Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
09 Ноябр, 2024   |   08 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:43
Қуёш
07:04
Пешин
12:12
Аср
15:28
Шом
17:12
Хуфтон
18:28
Bismillah
09 Ноябр, 2024, 08 Жумадул аввал, 1446

Уйларимизнинг бекалари

10.09.2024   1572   2 min.
Уйларимизнинг бекалари

Баъзи аёлларни уй бекаси десангиз, негадир ёқтирмагандай бўлишади.  Бунга сабаб “уй бекаси” бўлишнинг моҳиятига тушунмай, паст назар билан қарашларидир.
 
Аслида, аёлнинг чинакам латофати уйларида бекалик қилган чоғларида яққол кўринади. Бекалик билан оналик вазифалари яхлит, ажралмасдир. Хотин киши яхши касб-ҳунар эгаллаган бўлса ҳам, уйда бекалигини унутмаслиги керак. 
“Уй бекаси эмас” ибораси аёлнинг кўпинча уйдан ташқарида бўлишини ифодалайди, яъни уй ишларини бажармайдиган, уйига эга чиқа олмаган аёл. Хотин киши қайси касбни эгаллаган бўлмасин, унинг асл, ярашадиган иши уй бекалигидир. Яъни, у боласини эмизади, овқат пиширади, уй ишларини қилади, хотинлик вазифаларини ҳам унутмайди. 

Яхши уй бекаси бўлиш осон эмас. Ҳар ҳолда идора ишларидан кўра оғирроқ. Буни “ишловчи” аёллар жуда яхши ҳис қилишади. Аёлнинг табиати бекаликка мослашган. Чунки уй ишлари аёлга завқ ва ҳаяжон беради. Буни идрок этганлар учун бекалик бахту саодат манбаидир. Пиширган овқатини дастурхон атрофида бутун оила жам бўлиб ейиши, эри ва болаларидан миннатдорлик эшитиши, бир она сифатида қадрланиши уй бекасига роҳат бағишлайди.

Уй бекаси йўқни йўндириб, оиласига фойда кўзлайди. Эри ва фарзандларининг истагини ҳисобга олган ҳолда овқат пиширади. Уйни тоза ва тартибли тутади. Тозалик беканинг муваффақият ойнасидир. Озода бека бошқаларнинг ҳам руҳий дунёсини ойдинлатади. 

Бундай бекали уйда шовқин-сурон, бақир-чақир бўлмайди. Ширин сўзи ва табассуми билан келишмовчиликларнинг олдини олади. Чинакам уй бекаси қилган ишидан роҳат туйиб, ҳордиқ чиқаради.
 Эрлар дунё ишларини бошқаришади. Бекалар уларга энг яхши ёрдамчилардир. Яхши уй бекаларига бериладиган энг катта мукофот эса, икки дунё саодатини сўраб, ҳақларига дуо қилишдир. 

Зебунисо ҲУСАЙН қизи

"Мўминалар" журнали, 8-сон, 2023 йил

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ким қайси дарахтнинг шохини ушлайди?

4.11.2024   1115   2 min.
Ким қайси дарахтнинг шохини ушлайди?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Дарахтлар ҳар хил бўлади. Соя берадиган дарахтнинг соясидан, мевали дарахтнинг мевасидан истеъфода этамиз. Умуман айтганда, дарахтлар Аллоҳ таолонинг бизга берган неъматларидандир.

Бу дунёда инсон сахийлик дарахтининг шохидан ушласа, у шох уни жаннатга йўллайди. Аммо инсон бахиллик дарахтининг шохини ушласа, у шох уни дўзахга элтади. Бу ҳақда жаноб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Сахийлик жаннатдаги бир дарахтдир, унинг шохлари дунёга тушиб туради. Ким унинг бирорта  шохини тутса, у шох уни жаннатга  йўллайди. Бахиллик ҳам дўзахдаги бир дарахтдир. Унинг шохлари дунёга тушиб туради. Кимки унинг шохидан тутса, у шох уни дўзахга элтади”.

Шу сабабли бу дунёда инсоннинг қисмати унинг қайси дарахтнинг шохини ушлашига боғлиқ. Агар инсон ҳаётлик даврида сахий дарахтининг шохларидан ушласа, у икки дунё яхшилигини ушлаган бўлади. Аллоҳнинг розилигида сахий киши чин кўнгилдан яримта хурмони бўлса ҳам муҳтожларга берса, унинг бу ҳиммати катта ажру-савобларга сабаб бўлади. Бу ҳақда шоир бундай ёзади:

Оч қолган гўдакка саховатли зот,
Яримта хурмони дилдан илинди,
Билгилки, бу ҳиммат шу зум, шу заҳот,
Бус-бутун савоб деб қабул қилинди.

Мабодо инсон бахиллик дарахтининг шохларидан ушласа, у дунё ва охират яхшилигидан бебаҳра қолади. Шунинг учун ҳам халқимиз бекорга “Бахилнинг боғи кўкармас” деб бекорга айтмайди.

Аллоҳ таоло барчамизни бахиллик дарахт шохларидан ушлашдан асраб, сахийлик дарахтининг шохларидан ушлашни насиб этсин!

Аллоҳ таоло барчамизни икки дунё саодатига еткарсин!

ТИИ Модуль таълим тизими талабаси,
ЎМИнинг Қашқадарё вилояти
вакиллиги ходими Руҳиддин Акбаров

Мақолалар