Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
01 Октябр, 2024   |   28 Рабиъул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:02
Қуёш
06:20
Пешин
12:18
Аср
16:19
Шом
18:08
Хуфтон
19:20
Bismillah
01 Октябр, 2024, 28 Рабиъул аввал, 1446

Олим бўлган гўрков (бўлган воқеа)

6.09.2024   8215   3 min.
Олим бўлган гўрков (бўлган воқеа)

Илмнинг фазилати ҳақида бўлиб ўтган воқеани сўзлаб берсам. Биз яшаётган Шом шаҳрида Даҳдаҳ деб аталадиган қабристон бор. У ерга кўплаб олимлар, авлиёлар, алломалар дафн этилган. Ушбу мозор ҳақида бу ерда истиқомат қиладиган аҳоли жуда яхши билади.

Кунларнинг бирида қабристондаги гўрковнинг олдига қария онахон келиб, вафот этган фарзанди учун қабр қазиб беришни илтимос қилди. Гўрков аёлнинг илтимосига кўра қабр қазиди. Бироздан сўнг кичик бир жамоат майитни олиб келишди. Майитни қабрга қўйиш учун гўрковга узатишди. Гўрков майитни қабрга қўяр экан, қабрнинг кенгайиб боғга айланганига, икки фаришта майитни олиб кетаётганига гувоҳ бўлди.

Ҳа, бу айни ҳақиқат, асло тўқима эмас. “Минг бир кеча” китобида келган эртак ҳам эмас.

Гўрков қаттиқ таъсирланиб, хушини йўқотди. Атрофдагилар унинг юзига сув сепиб, қабрнинг ичидан олиб чиқдилар. Одамлар ҳайрон бўлиб: “Сенга нима бўлди?” деб сўрадилар. Гўрков Аллоҳга қасам ичиб, кўрганларини айтиб берди. Аммо ҳеч ким унинг сўзларига ишонмади, “кўзига кўринган” дея тарқалишди.

Орадан ойлар ўтди. Ҳалиги қария аёл яна гўрковнинг олдига келди. Яна бир фарзанди вафот этганини, унинг учун қабр қазиб беришни илтимос қилди. Қабр тезда тайёр бўлди. Одамлар майитни олиб келишди. Гўрков майитни қабрга қўймоқчи бўлганида яна бир неча ой олдин кўрган воқеага гувоҳ бўлди. Қабрда гўзал боғни, икки фариштани кўрди. Бу сафар гўрков ўзини йўқотиб қўймади. Қария аёлни қидириб топди. Унинг олдига бориб, кўзида ёш ила: “Аллоҳга қасамки, икки фарзандингизни ҳам қабрга қўйганимда уларнинг қабри боғга айланганини, икки фаришта келганини кўрдим. Улар тириклик вақтида нима ишлар қилишардики, Аллоҳ уларни шундай гўзал тарзда мукофотлади?” деди.

Қария аёл: “Биринчи фарзандим илм йўлида ҳаёт кечирди. Иккинчиси эса, тадбиркор эди. Олим ўғлимнинг таъминотини ўз зиммасига олганди. Илм олиши учун нима керак бўлса муҳайё қиларди”, деди.

Гўрков аёлнинг бу жавобидан қаттиқ таъсирланди. Қабристондаги ишини ташлаб, “Тавба” номли жоме масжидига борди. У ерда менинг бобом Саъид Бурҳоний имом бўлиб ишлардилар.

Гўрков: “Мен илм олишни истайман”, деди.

Бобом: “Жуда яхши. Лекин ёшинг элликка яқинлашиб қолган бўлса, нега энди илм олмоқчисан?” деди қизиқиб. Гўрков ўзи гувоҳ бўлган воқеани сўзлаб берди.

Бобом: “Ундай бўлса Аллоҳга тақво қил, Ўзига таваккул этиб, илм олишга кириш”, деди.

У дастлаб наҳв дарслиги Ажрумия матнини, сўнгра бошқа китобларни бирин-кетин қунт билан ўқиб чиқди. Кечаю кундуз тинимсиз илм олишга ошиқди. Ниҳоят, Аллоҳнинг фазли ва раҳмати ила келажакда Шомнинг машҳур олими Абдураҳмон Ҳаффор бўлиб етишди. Унинг барча фарзанд ва авлодлари ҳам замонасининг уламоларидан бўлишди.

Дарҳақиқат, Аллоҳ ихлос ила қилинган амалларни қабул этади ва гўзал тарзда мукофотлайди. Талаба дипломни қўлга киритиш, одамлар олим дейишлари, бойликка эга бўлиш учун илм олмаслиги, балки илм олишда Аллоҳнинг буйруғини холис бажариш ниятида бўлиши керак.

Доктор Шайх Иброҳим бундай деган: “Илм олишдан мақсад фақатгина Аллоҳнинг амрига амал қилиш бўлиши лозим. Зеро, Аллоҳ таоло илк нозил қилган оятда: “Яратган Роббинг номи билан ўқи” деб марҳамат қилган”.

Даврон НУРМУҲАММАД

Бошқа мақолалар

Фахрий имом-хатиблар байрам билан қутланди

30.09.2024   1689   1 min.
Фахрий имом-хатиблар байрам билан қутланди

Устоз – жамиятни олға бошловчи ва унинг эртанги ку­нини таъминловчи, таъбир жоиз бўлса, бир йўлчи юл­дузлардир. Устозсиз ҳеч бир жамият камолга етмаган. Шунинг учун ҳам халқи­мизда “Устоз отангдек улуғ” деган чиройли иборалар бор. Шундай экан, устознинг ҳам ота-онадек ҳақлари бор.


Пайғамба­римиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам мураббийларга олимларни ҳурмат­лаш, муаллим ва устозларни улуғ­лаш борасида кўпгина қим­матли кўрсатмалар бер­ганлар.


Имом Аҳмад, Имом Табароний ва Ҳоким Убода ибн Со­мит­дан розийаллоҳу анҳу ривоят қилади. Расу­лул­лоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кексаларимизни улуғ­ламаган, кичикларимизга меҳрибон бўлмаган ва олим­ларимизни (ҳақини) билмаган менинг умма­тим­дан эмас”, дедилар.
 

1-октябрь – ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан қорақалпоғистонлик диний соҳа ходимларимиз Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти тизимидаги масжидларда кўп йиллар давомида хизмат қилган, бугунги кунда нафақада бўлган нуроний имом домлалар ҳолидан хабар олиб, байрам билан қутлади.


Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти
Матбуот хизмати

Фахрий имом-хатиблар байрам билан қутланди Фахрий имом-хатиблар байрам билан қутланди Фахрий имом-хатиблар байрам билан қутланди Фахрий имом-хатиблар байрам билан қутланди Фахрий имом-хатиблар байрам билан қутланди