Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Cавол: Бир танишим “Бир инсон вафот этса, жанозадан кейин унинг учун йўл намози деган намоз ўқиб, савобини шу маййитга бағишлайди”, деб қолди. Ҳақиқатан, йўл намози деган намоз борми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Динимизда бир қанча нафл намозлар бор, аммо маййит учун ўқиладиган йўл намози каби бир намоз йўқ. Динда шундай буйруқ бор экан, қилмаса бўлмайди, деб бундай намозни оммалаштириш, вожиб даражасига кўтариш хатодир. Оммалашиб кетса, бидъат ишга айланиш эҳтимоли бор.
Лекин вожиб даражасига чиқармасдан ихтиёрий равишда нафл намоз ўқиб, савобини маййитга бағишлаш жоиз. Бу ҳақида “Баҳрур роиқ” китобида бундай дейилган: “Инсон намоз ўқиб, рўза тутиб, садақа қилиб, савобини тирик ёки маййитга бағишласа бўлади ва савоби уларга етиб боради. Бу Аҳли сунна вал жамоанинг тутган йўлидир”. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
Устоз – жамиятни олға бошловчи ва унинг эртанги кунини таъминловчи, таъбир жоиз бўлса, бир йўлчи юлдузлардир. Устозсиз ҳеч бир жамият камолга етмаган. Шунинг учун ҳам халқимизда “Устоз отангдек улуғ” деган чиройли иборалар бор. Шундай экан, устознинг ҳам ота-онадек ҳақлари бор.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам мураббийларга олимларни ҳурматлаш, муаллим ва устозларни улуғлаш борасида кўпгина қимматли кўрсатмалар берганлар.
Имом Аҳмад, Имом Табароний ва Ҳоким Убода ибн Сомитдан розийаллоҳу анҳу ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кексаларимизни улуғламаган, кичикларимизга меҳрибон бўлмаган ва олимларимизни (ҳақини) билмаган менинг умматимдан эмас”, дедилар.
1-октябрь – ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан қорақалпоғистонлик диний соҳа ходимларимиз Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти тизимидаги масжидларда кўп йиллар давомида хизмат қилган, бугунги кунда нафақада бўлган нуроний имом домлалар ҳолидан хабар олиб, байрам билан қутлади.
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти
Матбуот хизмати