Мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз уч йиллигига бағишланган тантанали маросимда баралла янграган бу пурмаъно даъват қалбимиз қўридан, онгу шууриимиздан мустаҳкам ўрин олди.
Миллий истиқлол ҳар бир халқнинг нақадар бебаҳо неъмати эканини англаш, унинг тарихий аҳамиятини чуқур ҳис қилиш учун олим ё файласуф бўлиш шарт эмас, назаримда.
Қутлуғ кунда, шонли санада Ўзбекистон мустақиллиги учун курашган ватанпарвар боболар хотирасини ёдга олишимиз, ўз халқини тараққиёт сари бошлаган жадидлар, озодлик йўлида жон фидо этган аждодларимиз сизу бизга олтин мерос қилиб қолдирган қуйма фикрларни эслашимиз табиий, албатта.
Энг улуғ, энг азиз айёмимиздаги нутқида Президент Шавкат Мирзиёев ҳам айнан улардан иқтибос келтириб, барча ота-оналарга мурожаат қилгани юрагимизнинг туб-тубигача етиб борди: “Ўғил болани ўқитсак, бир киши саводли бўлади. Қиз болани ўқитсак, бутун оила, бутун жамият билимли бўлади!”
Дарҳақиқат, бугун жамиятда мавжуд муаммоларнинг ечими, каттаю кичик томонидан тез-тез ўртага қўйиладиган саволларнинг жавоби сифатли таълимга бориб тақалаётгани ҳеч кимга сир эмас. Тараққиёт эшикларига осилган ҳар қандай қулфни очадиган калитлар ҳам айнан таълим ва тарбиядир.
Сезиб турганингиздек, бугун қисқагина тарзда бўлса ҳам эт билан тирноқ – таълим-тарбия уйғунлигининг долзарб аҳамияти хусусида сўз юритмоқчимиз. Бошқача айтганда, таълим она тилини ўрганишдан бошланса, тарбия маънавият чашмасидан том маънода озиқлангандагина тўлақонли шаклланади.
Президентимиз алоҳида таъкидлаганларидек, мактабларимизда аввало она тили ва адабиётни чуқур ўргатишга алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳам шу фикрнинг тасдиғидир.
“Мустақилликни мустаҳкамлашда маънавий мустақиллик ҳам ғоят муҳим ўрин тутади. Унингсиз истиқлолнинг барқарорлигини таъминлашнинг имкони йўқ. Нима учун шундай? Чунки, бирор халқни йўқ қилиш учун ядровий қуроллардан, қудратли армия босқинидан ҳам кучлироқ омил бор. Бу ўша халқнинг халқлигини йўқ қилишдир. Бунга қандай эришилади? Албатта, унинг ўзлигини, маданиятини, тарихини, бир сўз билан айтганда, маънавиятини барбод қилиш билан эришилади”.
Ушбу фикрларни мен яқинда ЎзАда эълон қилинган, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими Анвар Бобоев қаламига мансуб мақоладан олдим. Зеро, муаллиф миллий мустақиллик ва миллий тилни муҳофаза қилиш, маънавият ва маърифатнинг ҳаётдаги ўрни, маданиятлар тўқнашуви, қадриятларнинг ғаразли талқини хусусида жўяли, энг муҳими, таъсирчан фикрларни илгари сурган.
“Дўст ачитиб гапиради” деганларидек, такрор ва такрор айтишдан толмаслик керак: истиқлолнинг узвий бўғимларидан яна бири маънавий мустақилликдир. Маънавий мустақилликка эса маърифат, эзгулик, тинчликпарварлик, бағрикенглик каби қадриятлар орқали эришилади. Байрам баҳона мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирларнинг бир қисмига тўхталишдан кўзланган мақсад ҳам шу фикрни изҳор этишдан иборат эди, дея мухтасар хулоса қилади.
Айниқса, мақолада ўтган асрнинг ўрталарида фаолият кўрсатган дунёга машҳур дипломат ва разведкачи Аллен Даллеснинг ўзга мамлакат аҳолисини хуфия тарзда маънан-ахлоқан бузишга қаратилган фикрлари билан танишган кишининг эти жимирлаб, янада ҳушёр тортади. Афсуски, шунга ўхшаш “ғоялар”дан бугунги кунда ҳам турли бузғунчи кучлар фойдаланишдан тўхтагани йўқ.
Модомики, давлатимиз раҳбари мустақиллик байрами тантаналарида яна бир бор барчамизнинг эътиборимизни айни шу масалага қаратгани диққатга сазовор: “Бугунги ниҳоятда мураккаб ва таҳликали давр олдимизга янги-янги синов ва муаммоларни кўндаланг қилиб қўймоқда. Лекин... тинчликни сақлаш фақат ҳарбийларимизнинг иши бўлиб қолмаслиги керак. Бу барчамизнинг, ҳар бир Ўзбекистон фуқаросининг муқаддас бурчи бўлиши шарт. Юртнинг кучи – бирликда, қадри эса тинчликдадир”!
Куни кеча истиқлолнинг 33 йиллигини кўтаринки руҳда ўтказган халқимиз яна 25 кундан кейин таълим соҳасида фидойилик кўрсатаётган меҳрибон муаллим ва мураббийларимизнинг касб байрамини, 46 кундан сўнг Ўзбек тили байрамини нишонлаш тадоригини бошлади. Бу эса биз юқорида тилга олган маънавий мустақилликнинг бир устуни мактабу ўқитувчилар тимсолида сифатли таълим, иккинчи устуни маданияту маърифат тимсолида миллий тил муҳофазаси эканини яна ва яна ёдимизга солади.
Гавҳархон МУҚАДДАСОВА,
Солиқ қўмитаси раиси маслаҳатчиси.
ЎзА
Бугун Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи “Цивилизациялар ва кашфиётлар девори” бўйлаб жойлаштириладиган миниатюраларнинг тайёрланиш жараёни билан танишиш учун олимлар, мутахассислар иштирокида оммавий ахборот воситалари вакилларига пресс тур ташкил этилди.
Иккинчи Ренессанс даври миниатюраларини ўз ичига олган “Цивилизациялар ва кашфиётлар девори” узунлиги қарийб 52 метр, бўйи бир метрли ганчкор безак билан ҳисоблаганда 5 метрни ташкил этади.
Девор бўйлаб жами 10 дан ортиқ миниатюра ўрин олади. Деворий суратнинг ҳажмини ҳисобга олган ҳолда миниатюраларни 50 га яқин рассомлар икки ойдан буён тиним билмай меҳнат қилмоқда.
Санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори, рассом Беҳзод Ҳожиметовнинг маълум қилишича, девор учун Ҳирот Бухоро, Самарқанд ва қисман ҳинд миниатюра мактаблари асосида ишланган миниатюралар саралаб олинган.
“50 га яқин миниатюралар орасида Шероз, Исфаҳон, Табриз миниатюра мактаблари услубида ишланганлари ҳам бор эди, аммо ўзимизнинг алломалар, тарихий воқеликлар акс этган расмлар танлаб олинди. Бундан ташқари ов, жанг каби манзаралардан воз кечилди. Сабаби деворий суратлар концепцияси биринчи ўринда цивилизациялар, шахслар ҳамда кашфиётлар мавзуларини ўз ичига олади. Миниатюралар ҳам шу мавзулардан четлаб ўтилмаган ҳолда сараланган. 10 дан ортиқ миниатюра чизиш ишларининг 80 фоизини бажариб бўлдик. Музей деворининг баландлиги 8 метрни ташкил қилиб, унинг 3 метрдан юқори қисмига айнан ушбу миниатюралар девори жойлаштириши кўзда тутилган. Mиниатюралар ҳажмини инобатга оладиган бўлсак, уни Гиннесс рекордлар китобига ҳам киритишимиз мумкин. Композицияларимиз юқори сифатли матога, сифатли бўёқлар билан чизилди ҳамда Италиядан келтирилган тилла суви билан ишлов берилди. Эндиликда устахонада ишланган барча ишларни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг қурилиши якунига етган биносига олиб бориб, махсус елимлар билан деворга жойлаштириш ишлари қолган. Миниатюраларни танлашда экспозицияда жойлаштирилган факсимеллар, экспонатлар ва қўлёзмаларни такрорламасликка эътибор қаратилди. Шунингдек, бош ғоя сифатида кашфиётлар ва цивилизациялар мавзусига эътибор берилди.
Миниатюраларнинг айримлари бизгача тўлиқ етиб келмаган, уларни девор ҳажмига мослаштириб, ўз услубидан чиқмаган ҳолда композицияни тўлиқ тикладик. Шунингдек, ҳар бир миниатюралар орасига ўша даврда ишлатилган нақшлар билан ҳошиялар чизилди. Ушбу нақшларни икки хил – Бухоро ҳамда Ҳирот мактаби услубида чиздик. Нақшлардан айнан биттаси илмий кенгаш аъзолари томонидан танланиб, барча миниатюралар орасига жойлаштирилади” – деди рассом Беҳзод Ҳожиметов.
Қайд этилишича, девордаги миниатюралардан Амир Темурнинг Мовароуннаҳр ҳукмдори деб эълон қилиниши ва унинг илм-фан, маданият ва меъморчилик ривожига қўшган ҳиссасига алоҳида эътибор қаратилади. Бу тарихий жараённи ифодалашда Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома” асарининг Лондонда, Британия кутубхонасида сақланаётган нусхасидаги миниатюралардан фойдаланилган. Девор марказида Амир Темурнинг тож кийиш маросими акс этган “Балх қурултойи” миниатюраси жойлаштирган. Асосий эътибор Амир Темурнинг маърифатпарвар ҳукмдор сифатидаги сиймосини кўрсатиб беришга қаратилади. Жумладан, ушбу йирик тасвирий санъат асарида Амир Темур даврида қурилган иморатлар тасвирланади. Шу билан бирга Самарқандда Беҳзод томонидан акс эттирилган Бибихоним масжидининг қурилиш жараёни ҳам алоҳида кўрсатилади. Мирзо Улуғбек ва унинг жаҳон илм-фанига қўшган ҳиссасига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Улуғбекнинг ҳаётлигида чизилган иккита миниатюра – улардан бири Низомий “Хамса”сидан олинган миниатюра, иккинчиси Ас-Суфийнинг “Китаби сиварил-кавакиб ас-сабита” китобидаги Цефей юлдуз туркуми суратидир. Мирзо Улуғбекнинг асл қиёфасини тиклашда бу суратлар катта ўрин тутади. Шу боис рангтасвир асарида ушбу миниатюраларни ҳам акс эттириш назарда тутилади.
Хуросондаги Темурийлар даври Ренессансида Ҳусайн Бойқаро ва Алишер Навоийнинг ҳиссаси алоҳида кўрсатилади. Бунда қадимий миниатюралар орқали Ҳирот манзаралари, Навоий, Ҳусайн Бойқаро, уларнинг даврасида турган Абдураҳмон Жомий, Камолиддин Беҳзод, Хондамир сингари Ҳирот маданий муҳити намояндалари кўрсатиб берилади. Шунингдек, Ҳусайн Бойқаронинг илм ва маданият ҳомийси сифатидаги ролини ҳам кўрсатиб бериш мақсад қилинган. Бунда ҳам турли қўлёзмаларда акс этган ана шундай миниатюралардан фойдаланилади.
Мазкур экспозицияда Бобур ва Бобурийлар меросига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Бобурга бағишланган қисмда унинг тарихий қўлёзмалардаги миниатюраларидан кенг фойдаланилади. Айниқса, Амир Темурнинг Бобур ва ва унинг авлодлари қуршовида яратилган миниатюраси алоҳида ўрин тутади.
Шунингдек, Марказий Осиёда Темурийлардан сўнг давлатни узоқ вақт идора қилган Шайбонийлар ва Аштархонийлар давридаги илм-фан, таълим ва маданий ҳаёт ўша даврда чизилган тарихий суратларда ўз аксини топади.
Ўтказилган тақдимотда бир қатор тарихчи ва санъатшунос олимлар, ишчи гуруҳ аъзолари ҳамда рассомлар иштирок этиб, “Цивилизациялар ва кашфиётлар девори” юзасидан ўз фикр ва мулоҳазаларини билдириб ўтди. Айрим кўзга ташланган камчиликларни тузатиш бўйича таклифлар берилди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази илмий котиби Рустам Жабборов ҳам миниатюралар деворини шакллантиришда рассомлар билан биргаликда фикр алмашиб, ўзининг тавсияларини берган.
“Марказнинг музей экспозицияси ички контентини бойитиш, марказ деворларини ўз даврига хос миниатюра ҳамда суратлар билан безатиш юзасидан қизғин жараён давом этмоқда. Марказнинг кенгайтирилган йиғилишлари муҳокамасида олимлар ва мутахассислар томонидан айнан “Иккинчи Ренессанс даври” бўлимини миниатюралардан иборат композиция билан бойитиш таклифи берилган эди. Иккинчи Ренессанс даври Амир Темур тахтга ўтирган пайтдан бошланишини инобатга оладиган бўлсак, ушбу деворда айнан шу мавзуга мос миниатюра ҳам жойлаштирилади. 1450 йилга оид Шарафиддин Али Яздийнинг «Зафарнома» асаридаги миниатюра бугунги кунда Британия кутубхонасида сақланади. Эндиликда биз ушбу миниатюрани Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида кўришимиз мумкин бўлади. 35 ёшли навқирон Амир Темур беклар, саркардалар, сарой амалдорлари ҳамда устозлари қуршовида тасвирланган сурат қўш саҳифада чизилган. Уни рассомларимиз девор ҳажмига мослаштирган ҳолда яхлит композиция сифатида тиклаган. Ушбу миниатюраларнинг ҳар бирининг асоси мавжуд. Ўйлашимча, Марказга ташриф буюрадиган томошабин "Иккинчи Ренессанс даври" залида айнан ўша пайтдаги муҳитни ҳис қилади. Сабаби айни шу даврда миниатюра санъати тараққий этган. Ўша даврнинг энг буюк рассомларидан Камолиддин Беҳзод, Маҳмуд Музаҳҳиб сингари мусаввирлар ижод қилишган. Девор учун танланган миниатюралар ҳам айнан шу мусаввирлар ҳамда уларнинг шогирдлари томонидан ишланган. Бу миниатюраларда ўша пайтдаги давлатчилик, халқ ҳаёти, ижтимоий ҳимоя, аёллар, ёшлар каби масалалар акс эттирилган”, – дейди Рустам Жабборов.
Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази музейида Иккинчи Ренессанс даври миниатюраларини ўз ичига олган “Цивилизациялар ва кашфиётлар девори” ташриф буюрувчилар кўз ўнгида тарихни жонлантирса, ажабмас.
Ислом цивилизацияси маркази Ахборот хизмати