Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
01 Октябр, 2024   |   28 Рабиъул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:02
Қуёш
06:20
Пешин
12:18
Аср
16:19
Шом
18:08
Хуфтон
19:20
Bismillah
01 Октябр, 2024, 28 Рабиъул аввал, 1446
Мақолалар

Масжидда иккинчи жамоат бўлиши мумкинми?

9.09.2024   1144   2 min.
Масжидда иккинчи жамоат бўлиши мумкинми?

Cавол: Жамоат намозига кеч қолган кишилар ўзаро келишиб, иккинчи жамоат бўлиб ўқишлари мумкинми?

Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Имом ва муаззини тайин қилинган ҳамда қавми бўлган масжидларда жамоат намози адо қилингач, бошқа одамлар иккинчи жамоат бўлиб, аввалги имомнинг меҳробида, азон ва такбир айтиб намозни адо қилишлари макруҳдир.

Имом Сарахсийнинг “Мабсут” номли китобларида қуйидагича келтирилган: “Бир қавм (имом билан) намоз ўқилган масжидга кирса, улар учун у ерда азон ва иқомат айтиб, жамоат бўлиб намоз ўқиш макруҳ бўлади. Шунинг учун улар азон ва иқоматсиз ёлғиз-ёлғиз намоз ўқишади”.

Бу мавзуда Аллома ибн Обидийн бундай ёзадилар: “Имом Абу Юсуфдан нақл қилинади: “Агар кейинги жамоат олдинги жамоатнинг кўринишида бўлмаса, макруҳ саналмайди. Акс ҳолда эса, макруҳ саналади. Саҳиҳ гап шудир. Кейинги жамоатнинг имоми меҳробдан ташқарида туриши билан ҳайъат (кўриниш) ўзгарган бўлади. (“Баззозийя”).

“Татархонийя” китобида “Валволижийя”дан нақл қилинишича, “Биз ушбу фатвони оламиз, дейилган” (“Раддул-муҳтор” китоби).

Мазкур ва бошқа китоблар ибораларига кўра, бир четда, кўпчиликни йиғиш учун бир-бирини чақирмасдан, азон ва такбир айтмасдан иккинчи жамоат бўлиши кароҳиятсиз жоиздир.

Муайян бир имом ва муаззини йўқ ҳамда қавми бўлмаган, йўловчилар учун қурилган масжид, шунингдек, аэропорт, вокзал, меҳмонхоналарда ташкил этилган намозхоналарда азон ва такбир билан иккинчи, учинчи жамоат бўлиб намоз ўқиш жоиз. “Роддул Муҳтор” китобида бундай келган: “Маҳалла масжидида азон ва иқомат билан иккинчи жамоат бўлиб намоз ўқиш макруҳ. Йўл бўйидаги масжидлар ҳамда муайян имоми ва муъаззини бўлмаган масжидларда макруҳ эмас”.

Ҳар бир мўмин имкон қадар намозларни масжидда асосий жамоат билан ўқишга ҳаракат қилиши лозим. Биринчиси бўлмаса, кейинги жамоатга улгураман, деган нотўғри тушунчадан узоқ бўлиш керак. Бу тушунча суннатга мутлақо хилофдир. Зеро, жамоат қанчалик катта бўлса, унинг савоби ҳам шунча улуғ бўлади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво маркази.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ўтганлар ҳақида “раҳматли” дейиш жоизми?

30.09.2024   790   1 min.
Ўтганлар ҳақида “раҳматли” дейиш жоизми?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Cавол: Марҳумлар ҳақида гапирганда ҳозир кӯп кишилар "раҳматли бӯлиб кетган", деб айтишмоқда. Шунда мен бундай дейиш хато десам, ким айтди буни, деб сӯрашяпти. Шунга бир изоҳли жавоб берсангиз?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Вафот этган мўмин-мусулмонларнинг ҳаққига мазкур сўзлар билан дуо қилиш ва ўтганларга Аллоҳнинг раҳмат ва мағфиратини умид қилиш мустаҳаб-савобли ишлардан биридир.

Мусулмон инсоннинг мусулмон устидаги ҳақларидан бири вафотидан кейин уни яхшилик билан эслаш, хотирлаш ва ҳаққига хайрли дуо қилишдир.

Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: “Эй, Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари иймон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда иймон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй, Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан!” (Ҳашр сураси, 10-оят).

Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада мусулмонларга ўзларидан аввал иймон билан ўтган зотларнинг ҳаққига дуо ва мағфират сўраб дуо қилишларини таълим бермоқда. Мусулмонлар асрлар оша ушбу таълимотга содиқ қолиб келмоқдалар.

Ўтганларни хотирлаш ва уларнинг ҳақларига дуо қилиш турли халқларда турлича ибора ва сўзлар билан ифода қилинади. Бизнинг халқимизда ўтганларни “марҳум”, “мағфур” “раҳматли”, “раҳматли бўлиб кетган” ва шу каби дуо маъносидаги сўзлар билан ёдга олиш урф бўлган ва бу савобли амалдир.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

Мақолалар