Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бамбук дарахтини экиб, бир йил тўлиқ кутасиз, лекин ҳеч нарса унмайди. Икки йил ўтса ҳам ҳеч нарса кўринмайди.
Учинчи йил келади, уни парваришлашда, суғоришда, зараркунанда ҳашоратлардан ҳимоя қилишда давом этасиз. Аммо у ўсмай тураверади.
Ичингизда уни “таг-томири билан ердан суғириб ташласаммикин” деб ўйлайсиз, лекин тўртинчи йили ҳам кутишга қарор қиласиз. Аммо яна ҳеч қандай ўзгариш бўлмайди.
Шунда ўзингизга савол берасиз: “Нега шунча ҳаракат қилсам ҳам ўсмаяпти? Ахир ҳаммасини тўғри қилдимку?!”.
Бешинчи йили эса кутилмаганда у ўса бошлайди. Ҳар куни 3 қарич ўсиб, бир ойда бўйи тўқсон қаричга етади.
Бамбук 5 йил давомида ер тагида томир отаётган бўлади.
Бамбук дарахти худди биз яшаётган ҳаётга ўхшайди! Бир ишни тўғри бажарсангиз-у самарасини кўрмасангиз, уни тарк этишга шошилманг, сабр қилинг! Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан “Қандай амал Аллоҳ учун энг севимли?”, деб сўрашганда “Оз бўлса ҳам, давомлиси”, деб жавоб берганлар (Имом Термизий ривояти).
Устоз – жамиятни олға бошловчи ва унинг эртанги кунини таъминловчи, таъбир жоиз бўлса, бир йўлчи юлдузлардир. Устозсиз ҳеч бир жамият камолга етмаган. Шунинг учун ҳам халқимизда “Устоз отангдек улуғ” деган чиройли иборалар бор. Шундай экан, устознинг ҳам ота-онадек ҳақлари бор.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам мураббийларга олимларни ҳурматлаш, муаллим ва устозларни улуғлаш борасида кўпгина қимматли кўрсатмалар берганлар.
Имом Аҳмад, Имом Табароний ва Ҳоким Убода ибн Сомитдан розийаллоҳу анҳу ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кексаларимизни улуғламаган, кичикларимизга меҳрибон бўлмаган ва олимларимизни (ҳақини) билмаган менинг умматимдан эмас”, дедилар.
1-октябрь – ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан қорақалпоғистонлик диний соҳа ходимларимиз Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти тизимидаги масжидларда кўп йиллар давомида хизмат қилган, бугунги кунда нафақада бўлган нуроний имом домлалар ҳолидан хабар олиб, байрам билан қутлади.
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти
Матбуот хизмати