Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
13 Ноябр, 2024   |   12 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:47
Қуёш
07:09
Пешин
12:12
Аср
15:24
Шом
17:08
Хуфтон
18:24
Bismillah
13 Ноябр, 2024, 12 Жумадул аввал, 1446
Мақолалар

Бомдод намозига тура олмасангиз

9.09.2024   2016   1 min.
Бомдод намозига тура олмасангиз

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир” (Нисо сураси, 103-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бомдоднинг икки ракати дунё ва ундаги нарсалардан яхшидир”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Ушбу ҳадисда бомдоднинг икки ракат суннати ҳақида сўз бормоқда. Унинг фарзининг савоби қанча экан...?

Агар сиз бомдод намозига туришга қийналаётган бўлсангиз, қуйидаги сабабларни қилишингизни тавсия қиламиз:

1. Будильникни ётоқингиздан узоқроққа қўйинг. Шунда уни ўчириш учун туришингиз керак бўлади, бу эса уйқудан уйғонишни осонлаштиради.

2. Агар жуда қаттиқ ухласангиз, иккита баланд овозли будильникдан фойдаланинг. Бирини тўшакнинг ёнига, иккинчисини узоқроққа қўйинг.

3. Ухлашга ётишдан олдин дуо қилинг: “Аллоҳим, бомдод намозига туришимга тавфиқ бергин”.

4. Оила аъзоларингизга сизни уйғотишларини тайинлаб қўйинг.

5. Дўстингиздан сизни телефон қилиб намозга уйғотишини сўранг.

6. Эрта ётинг. Қанчалик кеч ётсангиз, бомдод намозига туришингиз шунчалик қийин бўлади.

7. Унутмангки, шайтон сизни “ҳали тун узоқ, ухлайвер”, деб алдайди. Агар туришга дангасалик қилсангиз, шайтонга эргашган бўласиз. Танлов ўз қўлингизда...

8. Уйғонганингизда қуйидаги дуони ўқинг: “Алҳамду лиллаҳиллазий аҳйана баъда ма аматана ва илайҳин нушур. Бизни вафот эттиргандан кейин қайта тирилтирган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Қайта тирилиш Унинг Ўзигадир”.

9. Кейин ушбу зикрни қилинг: “Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ”.

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Ўлимдан қолган қассоб

6.11.2024   2824   3 min.
Ўлимдан қолган қассоб

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Мусулмонлар халифаси Хорун ар-Рашид раҳматуллоҳи алайҳ халқ ҳаётини ўрганиш учун фақирона кийиниб, ҳайвон бозорини айланиб юрса, бир қассоб бир қўйнинг баҳосини сўрабди. Сотувчи “20 танга” деганини эшитиб, қассоб “Қўйингизнинг 14 кило гўшти, 4,5 кило ёғи бор. Унинг нархи 15 танга холос”, дебди ва қўйни олмай кетибди.

Халифа навкарларидан бирига қўйни сотиб олишни, иккинчисига қассоб ортидан боришни буюрибди. Бозордан қайтгач, ўша қўйни сўйишибди ва қассоб айтганидек, 14 кило гўшт ва 4,5 кило ёғ чиққанини кўришибди. Қассобни топиб келишибди ва унга яна икки қўчқорни кўрсатиб, қанча гўшт ва ёғ борлигини сўрашибди. Қўчқорлар сўйилганидан сўнг қассоб айтган миқдорда ёғ-гўшт чиқибди. Халифа қойил қолибди ҳамда ундан дунёвий ва ухровий илмлардан сўрабди.

Афсус, бу соҳада қассобнинг илми йўқ эди.

Шунда халифа дебди: – Эй қассобзода! Наҳот, ҳаётни фақат қассобчиликдан иборат, деб тушунсанг? Қани сенда давлатингга муҳаббат, халқингга муҳаббат? Наҳот, ҳалол ва ҳаромнинг фарқига бормасанг?

Халифа жар солдириб, эълон қилибди:

– Бу қассоб шунча зеҳни, шунча илми бўла туриб, ё дунёвий, ё ухровий илм олмагани, ҳалол-ҳаромнинг фарқига бормагани учун бошқаларга ибрат бўлсин деб келгуси жума куни уни остираман.

Ҳамма бу ҳукмдан рози бўлиб, унинг одиллигини тан олишибди.

Эртаси куни халифа қабулига икки ёш йигитча кириб келибди. Халифа уларнинг хулқу ахлоқини кўриб, ичида “Фарзандинг бўлса, шундай бўлсин” – деб қўйибди. Йигитлар халифадан гапиришга изн сўрашибди ва рухсатдан сўнг дейишибди:

– Эй шаҳаншоҳ! Аввало, бизнинг бир қошиқ қонимиздан кечинг. Биз ўлимга ҳукм қилинган қассобнинг ўғилларимиз. Отамиздан сўралган саволларни биздан сўрасангиз. Халифа болаларни узоқ саволга тутиб, улардаги илму етукликни сезиб, кучлироқ олим кишиларни чорлаб, илм мажлиси ўтказибди ҳамда болаларнинг зеҳни ва илмига қойил қолибди ва дебди:

– Сизларга тасанно, лекин отангизга чиқарилган ҳукм ҳаммага маъқул келган ва кўпчиликка ибратдир.

Шунда қассобнинг катта ўғли:

– Эй муҳтарам жамоа! Болалой, ота ва она – кулол эмасми?

Бола онадан ўғри, қотил ёки ёлғончи бўлиб туғилмайди-ку. Уни тарбияловчи ота-она ва ташқи муҳитдир. Отамизга чиқарган ҳукмни отамизга эмас, унинг отасига чиқариш керак эди. Отамиз ўзи илмсиз бўлса ҳам, бизни шунчалик илмли, маърифатли бўлишимизга шароит яратди. Отамиз таҳсинга лойиқдир, деди.

Халифа узоқ сукут сақлади ва деди:

– Эй вазир, сен энди истеъфога чиқ. Шу бола менга вазир бўлсин. Эй жаллод, қассобни олиб кел, устига зарбоф тўн ёп, бу элга ибрат бўлсин. Чунки бизнинг келажагимиз – фарзандларимиз. Бола тарбияланганлиги, олижаноблиги учун қассоб шунга лойиқдир. Қассобнинг отаси тирик бўлса, олиб келинг, ўлган бўлса, гўри устига ўттиз дарра уринг! Чунки шу қассоб ҳам ёшлигида истеъдодли бўлган, отаси эса унга қассоблиқдан бошқа нарсани ўргатмаган.

Дунёвий ва ухровий илм изламоқ – туғилгандан то лаҳадга боргунча фарз. Ўз маънавиятимиз ва миллий ғуруримизни ўзимиз кўтарайлик. Бизнинг ҳам гўримиз устига дарра тушишидан Аллоҳ асрасин.

 

Муҳаммад Қуддус Абдулманнон,
“Етти чинор” жоме масжиди имом-ноиби.