Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
18 Январ, 2025   |   18 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:22
Қуёш
07:45
Пешин
12:38
Аср
15:41
Шом
17:25
Хуфтон
18:43
Bismillah
18 Январ, 2025, 18 Ражаб, 1446
Мақолалар

Қандай қилиб 21 кун ичида Аллоҳ яхши кўрган банда бўлиш мумкин?

5.09.2024   3665   2 min.
Қандай қилиб 21 кун ичида Аллоҳ яхши кўрган банда бўлиш мумкин?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ҳа, айнан 21 кун... Ишонмайсизми? Келинг, синаб кўрамиз. Бунинг учун ўзингизга энг осон ва қулай бўлган бирор ибодат турини танланг. Масалан, зикр қилиш, нафл намоз ўқиш, Қуръон тиловат қилиш ёки эҳсон-садақа қилиш.

Қандай ибодат турини танлашингиз муҳим эмас. Энг муҳими – ўзингиз танлаган солиҳ амални 21 кун давомида қолдирмай бажаришингиздир. Ҳар куни мунтазам равишда бажаришни унутманг! Агар унутиб қўйишингиз хавфи бўлса, телефонингизга эслатма ўрнатиб олинг. Бордию, уйингизга бирор вараққа ёзиб, ҳар кунлик бажарганингизни белгилаб борсангиз жуда яхши бўлади.

Агар сиз 21 кун давомида ўзингиз танлаган ибодатни қолдирмай бажаришга муваффақ бўлган бўлсангиз сизни табриклаймиз. Сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Аллоҳ таолога амалларнинг энг севимлиси оз бўлса-да, бардавом бўлаганидир”, деган ҳадисларига амал қилдингиз. Аллоҳ таоло яхши кўрган амални бажариб, Аллоҳга маҳбуб бандалардан бўлдингиз.

Нега айнан 21 кун? Илмий тадқиқотларга кўра, инсоннинг айнан 21 кун давомида бажарган амали одатга айланар экан. Икки дунёда ҳам бандага фойда ва яхшиликлар олиб келадиган амалларнинг одатга айланиши қандай ҳам яхши. Энг муҳими бу одатлар – Роббул аъламийннинг муҳаббатига сабаб бўлса...

Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда бундай марҳамат қилади: “Бандам нафл амаллар билан ҳам Менга яқинлашишда давом этса, Мен уни яхши кўриб қоламан. Уни яхши кўргач эса, эшитадиган қулоғи, кўрадиган кўзи, тутадиган қўли ва юрадиган оёғи бўламан. Мендан бирор нарса сўраса, тилагини бераман, Мендан паноҳ сўраса, уни паноҳимга оламан. Ҳеч бир ишда мўмин бандамнинг жонини олишдагидек тараддуд қилган эмасман. У ўлимни ёқтирмайди. Мен эса унга ёмонлик қилишни истамайман (Имом Бухорий ривояти).

Аллоҳ таоло Ўзининг муҳаббатига олиб борадиган солиҳ амалларда бардавом қилсин!

Даврон НУРМУҲАММАД

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Онага муҳаббат — ибодат, хотинга муҳаббат — саодат

16.01.2025   4076   2 min.
Онага муҳаббат — ибодат, хотинга муҳаббат — саодат

Доктор Мустафо Маҳмуд айтадилар:

"Бир куни бир она менга шикоят қилиб бундай деди:
— Ўғлимнинг хотинига бўлган муҳаббати менга бўлган муҳаббатидан кучлироқ.
Мен ундан сўрадим:
— Помидор яхшими ёки апельсин?
У ажабланганча менга қараб:
— Бундай солиштириш нотўғри, чунки помидор сабзавот, апельсин эса мевалардан, — деди.
Мен унга шундай жавоб бердим:
— Муҳаббат ҳам ҳудди шундай, унинг ҳам турлари кўп ва бир турини бошқа бири билан солиштириш тўғри эмас.
Она мендан тушунтиришимни сўради.
Мен давом этдим:
— Сиз — онасиз, сиз ўғлингиз учун ердаги жаннатсиз, ўғлингиз эса қалбингизнинг бир бўлаги. Унинг сизга бўлган муҳаббати ибодатдир. Хотини эса унинг жуфти, Аллоҳ уни унга бахт учун яратган, унинг хотинига бўлган муҳаббати эса, саодатдир.
Шунинг учун ўғлингизга ибодатда ёрдамчи бўлинг ва унинг бахти учун аёлига бўлган муҳаббатини қўлланг. Унинг сизга бўлган муҳаббатини бошқа муҳаббат билан солиштириб, унинг қадрини туширманг. Ўғлингизни эркин қўйинг, шунда унинг қалби сизни ўз ихтиёри билан қайта топади ва жаннатни сиз орқали излайди.
Шунда она бошини силкитиб гапимни тасдиқлади ва юзини розилик нурли ёритди. У кетар экан, такрорлар эди:
— Унинг менга бўлган муҳаббати ибодат, хотинига бўлган муҳаббати эса саодат. Мен унга ибодатини мукаммал қилишида ёрдам беришим ва хотини билан бахтли бўлишига қўйиб беришим керак.

Азизим она...
Бу суҳбатимизни хотирангизда сақланг. Ўғлингиз турмуш қурганида шу сўзларни эсланг ва унинг хотини билан бахтли яшашига қўйиб беринг. Унинг сизга бўлган муҳаббати ва итоати ила ибодати мукаммал бўлишига ёрдамчи бўлинг. Бу гапларни ҳечам унутманг: "Агар сизга итоат қилишини истасангиз, унга тоқати етадиган ишни буюринг".

Онага бўлган муҳаббат — ибодат,
Хотинга бўлган муҳаббат — саодат.
Ҳар икки муҳаббат ҳам қалбдан чиқади, аммо турли хил ва уларни бир-бири билан солиштириб бўлмайди.
Шундай экан, ибодатингизни гўзал адо этинг ва бахтли бўлинг".

Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ