Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Январ, 2025   |   10 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:48
Пешин
12:36
Аср
15:32
Шом
17:16
Хуфтон
18:35
Bismillah
10 Январ, 2025, 10 Ражаб, 1446
Мақолалар

САЛАВОТ айтишнинг 40 та  ФОЙДАСИ

5.09.2024   4215   3 min.
САЛАВОТ айтишнинг 40 та  ФОЙДАСИ

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

САЛАВОТ айтишнинг 40 та  ФОЙДАСИ

ни

УЛУҒ УСТОЗ УЛАМОЛАРИМИЗ баён қилиб берганлар:

 

КАЛОМУЛЛОҲНИНГ ОЯТИ КАРИМАЛАРИДА

ХУДОИМ ТАОЛО МАРҲАМАТ ҚИЛАДИ:

 

«Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга салавот айтурлар. Эй, мўминлар! Сизлар ҳам унга салавот ва салом айтингиз!» (Аҳзоб сураси 33/56 оят).

 

ЖАНОБИ ПАЙҒАМБАРИМИЗ РАСУЛУЛЛОҲ САЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ

МЕҲР-МУРУВВАТ ТАРИҚАСИДА МАРҲАМАТ ҚИЛАДИЛАР:

 

* «Уч тоифа кишининг қўлга киритган нарсасида барака бўлмайди ва қаерда бўлса ҳам хорланади:

- Менинг номимни эшитганда салавоти шариф айтмаган;

- Рамазон ойига ҳурмат кўрсатмаган;

- Ота-онаси тирик бўла туриб, уларни хурсанд қилмаган».

 

  1. Салавот айтишда Аллоҳ таолонинг амрига итоат, бўйсуниш бор.
  2. Пайғамбаримиз алайҳиссаломга Аллоҳ таолонинг салавот айтиши билан ўзаро мувофиқлик бор. Икки салавотнинг фарқи бўлса ҳам.
  3. Малоикалар билан мувофиқликда салавот айтиш бор.
  4. Бир марта салавоти эвазига салавот айтувчига Аллоҳ таолодан ўнта салавот ҳосил бўлади.
  5. Банда салавот сабаб ўн даражага кўтарилади.
  6. Салавот айтувчига ўнта савоб-ҳасанот ёзилади.
  7. Салавот айтувчидан ўнта гуноҳи ўчирилади.
  8. Салавот – дуонинг ижобат бўлиши сабабларидан биридир.
  9. Салавот айтувчи Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо саллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларига мушарраф бўлади.
  10. Салавот айтиш – гуноҳлар мағфират қилиниши сабабларидан биридир.
  11. Аҳамиятли ишларида салавот айтувчи бандага Аллоҳ таоло кифоя қилади.
  12. Салавот айтувчи Қиёмат куни Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга яқин бўлади.
  13. Машаққат вақтида айтилган салавот садақанинг ўрнига ўтади.
  14. Ҳожатлари салавот сабабидан раво бўлади.
  15. Аллоҳ ва фаришталари салавот айтувчи бандага салавот йўллайдилар.
  16. Салавот айтувчи салавот сабабли покланади.
  17. Ўлимидан аввал у бандага жаннат хушхабари етади.
  18. Қиёмат кунидаги қўрқинч, хавотирлардан нажот топади, қутулади.
  19. Бандага унутиб қўйган нарсасини ёдига туширади.
  20. Айтган салавотига Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам алик олиб, жавоб қайтарадилар.
  21. Салавот айтишда банда ҳожатларини сўраши бор.
  22. Салавот айтувчи фақирлик-қашшоқликдан сақланади.
  23. Салавот айтувчи банда бахилликдан қутулади.
  24. Салавот айтувчи хор-зор бўлиб, хўр бўлиб қолишдан, дуоибад касофатидан омонда бўлади.
  25. Салавот – айтувчини жаннат йўлига йўлланиши сабабидир.
  26. Салавот айтишда Аллоҳ таолодан Унинг Ҳабибига мақтов сўраш бор.
  27. Гапирадиган гаплари ва бошқа сўзлари комил бўлади.
  28. Сирот кўпригида ёрқин, кўпгина нурга мушарраф бўлади.
  29. Салавот айтувчи жафодан, бегоналикдан узоқ бўлади .
  30. Салавот айтувчи осмонлар-у ер аҳли ўртасида Аллоҳ таолонинг мақтовига сазовор бўлади.
  31. Салавот айтиш билан банда баракот соҳиби бўлади.
  32. Салавот айтишда Аллоҳ таолонинг раҳматига ноил бўлади.
  33. Салавот айтувчида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга давомий муҳаббат бўлади.
  34. Салавот айтувчи Пайғамбаримиз алайҳиссаломга суюкли бўлади.
  35. Салавот – ҳидоятга йўллаб, қалбнинг ҳаёти сабабидир.
  36. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтувчининг исми кўрсатилади.
  37. Сирот кўпригида собитқадам бўлади.
  38. Салавот айтувчи Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг баъзи ҳақларини адо қилган бўлади.
  39. Салавотда Аллоҳ таолони зикр қилиш ва Унга шукр қилиш жамлангандир.
  40. Салавот – дуодир!

(Каломуллоҳ – Қуръони Каримнинг ояти карималари ва Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадиси шарифларидан)

 

 Иброҳимжон домла Иномов 

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Номаи аъмол берилиши ҳақидаги эътиқодимиз

9.01.2025   2974   8 min.
Номаи аъмол берилиши ҳақидаги эътиқодимиз

 - 56وَتُعْطَى الْكُتْبُ بَعْضًا نَحْوَ يُمْنَى وَبَعْضًا نَحْوَ ظَهْرٍ وَالشِّمَالِ

Маънолар таржимаси: Номаи аъмоллар баъзиларга ўнг томондан берилади, баъзиларга орқа ва чап томондан (берилади).

Назмий баёни:

Айримларга номалар келар ўнг қўлдан
Баъзиларга берилар орқа ва сўлдан.

Луғатлар изоҳи:

تُعْطَى – икки мафъулли феъл.

الْكُتْبُ – ноиб фоил, биринчи мафъул. كُتْبُ калимаси كِتَابٌ нинг кўплиги бўлиб, аслида, كُتُبٌ дир. Бу ерда назм заруратига кўра كُتْبُ қилиб келтирилган.

بَعْضًا – иккинчи мафъул.

نَحْوَ – наҳв калимасининг бир қанча маънолари бўлиб, бу ерда “томон” маъносида келган. Зарфликка кўра насб бўлиб турибди. Қуйидаги байтларда نَحْو калимасининг беш хил маъноси баён қилинган: 1. “қасд”; 2. “жиҳат”; 3. “миқдор”; 4. “мисл”; 5. “қисм”.

نَحَوْنَا نَحْوَ دَارِكَ يَا حَبِيبِي

لَقِينَا نَحْوَ أَلْفٍ مِنْ رَقِيبِ

وَجَدْنَاهُمْ جِيَاعاً نَحْوَ كَلْبٍ

تَمَنَّوْا مِنْكَ نَحْوًا مِنْ شَرِيبِ

Эй дўстим, йўл олдик ҳовлинга томон,

Йўлиқдик минг қадар рақибга ҳамон.

Уларнинг ит мисол очлигин билдик,

Бирор қисм ютиминг кутишар ҳар он.

يُمْنَى – “ўнг” маъносида бўлиб, тараф ва аъзога нисбатан ишлатилади.

وَبَعْضًا – олдин ўтган بَعْضًا га атф қилинган.

ظَهْر – орқа тараф маъносини билдиради. Масалан, ظَهْرُ الاِنْسَان деганда инсон елкаси ортидан белигача бўлган қисми тушунилади.

الشِّمَالِ – чап тараф маъносини англатади.


Матн шарҳи:

Қиёмат кунида ҳамма маҳшар майдонига тўпланади. Барчага бу дунёда қилган ишлари ёзиб қўйилган китоб – номаи аъмол тарқатилади. Ушбу номаи аъмоллар инсонларнинг ҳаётлари давомида қилган барча ҳатти-ҳаракатлари давомида ёзилган бўлади. Бу ҳақида Қуръони каримда шундай хабар берилган:

“Ҳолбуки, сизларнинг устингизда (барча сўзингиз ва ишингизни) ёдлаб турувчи (фаришталар) бор. (Улар номаи аъмолга) ёзувчи улуғ зотлардир. (Улар) сиз қилаётган ишларни билурлар”[1].

Яъни инсонларнинг қилаётган амалларини кузатиб, ёзиб турувчи фаришталар бор. Улар Аллоҳ таоло ҳузурида энг ҳурматли фаришталар бўлиб, инсонларнинг талаффуз қилган барча сўзларини ва қилган барча амалларини ёзиб турадилар. Қуртубий ушбу оят ҳақида: “Устиларингизда кузатиб турувчи фаришталар бордир” маъносини англатади, – деган. Ушбу ҳурматли фаришталар инсонлар тарафидан содир бўлган барча яхшию ёмон ишларни билиб турадилар ҳамда қиёмат кунида қилмишларига яраша жазо ё мукофот олишлари учун номаи аъмолларига ёзиб турадилар.

Қиёмат кунида фаришталар барча инсонларни бир жойга тўплаганларидан сўнг ҳар бири билан алоҳида ҳисоб-китоб бошланади. Ҳисоб-китобдан олдин уларга бу дунёда қилган барча ишлари ёзиб қўйилган номаи аъмоллари берилади. Ашаддий кофирларга номаи аъмоллари орқа томондан берилади ва улар уни чап қўллари билан оладилар. Баъзи кофирларга чап томондан берилади.

Тақводор мўминларга ўнг томондан берилади. Тавба қилишга улгурмасдан ўлган фосиқ мўминга номаи аъмоли қайси тарафдан берилиши ҳақида уламолар икки хил қарашда бўлганлар:

– Ўнг тарафдан берилади;

– Бу ҳақида гапирмасликни афзал кўришган.

Ўнг тарафдан берилади, деганлар ҳам қачон берилиши ҳақида ўзаро икки хил гапни айтганлар:

1. Дўзахга киришидан олдин берилади ва бу унинг дўзахда абадий қолмаслиги аломати бўлади;

2. Дўзахдан чиққандан кейин берилади.

Номаи аъмоллари ўнг тарафларидан берилганлар осонгина ҳисоб китобдан сўнг жаннатдаги аҳллари олдига хурсанд ҳолда қайтадилар:

“Бас, кимнинг номаи аъмоли (қиёмат куни) ўнг томонидан берилса, бас, у осон ҳисоб билан ҳисоб-китоб қилинажак ва (жанннатга тушган) ўз аҳли (оиласи)га шоду хуррам ҳолда қайтажак”[2].

Сўфи Оллоҳёр бобомиз ушбу масала тўғрисида қандай эътиқодда бўлиш лозимлиги ҳақида бундай ёзган:

Билур гарчи жамиъи ҳолимизни,

Юборур номайи аъмолимизни.

* * *

Юборса номани раҳмат йўлидин,

Келур нома у қулни ўнг қўлидин.

* * *

Қизил юзлик бўлуб ул ҳам сарафроз

Суюнганидин қилур ул банда овоз.

* * *

Ўқунг номамни эй турғон халойиқ

Келубдур нома ихлосимға лойиқ.

Яъни Аллоҳ таолога барча ҳолатларимиз маълум бўлса-да, амалларимиз ёзилган саҳифаларни юборади. У зотнинг буйруқларини бажариб, раҳматига сазовор бўлганларга амаллари ёзилган саҳифаларни ўнг тарафидан юборади.

Бундай бахтли инсонлар китоблари ўнг томондан берилиши биланоқ ўзларининг абадий бахт-саодатга эришганларини биладилар ва мислсиз хурсандчиликдан қувонч кўз-ёшлари билан энтикишиб:“Мана, менинг китобимни ўқиб кўринглар! Албатта, мен ҳисоб-китобимга йўлиқишимга ишонардим”, – дейдилар:

“Бас, ўз китоби (номаи аъмоли) ўнг томонидан берилган киши айтур: “Мана, менинг китобимни ўқингиз! Дарҳақиқат, мен ҳисоботимга рўбарў бўлишимни билар эдим”, – дер”[3].

Аммо кимки Аллоҳга иймон келтирмай, Унинг буйруқларини бажармасдан ўзига берилган фурсатни фақат айшу ишратда яшашга эришиш, гўё дунё лаззатларининг охиригача етиш йўлида сарф қилиб юборган бўлса, унга китоби орқа тарафидан берилади. Китоби орқа тарафидан берилганлар қизиб турган дўзахга кирадилар:

“Аммо кимнинг номаи аъмоли орқа томонидан берилса, бас, (ўзига) ўлим тилаб қолажак ва дўзахда куяжак”[4].

Баъзиларга китоби чап тарафидан берилади. Бундай кимсалар китоби чап тарафдан берилганнинг ўзидаёқ шарманда бўлганларини биладилар. Олдиндаги даҳшатли азоб-уқубатларни ҳис этганларидан титраб-қақшаб: “Вой шўрим, кошки менга китобим берилмаса эди”, – деб қоладилар.

“Энди, китоби чап томонидан берилган кимса эса дер: “Эҳ, қанийди, менга китобим берилмаса ва ҳисоб-китобим қандай бўлишини билмасам! Эҳ, қанийди, ўша (биринчи ўлимим ҳамма ишни) якунловчи бўлса! Менга мол-мулким ҳам асқотмади. Салтанатим ҳам ҳалок бўлиб мендан кетди”[5].

Хулоса қилиб айтганда, барчанинг қилган қилмишлари ва ҳолатлари маълум бўлса-да, Аллоҳ таоло уларга номаи аъмолларининг ҳам берилишини ирода қилган. Ушбу номаи аъмолларнинг қандай берилишининг ўзидаёқ яхши амал қилганларни тақдирлаш кўриниши бор.


Кейинги мавзу:
Амалларнинг ўлчаниши ва сирот ҳақидаги эътиқодимиз

 

[1] Инфитор сураси, 10, 12-оятлар.
[2] Иншиқоқ сураси, 7, 9-оятлар.
[3] Ал-Ҳаққоҳ сураси, 19, 20-оятлар.
[4] Иншиқоқ сураси, 10, 12-оятлар.
[5] Ал-Ҳаққоҳ сураси, 25, 29-оятлар.