Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
08 Ноябр, 2024   |   07 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:42
Қуёш
07:03
Пешин
12:12
Аср
15:29
Шом
17:13
Хуфтон
18:29
Bismillah
08 Ноябр, 2024, 07 Жумадул аввал, 1446

Уйларимизнинг бекалари

10.09.2024   1571   2 min.
Уйларимизнинг бекалари

Баъзи аёлларни уй бекаси десангиз, негадир ёқтирмагандай бўлишади.  Бунга сабаб “уй бекаси” бўлишнинг моҳиятига тушунмай, паст назар билан қарашларидир.
 
Аслида, аёлнинг чинакам латофати уйларида бекалик қилган чоғларида яққол кўринади. Бекалик билан оналик вазифалари яхлит, ажралмасдир. Хотин киши яхши касб-ҳунар эгаллаган бўлса ҳам, уйда бекалигини унутмаслиги керак. 
“Уй бекаси эмас” ибораси аёлнинг кўпинча уйдан ташқарида бўлишини ифодалайди, яъни уй ишларини бажармайдиган, уйига эга чиқа олмаган аёл. Хотин киши қайси касбни эгаллаган бўлмасин, унинг асл, ярашадиган иши уй бекалигидир. Яъни, у боласини эмизади, овқат пиширади, уй ишларини қилади, хотинлик вазифаларини ҳам унутмайди. 

Яхши уй бекаси бўлиш осон эмас. Ҳар ҳолда идора ишларидан кўра оғирроқ. Буни “ишловчи” аёллар жуда яхши ҳис қилишади. Аёлнинг табиати бекаликка мослашган. Чунки уй ишлари аёлга завқ ва ҳаяжон беради. Буни идрок этганлар учун бекалик бахту саодат манбаидир. Пиширган овқатини дастурхон атрофида бутун оила жам бўлиб ейиши, эри ва болаларидан миннатдорлик эшитиши, бир она сифатида қадрланиши уй бекасига роҳат бағишлайди.

Уй бекаси йўқни йўндириб, оиласига фойда кўзлайди. Эри ва фарзандларининг истагини ҳисобга олган ҳолда овқат пиширади. Уйни тоза ва тартибли тутади. Тозалик беканинг муваффақият ойнасидир. Озода бека бошқаларнинг ҳам руҳий дунёсини ойдинлатади. 

Бундай бекали уйда шовқин-сурон, бақир-чақир бўлмайди. Ширин сўзи ва табассуми билан келишмовчиликларнинг олдини олади. Чинакам уй бекаси қилган ишидан роҳат туйиб, ҳордиқ чиқаради.
 Эрлар дунё ишларини бошқаришади. Бекалар уларга энг яхши ёрдамчилардир. Яхши уй бекаларига бериладиган энг катта мукофот эса, икки дунё саодатини сўраб, ҳақларига дуо қилишдир. 

Зебунисо ҲУСАЙН қизи

"Мўминалар" журнали, 8-сон, 2023 йил

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Таҳоратнинг мияга таъсири

4.11.2024   1310   2 min.
Таҳоратнинг мияга таъсири

Йиллар ўтган сайин илмий кашфиётлар аниқлаган натижалар Аллоҳ таоло томонидан инсонга буюрилган барча нарсалар шубҳасиз фойдали эканлигини исботламоқда.

Мия ярим шарлари доминант принцип бўйича ишлайди, яъни бири фаоллашса, иккинчисининг ҳам ишлаш фаолиятини таъминлайди ёки аксинча иккинчиси наргисининг ҳам ўрнига ишлай олади. Бу дегани мия доимо фаол бўлиб, тананинг табиий эҳтиёжларни қондиришда ярим шар қолган қисмини ҳам ўрнини босади. Таҳорат бутун мияни, яъни ҳар икки ярим шарларни оптимал фаоллаштириши тадқиқотларда аниқланган.

Инглиз олими В.Пенфилд 1956 йилда кашфиёт қилиб, терининг айрим жойларини ишқалаш натижасида мия ярим шарлари фаоллашишини аниқлади. Таҳоратда тана аъзолари уч марта ювилади, бу энг мақбул ишқалаш хусусиятини беради. Ўзининг кашфиёти билан машҳур бўлган олим В.Пенфилднинг диаграммасида таҳорат пайтида миянинг деярли бутун қобиғи, тахминан 83% фаоллашгани қайд этилган.

Диаграмма кўрсатадики, тана аъзоларининг айрим қисмларини ювганда, бутун танани ювишдан кўра, мия ярим шарлари кўп миқдорда фаоллашади. Суннатга кўра, нафақат намоздан олдин, балки диққатни жалб қиладиган, тез фикрлашга, ўзгарувчан қарорлар бериш учун миянинг максимал фаоллиги талаб этиладиган саёҳат, илмий фаолият, учрашувларга боришда, омма олдига чиқишда, шифокорлар операцияга киришда, муҳандислар дастгоҳда иш бошлашда ва шунга ўхшаш бошқа муҳим ишлардан олдин ҳам таҳорат олиш тавсия этилади.

Илмий тадқиқотлар таҳоратнинг таъсири ҳақида кўплаб янги билимлар олишга имкон яратмоқда, шу билан бирга исломдаги ҳар бир ҳаракат ва амаллар чуқур илмий асосга эга эканлигини далилламоқда.

Буюк олим Имом Шофеъий дин ва тана илми, яъни тиббиёт энг муҳим эканлигини таъкидлаган. Илм исломнинг ажралмас қисми ҳисобланади. Илмга интилиш амалларни онгли бажаришга ундайди ва ишончни мустаҳкамлайди. Зеро, ҳадисда илм ўрганиш кўплаб нафл намоз ва рўза тутгандан афзал эканлиги айтилган. Қуръони каримда Оли Имрон сурасининг 18-оятида Аллоҳ таоло фаришталардан кейин олимларни зикр қилган. Яъни, илм соҳиблари яратилганлар орасида энг юқори мақомларда туради.

Демак, тадқиқотлардан маълум бўладики, кунига беш марта таҳорат оладиган инсоннинг мия ярим шарлари, бошқаларникига нисбатан фаолроқ ишлар экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадис ва суннатларида эса, доимо таҳоратли бўлишга чақирилади.

ТИИ Ҳадис ва Ислом тарихи фанлари кафедраси
катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев

 

Мақолалар