ўғил-қиз қилиб берур ва хоҳлаган кишисини туғмас қилур. Албатта, У ўта билувчидир, ўта қуд­ратлидир», деб марҳамат қилмаганми?! (Шўро сураси, 49–50-оятлар.)

Албатта, қиз болани иймон-эътиқодли, тақволи ва солиҳа қилиб тарбиялаш осон иш эмас. Бу ота-онадан катта масъулият ва эътибор талаб этади. Агар бунинг уддасидан чиқса, унга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан улуғ башорат бор: “Қизларни тарбиялаш билан имтиҳон қилинган кишига ўша қизлари жаҳаннамдан парда бўлади” (Муттафақун алайҳ).

Яна икки йил ўтиб, ҳалиги инсоннинг оиласида хурсандчилик бўлди: Аллоҳ унга икки ўғил ҳадя этди. Неъматларга шукр қилган эди, Аллоҳ яна зиёда қилди.

Бу воқеа хотини қиз туққанида ғазабланиб, уни ота-онасиникига жўнатиб юборадиганлар учун улкан ибратдир.

Абдураҳмон АСҚАРОВ,

Тошкент шаҳридаги
“Катта Қозиработ”
жоме масжиди
имом-хатиби

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ўзбекистон элчиси Малайзиянинг Перлис штати муфтийси билан учрашди

27.09.2024   4423   1 min.
Ўзбекистон элчиси Малайзиянинг Перлис штати муфтийси билан учрашди

Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев минтақа билан савдо-иқтисодий ва туризм соҳаларидаги алоқаларни янада ривожлантириш мақсадида Малайзиянинг Перлис штатига ташриф буюрди, деб хабар бермоқда “Дунё” ахборот агентлиги.

  Перлис – Малакка ярим оролида жойлашган, мамлакатнинг асосан мусулмонлар истиқомат қиладиган давлатларидан бири. Минтақада қишлоқ ва балиқчилик юқори даражада ривожланган, шунингдек, у Малайзияда шакарқамиш ва табиий каучук ишлаб чиқаришда етакчи саналади.

Ташриф доирасида Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихона делегациясини Малайзиянинг Перлис султони Саййид Сирожуддин Саййид Жамолуллайл қабул қилди.

 Учрашувда Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги муносабатларнинг бугунги ҳолати, истиқболдаги режалари, ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

 Султон Сирожуддин 2003 йилда Малайзия қироли сифатида Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келганини, Ўзбекистон тараққиёти билан танишганини илиқлик билан эслади.

 Шунингдек, ташриф давомида ушбу давлат муфтийси Муҳаммад Aсри Зайнул Обиддин билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида туризмни, жумладан, зиёрат туризмини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

  Малайзия томони бу ҳамкорлик Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти, бой тарихий-маданий меросини малайзияликлар орасида тарғиб қилишга катта ҳисса қўшади, – деб маълум қилди.

  Ташриф якунлари бўйича Малайзия томони Ўзбекистонда қатор лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдор эканлигини билдирди. Доимий алоқаларни давом эттириш ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик бўйича таклифларни қўллаб-қувватлаш бўйича келишувга эришилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари