Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ҳа, айнан 21 кун... Ишонмайсизми? Келинг, синаб кўрамиз. Бунинг учун ўзингизга энг осон ва қулай бўлган бирор ибодат турини танланг. Масалан, зикр қилиш, нафл намоз ўқиш, Қуръон тиловат қилиш ёки эҳсон-садақа қилиш.
Қандай ибодат турини танлашингиз муҳим эмас. Энг муҳими – ўзингиз танлаган солиҳ амални 21 кун давомида қолдирмай бажаришингиздир. Ҳар куни мунтазам равишда бажаришни унутманг! Агар унутиб қўйишингиз хавфи бўлса, телефонингизга эслатма ўрнатиб олинг. Бордию, уйингизга бирор вараққа ёзиб, ҳар кунлик бажарганингизни белгилаб борсангиз жуда яхши бўлади.
Агар сиз 21 кун давомида ўзингиз танлаган ибодатни қолдирмай бажаришга муваффақ бўлган бўлсангиз сизни табриклаймиз. Сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Аллоҳ таолога амалларнинг энг севимлиси оз бўлса-да, бардавом бўлаганидир”, деган ҳадисларига амал қилдингиз. Аллоҳ таоло яхши кўрган амални бажариб, Аллоҳга маҳбуб бандалардан бўлдингиз.
Нега айнан 21 кун? Илмий тадқиқотларга кўра, инсоннинг айнан 21 кун давомида бажарган амали одатга айланар экан. Икки дунёда ҳам бандага фойда ва яхшиликлар олиб келадиган амалларнинг одатга айланиши қандай ҳам яхши. Энг муҳими бу одатлар – Роббул аъламийннинг муҳаббатига сабаб бўлса...
Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда бундай марҳамат қилади: “Бандам нафл амаллар билан ҳам Менга яқинлашишда давом этса, Мен уни яхши кўриб қоламан. Уни яхши кўргач эса, эшитадиган қулоғи, кўрадиган кўзи, тутадиган қўли ва юрадиган оёғи бўламан. Мендан бирор нарса сўраса, тилагини бераман, Мендан паноҳ сўраса, уни паноҳимга оламан. Ҳеч бир ишда мўмин бандамнинг жонини олишдагидек тараддуд қилган эмасман. У ўлимни ёқтирмайди. Мен эса унга ёмонлик қилишни истамайман” (Имом Бухорий ривояти).
Аллоҳ таоло Ўзининг муҳаббатига олиб борадиган солиҳ амалларда бардавом қилсин!
Даврон НУРМУҲАММАД
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
САЛАВОТ айтишнинг 40 та ФОЙДАСИ
ни
УЛУҒ УСТОЗ УЛАМОЛАРИМИЗ баён қилиб берганлар:
КАЛОМУЛЛОҲНИНГ ОЯТИ КАРИМАЛАРИДА
ХУДОИМ ТАОЛО МАРҲАМАТ ҚИЛАДИ:
«Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга салавот айтурлар. Эй, мўминлар! Сизлар ҳам унга салавот ва салом айтингиз!» (Аҳзоб сураси 33/56 оят).
ЖАНОБИ ПАЙҒАМБАРИМИЗ РАСУЛУЛЛОҲ САЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ
МЕҲР-МУРУВВАТ ТАРИҚАСИДА МАРҲАМАТ ҚИЛАДИЛАР:
* «Уч тоифа кишининг қўлга киритган нарсасида барака бўлмайди ва қаерда бўлса ҳам хорланади:
- Менинг номимни эшитганда салавоти шариф айтмаган;
- Рамазон ойига ҳурмат кўрсатмаган;
- Ота-онаси тирик бўла туриб, уларни хурсанд қилмаган».
(Каломуллоҳ – Қуръони Каримнинг ояти карималари ва Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадиси шарифларидан)
Иброҳимжон домла Иномов