Cавол: Никоҳ ўқитилаётганда гувоҳлар мусулмон бўлиши шартми? Сабаби чет элда никоҳ ўқитаётган ёшлар кундан кунга кўпаймоқда.
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Мусулмон эр ва аёл никоҳланаётганда иштирок этаётган гувоҳлар балоғатга етган, ақли расо ва мусулмон бўлишлари шарт. Мазкур шартларнинг бири топилмаса, гувоҳлик тўғри бўлмайди ва никоҳ ҳақиқий бўлган ҳисобланмайди.
“Ҳидоя” китобида бундай дейилган: “Икки мусулмоннинг никоҳи фақатгина мусулмон, балоғатга етган, ақли расо ва ҳур бўлган икки эркак ёки бир эркак ва икки аёл гувоҳлигида боғланади”.
Демак, никоҳдаги гувоҳларнинг мусулмон бўлиши шарт. Шундай экан, зарурат бўлганда, ота-оналар маслаҳати билан чет элда турмуш қурмоқчи бўлганлар ўша жойдаги мусулмонлар гувоҳлигида никоҳланишлари лозим. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
Устоз – жамиятни олға бошловчи ва унинг эртанги кунини таъминловчи, таъбир жоиз бўлса, бир йўлчи юлдузлардир. Устозсиз ҳеч бир жамият камолга етмаган. Шунинг учун ҳам халқимизда “Устоз отангдек улуғ” деган чиройли иборалар бор. Шундай экан, устознинг ҳам ота-онадек ҳақлари бор.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам мураббийларга олимларни ҳурматлаш, муаллим ва устозларни улуғлаш борасида кўпгина қимматли кўрсатмалар берганлар.
Имом Аҳмад, Имом Табароний ва Ҳоким Убода ибн Сомитдан розийаллоҳу анҳу ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кексаларимизни улуғламаган, кичикларимизга меҳрибон бўлмаган ва олимларимизни (ҳақини) билмаган менинг умматимдан эмас”, дедилар.
1-октябрь – ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан қорақалпоғистонлик диний соҳа ходимларимиз Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти тизимидаги масжидларда кўп йиллар давомида хизмат қилган, бугунги кунда нафақада бўлган нуроний имом домлалар ҳолидан хабар олиб, байрам билан қутлади.
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти
Матбуот хизмати