Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Ноябр, 2024   |   13 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:48
Қуёш
07:10
Пешин
12:13
Аср
15:23
Шом
17:07
Хуфтон
18:24
Bismillah
14 Ноябр, 2024, 13 Жумадул аввал, 1446

Уйларимизнинг бекалари

10.09.2024   1612   2 min.
Уйларимизнинг бекалари

Баъзи аёлларни уй бекаси десангиз, негадир ёқтирмагандай бўлишади.  Бунга сабаб “уй бекаси” бўлишнинг моҳиятига тушунмай, паст назар билан қарашларидир.
 
Аслида, аёлнинг чинакам латофати уйларида бекалик қилган чоғларида яққол кўринади. Бекалик билан оналик вазифалари яхлит, ажралмасдир. Хотин киши яхши касб-ҳунар эгаллаган бўлса ҳам, уйда бекалигини унутмаслиги керак. 
“Уй бекаси эмас” ибораси аёлнинг кўпинча уйдан ташқарида бўлишини ифодалайди, яъни уй ишларини бажармайдиган, уйига эга чиқа олмаган аёл. Хотин киши қайси касбни эгаллаган бўлмасин, унинг асл, ярашадиган иши уй бекалигидир. Яъни, у боласини эмизади, овқат пиширади, уй ишларини қилади, хотинлик вазифаларини ҳам унутмайди. 

Яхши уй бекаси бўлиш осон эмас. Ҳар ҳолда идора ишларидан кўра оғирроқ. Буни “ишловчи” аёллар жуда яхши ҳис қилишади. Аёлнинг табиати бекаликка мослашган. Чунки уй ишлари аёлга завқ ва ҳаяжон беради. Буни идрок этганлар учун бекалик бахту саодат манбаидир. Пиширган овқатини дастурхон атрофида бутун оила жам бўлиб ейиши, эри ва болаларидан миннатдорлик эшитиши, бир она сифатида қадрланиши уй бекасига роҳат бағишлайди.

Уй бекаси йўқни йўндириб, оиласига фойда кўзлайди. Эри ва фарзандларининг истагини ҳисобга олган ҳолда овқат пиширади. Уйни тоза ва тартибли тутади. Тозалик беканинг муваффақият ойнасидир. Озода бека бошқаларнинг ҳам руҳий дунёсини ойдинлатади. 

Бундай бекали уйда шовқин-сурон, бақир-чақир бўлмайди. Ширин сўзи ва табассуми билан келишмовчиликларнинг олдини олади. Чинакам уй бекаси қилган ишидан роҳат туйиб, ҳордиқ чиқаради.
 Эрлар дунё ишларини бошқаришади. Бекалар уларга энг яхши ёрдамчилардир. Яхши уй бекаларига бериладиган энг катта мукофот эса, икки дунё саодатини сўраб, ҳақларига дуо қилишдир. 

Зебунисо ҲУСАЙН қизи

"Мўминалар" журнали, 8-сон, 2023 йил

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Муқаллид иймонининг эътиборли экани

7.11.2024   8394   8 min.
Муқаллид иймонининг эътиборли экани

41 - وَإِيْمَانُ الْمُقَلِّدِ ذُو اعْتِبَارٍ بِأَنْوَاعِ الدَّلاَئِلِ كَالنِّصَالِ

Маънолар таржимаси: Муқаллиднинг иймони қиличнинг темиридек (ёрқин) далилларнинг навлари билан эътиборлидир.

Назмий баёни:

Муқаллид иймонига бордир эътибор,

Қилич каби ёрқин далиллар бисёр.

Луғатлар изоҳи:

اِيْمَانُ  – мубтадо ва музоф. Луғатда икки хил маънони англатади:

1. Ишонч;

2. Омонлик бериш.

الْمُقَلِّدِ – муқаллид луғатда “тақиб қўювчи”, “осиб қўювчи” каби маъноларни англатади. Истилоҳда эса “Маъсум зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўзганинг сўзини далилсиз қабул қилиб олувчи киши муқаллид дейилади”.

ذُو – хабар бўлгани учун و ҳарфи билан эъробланиб турибди.

اعْتِبَار – музофун илайҳ.

بِ – “сабабия” маъносида келган жор ҳарфи.

أَنْوَاعِ – бу калима نَوْعِ   нинг кўплик шаклидир. Нав жинсдан хос бўлиб ҳақиқати бир хил нарсаларга нисбатан ишлатилади. Жинс эса ҳақиқати ҳар хил нарсаларга нисбатан ишлатилади. Масалан, ҳайвон жинс, инсон навдир. Шунга кўра, бу калима “ҳақиқатлари бир хил бўлган далиллар билан” деган маънони англатади.

الدَّلاَئِلِ – музофун илайҳ. Далил луғатда “белги”, “исбот” маъноларини англатади. Истилоҳда: “Уни билиш сабабли бошқа нарса ҳақида илм ҳосил бўладиган нарса далил дейилади”.

كَ – “ташбеҳ” (ўхшатиш) маъносидаги жор ҳарфи.

النِّصَالِنَصْلٌ нинг кўплик шакли бўлиб, қилич, найза ва пичоқ каби нарсалар ясаладиган мустаҳкам металлга нисбатан ишлатилади. Яъни қиличнинг мустаҳкам темири одатда ярқираб кўзга ташланиб турганидек муқаллид иймонининг мўътабарлиги ҳақидаги далил ҳам мустаҳкам ва ёрқиндир. 

Матн шарҳи:

Кимгадир бирор нарсани тақиш ёки нимагадир бирор нарсани осиб қўйишга нисбатан قَلَّدَ  феъли ишлатилади. Муқаллид (тақлид қилувчи) муқолладнинг тақлид қилинганнинг) сўзини гўё ўзининг бўйнига тақиб олаётгандек бўлгани учун унга муқаллид дейилади. Шу маънода маъсум зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўзганинг сўзини далилсиз қабул қилиб олиш тақлид, дейилади. Яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ақидада, амалда ва умуман барча ишларда эргашиш тақлид бўлмайди. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларига далил сўралмайди, балки у зотнинг сўзлари, қилган ишлари ва тақрир” (бирор ишни қарор топтириш)ларининг ўзи мусулмон киши қабул қилиши шарт бўлган далил ҳужжат ҳисобланади. Зеро, у зотга итоат қилиш Аллоҳга итоат қилиш бўлади.

Демак, умрида Ислом ҳақида умуман эшитмаган кимсанинг олдида Аллоҳ таолога иймон келтириш лозимлиги айтилиб, шаҳодат калимаси ўргатилса, у ҳам айтувчига тақлид қилиб бу калимани қайтарса, шу айтганларининг ўзи билан мўмин ҳисобланадими ёки ҳисобланмайдими? Матнда мана шу саволга жавоб берилди.

Шунга кўра муқаллид деганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошқа кишининг сўзини далилсиз қабул қилувчи киши тушунилишига иттифоқ қилинган. Аммо далилсиз қабул қилувчи деганда ким тушунилиши тўғрисида икки хил қараш айтилган:

1. Одамлардан узоқ олис тоғ чўққиларида яшовчи билан одамлар орасида яшовчи орасида фарқ йўқ, барча инсонлар муқаллид бўлишлари мумкин

2. Одамлардан узоқ олис тоғ чўққиларида яшовчи иймону Ислом ҳақида умуман эшитмаган кишигина муқаллид бўлади. Одамлар орасида яшовчилар эса барчалари фикр юритувчи ва далил изловчи кишилар бўлади.

Мана шу иккинчи қараш Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳаби ҳисобланади.

Муқаллидларни ҳам уламолар икки қисмга ажратганлар:

1. Ўзганинг сўзини қабул қилиб, бу сўзда қатъий турувчи. Яъни унга бу гапни айтган киши ўша гапидан қайтса ҳам, қайтмасдан тура оладиган киши;

2. Ўзганинг сўзини қабул қилган, аммо бу сўзда қатъий жазм қилмаган киши. Яъни унга бу гапни айтган киши ўша гапидан қайтса, бу ҳам, албатта, қайтадиган киши.

Муқаллиднинг иймони эътиборли экани ҳақидаги баҳс биринчи қисмга тегишлидир. Иккинчи қисмнинг эса иймони эътиборли эмаслиги билиттифоқдир. Чунки шак ва тараддуд асло иймон ҳисобланмайди.

Муқаллиднинг иймонини эътиборсиз ҳисоблайдиганлар қуйидаги маънодаги сўзларни айтадилар: Диннинг асосида тақлид қилиш жоиз бўлмайди. Чунки бизлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашишга буюрилганмиз, у зот эса диннинг асосини билишга буюрилганлар:

﴿فَٱعۡلَمۡ أَنَّهُۥ لَآ إِلَٰهَ إِلَّا ٱللَّهُ

“Бас, (эй Муҳаммад!) Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ эканини билинг”[1].  

Ҳар бир мўмин банда диннинг асоси бўлган эътиқод масалаларини билиши лозим. Эътиқод масалаларида ихтилоф кам бўлгани эътиборидан уларнинг асосийларини билиб олиш қийин ҳам эмас. Қолаверса, ҳар бир соғлом табиатли кишининг табиий сезгисида ҳам бу нарса мавжуд. Бунга қуйидаги ривоят далил бўла олади: “Бир аъробий кишидан Аллоҳ таолонинг борлигига далил сўралди. Шунда у: “Бир дона қил катта туяга далолат қилади, қайси бир тезак эшакларга далолат қилади, қадамларнинг излари ўша ердан ўтган кимсага далолат қилади, шундай экан, юлдузларга тўла осмон, далаю яйловларга тўла ер, тўлқинланиб турувчи денгизлар барча нарсаларни Билгувчи, ҳамма нарсага қодир Зотга далолат қилмайдими”, – дея жавоб берди”[2]

Муқаллид иймонининг эътибори йўқ дейдиганлар ушбу каби далилларни келтиришиб, модомики, тақлид қилувчи Аллоҳни танимас экан, У ҳақида тафаккур қилмас экан, иймони эътиборли ҳисобланмайди, дейдилар.

Муқаллиднинг иймони эътиборлидир, дейдиганлар кўплаб ҳам ақлий, ҳам нақлий далилларни келтирганлар. Хулосалари шуки, иймон бу мутлақо “рост деб билиш”, “тасдиқ қилиш” каби маъноларни англатади, шу маънода бировга бир хабар берилса-ю, у ўша хабарни қабул қилса, шу хабар тўғрисида унинг мутлақо билими бўлмаса-да, “рост деб билди”, “тасдиқлади” дейилади-ку. Ана шу маънода бир кишига иймонни юзага чиқарувчи калима айтилган пайтда уни тасдиқласа, у мўмин бандага айланади ва Аллоҳ таолонинг мўмин бандаларига ваъда қилган нарсаларига ҳақдор бўлиб қолади. Яъни билиш билан тасдиқлаш бошқа-бошқа нарсалардир. Масалан, аҳли китоблар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни,  аслида, ўз болаларидан ҳам кўра яхшироқ таниганлари, лекин у зотни тасдиқламаганлари Қуръони каримда баён қилинган:

﴿ٱلَّذِينَ ءَاتَيۡنَٰهُمُ ٱلۡكِتَٰبَ يَعۡرِفُونَهُۥ كَمَا يَعۡرِفُونَ أَبۡنَآءَهُمۡۖ

“Биз китоб берган ўша (золим кимса)лар уни (Муҳаммадни) худди ўз фарзандларини танигандек танийдилар”[3].  

Шу маънода биров шаҳодат калимасини айтса, агар олам ва унинг Буюк Яратувчиси тўғрисида мутлақо тафаккур қилиб кўрмаган бўлса-да, унинг иймони эътиборли ҳисобланади. Зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ёлғиз шаҳодат калимасини айтган аъробийларни ҳам мўминликка ҳукм қилганлар. Бу эса уларнинг иймонлари зоҳиран эътиборга олинишига ва қалбларининг қандай экани Аллоҳга ҳавола қилинишига далолат қилади.   

КЕЙИНГИ МАВЗУ:

Ақли бор кишининг Аллоҳни таниши лозимлиги

 


[1] Муҳаммад сураси, 19-оят.

[2] Абу Ҳафс Сирожиддин Умар ибн Исҳоқ Ғазнавий. Шарҳу ақидати имом Таҳовий. – Қоҳира: “Даротул Караз”, 2009. – Б. 43.

[3] Бақара сураси, 146-оят.

 

Кутубхона