Баъзи аёлларни уй бекаси десангиз, негадир ёқтирмагандай бўлишади. Бунга сабаб “уй бекаси” бўлишнинг моҳиятига тушунмай, паст назар билан қарашларидир.
Аслида, аёлнинг чинакам латофати уйларида бекалик қилган чоғларида яққол кўринади. Бекалик билан оналик вазифалари яхлит, ажралмасдир. Хотин киши яхши касб-ҳунар эгаллаган бўлса ҳам, уйда бекалигини унутмаслиги керак.
“Уй бекаси эмас” ибораси аёлнинг кўпинча уйдан ташқарида бўлишини ифодалайди, яъни уй ишларини бажармайдиган, уйига эга чиқа олмаган аёл. Хотин киши қайси касбни эгаллаган бўлмасин, унинг асл, ярашадиган иши уй бекалигидир. Яъни, у боласини эмизади, овқат пиширади, уй ишларини қилади, хотинлик вазифаларини ҳам унутмайди.
Яхши уй бекаси бўлиш осон эмас. Ҳар ҳолда идора ишларидан кўра оғирроқ. Буни “ишловчи” аёллар жуда яхши ҳис қилишади. Аёлнинг табиати бекаликка мослашган. Чунки уй ишлари аёлга завқ ва ҳаяжон беради. Буни идрок этганлар учун бекалик бахту саодат манбаидир. Пиширган овқатини дастурхон атрофида бутун оила жам бўлиб ейиши, эри ва болаларидан миннатдорлик эшитиши, бир она сифатида қадрланиши уй бекасига роҳат бағишлайди.
Уй бекаси йўқни йўндириб, оиласига фойда кўзлайди. Эри ва фарзандларининг истагини ҳисобга олган ҳолда овқат пиширади. Уйни тоза ва тартибли тутади. Тозалик беканинг муваффақият ойнасидир. Озода бека бошқаларнинг ҳам руҳий дунёсини ойдинлатади.
Бундай бекали уйда шовқин-сурон, бақир-чақир бўлмайди. Ширин сўзи ва табассуми билан келишмовчиликларнинг олдини олади. Чинакам уй бекаси қилган ишидан роҳат туйиб, ҳордиқ чиқаради.
Эрлар дунё ишларини бошқаришади. Бекалар уларга энг яхши ёрдамчилардир. Яхши уй бекаларига бериладиган энг катта мукофот эса, икки дунё саодатини сўраб, ҳақларига дуо қилишдир.
Зебунисо ҲУСАЙН қизи
"Мўминалар" журнали, 8-сон, 2023 йил
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бир киши айтади: "Бир куни мен болтамни йўқотиб қўйдим. Менга қўшним болтани ўғирлагандек туюлди. Гумонимни тасдиқлаш учун уни диққат билан кузатдим. Унинг юриши худди болтамни ўғирлаган одамнинг юришидай кўринди. Гапириш тарзи ҳам, ҳамма ҳаракатлари болтамни ўғирлаган кишининг ҳаракатидек туюлаверди.
Ўша кеча болта қайғусида уйқум келмади, туни билан уйғоқ қолиб, қўшнимни ўғри эканлигини қандай қилиб аниқласам экан, деб ўйланиб чиқдим. Эрта тонгда турсам болтам топилиб қолди. Кичик ўғлим болтани устига пўстинни ташлаб қўйган экан. Кейин қўшнимга қарасам, у болтамни ўғирлаган одамга ўхшамай қолди. На юриши, на гапириши, на бошқа ҳатти-ҳаракатлари болтани ўғирлаган кишиникига ўхшамайди. У кўзимга бутунлай беайб, бегуноҳ одам бўлиб кўринди.
Шундагина тушундимки, аслида менинг ўзим ўғри эканман. Қўшнимнинг беозорлиги ва ишончини ўғирлаб, унинг шаънига доғ туширдим. Қолаверса, ўз ҳаётимдан бир кечани ўғирладим, уни бегуноҳ одамни айблаш йўлини ахтариш билан ўтказдим.
Ичидан булғанган одам атрофида тоза, бегуноҳ инсонлар борлигини тушуниб етмас экан...".
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ