Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
02 Октябр, 2024   |   29 Рабиъул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:03
Қуёш
06:21
Пешин
12:17
Аср
16:18
Шом
18:06
Хуфтон
19:19
Bismillah
02 Октябр, 2024, 29 Рабиъул аввал, 1446
Мақолалар

Ҳаётингизни гўзаллик сари ўзгартиринг ёхуд Расулуллоҳнинг 12 суннатлари

6.09.2024   1442   8 min.
Ҳаётингизни гўзаллик сари ўзгартиринг ёхуд Расулуллоҳнинг 12 суннатлари

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким менинг суннатимни тирилтирса, менга муҳаббат қилибди. Ким менга муҳаббат қилса, жаннатда мен билан бирга бўлади", дедилар (Имом Термизий ривояти).

 

1. Уйқуга эрта ётинг ва барвақт туринг.

Кечқурун ухлашга вақтли ётинг, шунда таҳажжуд ва бомдод намозларини адо этишга қийналмайсиз. Натижада эрта тонгдан ишингизни бошлайсиз ва кунингиз баракали ҳамда хайрли ўтади.
 

2. Табассум қилинг.

Динимиз қовоқ солиб юришдан ҳам, доимо ҳазил-мутойиба билан қаҳқаҳа уриб юришдан ҳам қайтаради. Балки жиддийлик, виқорлик ҳамда хушчақчақлик ва ишонч билан юришга буюради. Юзни тириштириб, қовоқ солиб юриш кишининг нимадандир норозилигига ишора қилади.

Ислом динида табассум одатий амал эмас, балки ибодат ҳисобланади. Табассум инсон жисми ва ақлига фойда беради, қон босимини ошишидан ва юрак хасталикларидан ҳимоя қилади.

Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу айтадилар: Мен мусулмон бўлганимдан кейин қачон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрган бўлсам, албатта юзимга табассум билан қараганлар” (Имом Бухорий ривояти).


3. Мисвок ишлатинг.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мисвок оғизни покловчи ва Аллоҳни рози қилувчидир”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Насоий ривояти).

Мисвок милкни бақувват қилади. Тиш тошларини, оғиздаги нохуш ҳидлар ва бактерияларни йўқотади. Хотирани мустаҳкамлайди, нутқни равон қилади. Кўз нурини равшанлаштиради, ошқозон-ичак хасталикларининг олдини олади.


4. Сочни парваришлаб туринг!

Афсуски, бугунги кунда аксарият одамлар соч тўкилиши муаммосидан шикоят қилмоқда. Айниқса, бу касаллик кундан кунга ёшлар орасида ҳам тобора авж олиб бормоқда. Унинг сабаблари кўп, аммо сочини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашиш учун парваришлайдиганлар жуда кам.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимнинг сочи бўлса, унга эҳтиром кўрсатсин”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).

Сочни мой суртиб парваришлаш ҳам фойдали, ҳам унутилган суннат амаллардан биридир.


5. Овқатланишнинг олтин қоидаси – “уч бирини тўлдириш”га амал қилинг.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсон қорнидан ёмонроқ идишни тўлдирмайди, одам боласига белни қоим қиладиган кичик луқма кифоядир. Бас, қориннинг учдан бири таом, бири сув ва қолгани нафас учундир”, деганлар (Имом Термизий, Имом Аҳмад ривояти).

Мутахассислар айтишича, ошқозоннинг тўла бўлиши, инсоннинг чуқур нафас олишига тўсқинлиқ қилар экан. Эркин нафас олмаслик оқибатида қон кислород билан тўйина олмайди. Қолаверса, танадаги модда алмашинуви бузилади ва қоннинг кислород билан тўйиниши учун етарли миқдорда кислород кирмайди. Бу турли касалликлар келиб чиқишига сабаб бўлади.


6. Сувни тик туриб ичманг!

Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сувни тик туриб ичишдан қайтарганлар (Имом Муслим ривояти).

Овқат ва сувни ўтирган ҳолатда ейиш ва ичиш соғлиқ учун фойдалидир. Бунда инсоннинг ошқозони тинч ва бўшашган ҳолатда бўлади, бу эса ўз навбатида сувни ошқозонга ҳеч қандай тўсиқларсиз тўғри келиб тушишини таъминлайди. Ўтириб ичилганда сув аввал ошқозонга тушиб, кислотали муҳит билан қоришади, сўнгра организмдаги микробларни тозалайди ва ўн икки бармоқ ичакка ўтади. Инсон тик туриб сув ичганда эса, сув тўғридан-тўғри ўн икки бармоқ ичакка ўтиб кетади. Бу инсон саломатлиги учун хавфли ва зарарлидир.


7. Гапирсангиз фақат яхши сўзларни сўзланг ёки жим туринг!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса (фақат) яхши сўзларни сўзласин ёки сукут сақласин”, деганлар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).


8. Беморларни зиёрат қилиб туринг.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки бир бетоб мусулмонни эрталаб бориб кўрса, албатта, унга кечқурунгача етмиш минг фаришта салавот айтади. Агар кечқурун бориб кўрса, унга етмиш минг фаришта эрталабгача салавот айтади. Яна унга жаннатда бир боғ яратилади”, дедилар (Имом Термизий ривояти).


9. Ўнг томонга қараб ётинг.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамиша ўнг томонга ёнбошлаб, ўнг кафтларини юзларига қўйиб ётганлар.

Набий алайҳиссалом Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳуга: "Қачон ётмоқчи бўлсанг, намозга қиладиганингдек таҳорат қил. Сўнг ўнг томонинг билан ёнбошла ....", деганлар.

Олимларнинг таъкидлашларича, ўнг ён билан ётиш Альцгеймер, Паркинсон ва бошқа асаб касалликларининг юзага келиш хавфини камайтиради.

Ўнг ён билан ётилганда жигар осилиб қолмасдан бир текисда туради. Ошқозон ҳам жигарнинг тепасида қулай жойлашади. Ошқозон озиқ-овқатни ҳазм қилиб бўлгач, осон ва енгил тозаланади.

Ўнг томонга қараб ухлаш чап ўпканинг нафас олиш йўлларидаги шиллиқсимон суюқликларни чиқариб юборишидаги вазифасини енгиллаштиради.


10. Уйга кирганда салом беринг.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “…Бас, қачон уйларга кирсангиз, бир-бирларингизга Аллоҳ ҳузуридан бўлган муборак, покиза саломни айтинг (яъни “Ассалому алайкум” денг!)…” (Нур сураси, 61-оят).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: "Эй бола, агар уйингга кирсанг аҳлингга салом бер, сенга ва аҳли байтингга барака бўлади", дедилар".


11. Шайтон боғлаган уч тугунни ечинг.

Ширин уйқудан кечиб бомдод намозини адо этиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Агар сизни ҳам шу муаммо қийнаётган бўлса, ушбу ҳадисга амал қилишга ҳаракат қилинг. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирингиз қачон ухласа, шайтон унинг боши орқасига учта тугун тугади. Ҳар бир тугунни боғлаб: “Сени устингда узун кеча бор, ухлай қолгин!” дейди. Агар у уйғониб, Аллоҳни зикр қилса, бир тугун ечилади. Агар таҳорат қилса, яна бир тугун ечилади. Агар намоз ўқиса, тугунлари ечилиб, фаол, руҳи пок бўлиб ўйғонади. Агар ундоқ қилмаса, руҳи чиркин, ўзи дангаса бўлиб ўрнидан туради”, дедилар.


12. Қон олдириб туринг!

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Даволанадиган яхши нарсаларингиз ичида энг яхшиси қон олдиришдир", деганлар (Имом Аҳмад, Имом Абу Довуд ривояти).

Қон олдириш орқали хасталикка сабаб бўлаётган зарарли қонлар чиқиб кетади.

Қон суюқлашиб томирлар юмшайди, қон айланиш жараёни яхшиланади.

Қон олдириш кўзни равшанлаштиради. Қон олдиришнинг яна бошқа жуда кўплаб фойдалари бор.

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

«Субҳаналлоҳ» сўзининг таржимаси

27.09.2024   4266   4 min.
«Субҳаналлоҳ» сўзининг таржимаси

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Субҳаналлоҳ» жумласи Аллоҳ таоло бандалари айтишини яхши кўрадиган зикрлардан ҳисобланади. Биз ҳар куни беш маҳал намоз ўқиганимизда ўттиз уч мартадан «Субҳаналлоҳ», «Алҳамдулиллаҳ» ва «Аллоҳу акбар» зикрларини айтамиз. Унинг қанчалик савобли иш эканидан хабардормиз. Аммо биз қуйида «Субҳаналлоҳ»нинг фазилати эмас, балки мазкур жумланинг ўзбек тилига таржима қилиниши ҳақида тўхталиб ўтамиз. Зеро, айтаётган зикрларимиз мукаммал бўлиши ва ибодатимизда ихлос ҳосил қила олишимиз учун зикрларнинг маъносини билиш талаб этилади.

«Субҳаналлоҳ» жумласи аслида арабча سَبْحًا – يَسْبَحُ – سَبَحَ сўзидан ясалган бўлиб, у луғатда «дарёда сузмоқ», «юлдузларнинг осмонда сузиб юриши» каби маъноларни ифодалайди. سُبْحَانَ сўзи эса, мазкур феълдан ясалган масдар (ҳаракат номи) ҳисобланади. سُبْحَانَ اللهِ жумласи қисқартирилган шакл бўлиб, у аслида أُسَبِّحُ اللهَ سُبْحَانًا أو تَسْبِيحًا шаклига эга.

Биздаги диний адабиётларнинг аксариятида «Субҳаналлоҳ» сўзи «Аллоҳни поклаб ёд этаман, Аллоҳни поклайман», деб ўгирилган. Мазкур жумлани бу тарзда таржима қилиш нотўғри. Чунки Аллоҳ азалий пок Зот, У бизнинг поклашимизга муҳтож эмас. Аллоҳнинг айбу нуқсондан Поклигининг ибтидоси ҳам, интиҳоси ҳам йўқ. У Зот бандалари «Субҳаналлоҳ» деганларидан сўнг Пок бўлган эмас ёки бандалар «Субҳаналлоҳ» демай қўйсалар У Зотнинг Поклигига путур етмайди.

Ҳадиси қудсийларнинг бирида бундай дейилган: «Эй бандаларим, сизлар Менинг зараримга (яъни, Менга зарар етказиш даражасига) ҳеч қачон ета олмайсизларки, Менга зарар берсангизлар! Менинг фойдамга ҳам асло ета олмайсизларки, Менга фойда берсангизлар!» Имом Муслим ривояти.

Аслида биз Аллоҳни поклаб ёд этмаймиз, балки Уни пок деб биламиз, ҳар қандай айбу нуқсондан холи эканини тан оламиз, эътироф этамиз, холос.

Яҳудийлар: «Узайр Аллоҳнинг ўғлидир», насронийлар эса «Масийҳ Аллоҳнинг ўғлидир» деган даъвони қилишди. Шунингдек, улар фаришталар Аллоҳнинг қизлари, Аллоҳ ўзига фарзанд тутди, деб нолойиқ гап-сўзларни тарқатдилар. Лекин бу билан Аллоҳнинг шаънига зиғирча доғ тушгани йўқ. Улар бу сўзлари билан Аллоҳ Поклигига путур етказолмайдилар. Шунингдек, мўминлар «Субҳаналлоҳ» дейиш билан Аллоҳни поклаган ҳам ҳисобланмайдилар. Улар «Субҳаналлоҳ» дейишлари билан Аллоҳнинг Поклик сифати зиёда бўлиб қолмайди. Бу ерда ҳамма нарса эътиқодга боғлиқ. Кофир ва мушрик кимсалар Аллоҳ шаънига нолойиқ гапларни айтадилар ва Аллоҳга шерик қиладилар. Уларнинг эътиқоди шундай. Мўминлар эса, Аллоҳни ҳар хил айб-камчилик ва нуқсонлардан Пок ва Улуғ Зот деб тан олдилар. Бандалар бундан ортиқ нарсага тоқат қила олмайдилар.

Шуни унутмайликки, «покламоқ» сўзи «аслида тоза бўлмаган», «кир босган, ифлосланган нарсани тозалаш»га нисбатан ишлатилади. Масалан, қўлингиз кир, уни поклаш учун сув билан яхшилаб ювиш лозим. Кийимни ҳам худди шундай тозаланади. Энди, бир ўйлаб кўринг, «тозаламоқ» ва «покламоқ» сўзини Аллоҳга нисбатан қўллаш қанчалик катта хато!

Араб тилида «бобут-тафъийл» вазнида ясалувчи сўзларнинг маъноларидан бири шуки, у «фаъала боби»даги феъл ифодалаган иш-ҳаракат ёки сифатни мавжуд деб ҳисоблаш ёки тан олишни билдиради. Масалан:

صَدَقَ – рост гапирмоқ, صَدَّقَ – рост гапирган (ёки ростгўй) деб тан олмоқ.

كَذَبَ – ёлғон гапирмоқ, كَذَّبَ – ёлғон гапирган демоқ ёки ёлғончига чиқармоқ.

Шунга ўхшаб سَبَّحَ феъли ҳам «покламоқ» эмас, балки «пок деб тан олмоқ» маъносини ифодалайди.

Араб тилидаги луғат китобларда, жумладан «Лисанул-ароб», «Ан-ниҳоя», «Мухторус сиҳоҳ» китобларида تَسْبِيحٌ сўзи التَّنْزِيهُ وَالتَّقْدِيسُ وَالتَّبْرِئَةُ مِنَ النَّقَائِصِ деб изоҳланган. Яъни, унинг маъноси «нуқсон ва камчиликлардан холи, пок деб тан олмоқ», «Аллоҳнинг Пок Зот эканини эътироф этмоқ»дир.

Бас, шундай экан, «Субҳаналлоҳ» жумласини ўзбек тилига таржима қилишда юқорида айтиб ўтилган муҳим ва нозик жиҳатлар эътиборга олинса, барчамиз Ўз Зоти ва сифатида Тенгсиз ва Улуғ бўлган Аллоҳ таолонинг шаънига тўғри келмайдиган сўзларни айтишдан сақланган бўламиз.

Манба

Мақолалар