Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Доктор Муҳаммад Ротиб Нобулусий ёзади:
“Агар инсонларнинг энг бахтлиси бўлишни истасангиз, одамларни хурсанд қилинг, уларнинг қалбига шодлик улашинг. Шунда сиз ҳам бахтли бўласиз. Зеро, Роббимизнинг гўзал исмларидан бири “Аш-Шакур” яъни кўп шукр қилувчи бўлиб, У Зот қилинган битта яхшиликка ўнтадан етти юз баробаргача, ҳаттоки ундан кўпроқ ҳам савоб беради.
Инсонларга, ҳайвонот ва наботот оламига қанчалик кўп яхшилик қилсангиз, шунча ўзингизни бахтли ҳис қиласиз. Айниқса, бир қийналган оилага яхшилик қилсангиз, оила аъзоларининг, айниқса ёш болакайларнинг табассуми сизни қанчалик хурсанд қилади.
Бир кам таъминланган оилани биламан. Оила бошлиғи – ота оғир бетоб эди. Юрагини операция қилиш учун катта маблағ талаб қиларди. Ҳар гал уни кўргани уйига борар эканман, оила аъзоларининг ғам-қайғуга ботгани, жажжи болажонларнинг маюс кўзларига гувоҳ бўлардим.
Бир бадавлат одам муолажа пулини тўлаб берди. Муолажа яхши ўтди, оила бошлиғи соғайиб кетди. Зиёрат қилгани борсам, уйдаги ҳолат буткул бошқача, айниқса, болажонлар ниҳоятда хурсанд ва қувноқ эди. Буни кўриб кўзларим қувнаб кетди.
Одамларнинг оғирини енгил қилувчи, уларга далда бўлиб, уларнинг қалбига хурсандчилик киритадиганларнинг Аллоҳ таолонинг ҳузурида мартабаси баланддир.
Агар энг бахтли инсон бўлишни истасангиз, одамларнинг қалбига хурсандчилик киритинг. Шунда Аллоҳ таоло ҳам сизни хурсанд этади. Зеро, Роббимиз – Аш-Шакурдир.
Унутмангки, бахт – мол-дунёнинг кўплигида эмас. Бахт – Аллоҳ билан бўлган алоқангиздир.
Дўстларимдан бири ўзига гувоҳ бўлган ушбу воқеани сўзлаб берган эди. Хизмат сафари билан хориждан ярим кечаси соат 12 ларда уйга қайтар эканман, йўл чеккасида боласини кўтариб йиғлаб ўтирган аёлга кўзим тушди. Уларга яқин бориб, нима бўлгани ҳақида суриштирдим. Аёл фарзанди беморлиги, иситмаси 42га кўтарилганини, турмуш ўртоғи вафот этгани ва яқин таниши йўқ мусофир экани ҳақида айтди. Имкон қадар ёрдам бердим. Бир касалхонадан бошқа шифохонага олиб бордим, бир қанча дорихоналарга югурдим. Ниҳоят болакайнинг иссиғи тушди. Соат эрталабги 5 бўлганди. Бир қийналган одамга ёрдам берганимдан ўзимни ниҳоятда бахтли ҳис қилдим. Гўёки жаннатда юргандек бўлдим.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларида эътикофда ўтирардилар. Кўзлари бир тушкунликка тушган кишига тушди. Унинг олдига бориб: “Нега маҳзун кўринасиз?” деб сўрадилар.
У: “Қарзларим кўпайиб кетди, қайтаришга маблағим йўқ, шуни ўйлаб ғамга ботдим”, деди. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Мен қарз берган одам билан сенга муҳлат беришини сўраб гаплашиб кўрайми?” дедилар. Ҳалиги киши бошини қимирлатиб, розилик билдирди.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу дарҳол ўринларидан туриб, ташқарига чиқдилар. Одамлар: “Эй, ибн Аббос эътикоф ўтирганингиз ёдингиздан чиқдими?” дедилар.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Йўқ асло унутмадим. Лекин Аллоҳга қасамки бир биродаримнинг ҳожатини осон қилиш, унинг қалбига хурсандчилик киритиш йўлида саъй-ҳаракат қилишим мен учун бир ойлик нафл рўза ва масжидда эътикоф ўтиришдан афзалдир”, дедидар”.
Даврон НУРМУҲАММАД
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Муҳаммад ибн Куносадан ривоят қилинади: «Зарр ибн Умар Ҳамадоний тўсатдан вафот этиб қолди. Буни эшитган қариндошлари Заррнинг отаси олдига уввос солиб йиғлаб келишди. Ота ўзи маҳзун бўлса-да, қариндошларни сабрли бўлишга чақириб, «Сизларга нима бўлди? Ўғлимнинг жонини олган Аллоҳга шикоят қиляпсизларми?» деди. Улар: «Ҳа, Аллоҳга қасамки, биз зулм кўрмадик, озор кўрмадик, бизга ноҳақлик қилинмади, ортиқча нарса сўралмади. Аллоҳ таолога ҳеч қандай шикоятимиз йўқ» деб, ўзларини босиб олишди. Жаноза ўқилиб, маййит тобутда одамларнинг елкалари узра қабристон томон йўл олди. Отаси жасадни қабрга қўяркан, ўғли билан шундай видолашди: «Ўғлим, Аллоҳ сенга раҳм қилсин. Аллоҳга қасам, сен менга яхшилик қилар эдинг, мени яхши кўрардинг. Шунинг учун аҳволингдан кўп хавотирланмаяпман. Бизга Аллоҳ таолонинг Ўзи кифоя, бизни ташлаб қўймайди. Сен кетиб, азиз ҳам бўлмадик, хор ҳам бўлмадик. Мен сенинг вафотингни эмас, охиратдаги ҳолингни ўйлаб кўпроқ қайғуряпман. Эй Зарр, охират қўрқинчи бўлмаганда, сенинг ўрнингда бўлишни орзу қилган бўлардим!».
Кейин Роббул оламинга илтижо билан бундай дуо қилди: «Аллоҳим, ўғлим Заррнинг вафоти билан берган мусибатингга сабр қилсам, савоб ваъда қилгансан. Аллоҳим, ўғлим Заррга салавот ва раҳматинг бўлсин! Аллоҳим, ўғлим учун берадиган ажрингни силаи раҳм ўлароқ унга бераман. Уни ёмон бандаларинг қаторида кўрмагин. Унинг гуноҳларини кечиргин, чунки Сен унга мендан ҳам меҳрибонсан. Аллоҳим, унинг менга қилган баъзи ёмонликларини кечирдим, Сенга нисбатан қилган нотўғри ишлари бўлса, уларни кечириб, ўрнига мукофот бергин. Сен мендан сахий ва карамлисан».
Ниҳоят, қабристондан чиқиб кетаётиб, ўғлининг қабрига қараб шундай деди: «Эй Зарр, сенга фойда берадиган нарсани ҳозир қилган бўлсак-да, сени қўлимиздан келганча дафн қилган бўлсак-да, барибир сени шу ерда ташлаб кетишга мажбурмиз...».
«Солиҳлар гулшани» китобидан
Муҳаммад Қуддус Абдулманнон,
“Етти чинор” жоме масжиди имом-ноиби тайёрлади.