Динимиз мусулмонларни ҳар ишда мўътадил бўлишга чақиради. Бинобарин, кишининг ҳар бир ишда меъёрни билиши уни саодатга элтади. У хоҳ бойлик, хоҳ меҳнат бўлсин, барчасининг меъёри бор. Ҳатто динда ҳам чуқур кетмаслик лозимлиги таъкидланади.
Бугун мана шу меъёрни билмай, динда чуқур кетиб адашганларни ҳам, бойликка ружу қўйиб кибрга кетганларни ҳам, эртадан кечгача меҳнат қилиб соғлиғини йўқотларни ҳам кўряпмиз. Интернету ижтимоий тармоққа муккасидан кетганларни айтмаса ҳам бўлади. Ўзганинг ҳаётини тармоқларда кузатаман деб ўз ҳаёти қолиб кетганлар қанча. Телевизору турли ўйинларга берилиб ёши ўтиб кетаётганлар ҳам етарлича. Уларни кўриб, умри беҳудага зое бўлаётганидан эзиласан киши.
Гоҳида давраларда, ўзаро мулоқотларда меъёридан ортиқ гапириш ҳам кишига оғир ботади. Кўп гапириш нутқнинг таъсир қувватини камайтиради. Натижада ўз ҳаддини билмаган киши қадрсизланади. Худди шундай ўта сертакаллуфлик ҳам хушомадга йўйилади. Шунинг учун киши ҳар ишда мўътадилликни ушлаши лозим.
Мўътадиллик борасида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётлари ҳам барчага дастуриламалдир. У зот ҳеч қачон умматларини оғир машаққатли ибодатларга буюрмас, балки баъзи амаллар умматга фарз бўлиб қолишидан хавф қилиб, уларни гоҳида тарк қилардилар. У зотнинг суннатлари осон ва енгил, машаққатсиз бажариладиган амаллар эди. Пайғамбаримиз умматининг энг заиф тоифаларини ҳам эътиборга олиб йўл тутардилар. Заиф тоифалардан соғлом мўминнинг вазифаларини талаб қилмасдилар. Сўзлаганда ҳам барчани эътиборга олиб сўзлар, ҳеч ким малолланмас эди. Мўътадиллик ҳақида у зот бундай дейдилар: “Албатта, дин осондир. Кимки унда чуқур кетса, дин уни мағлуб қилади” (Имом Бухорий ривояти).
Яъни, одам ўзини ҳаддан ортиқ қийнаб, фарз ва суннатлардан ташқари, тоқати кўтармайдиган амалларга мажбурласа, охирида малолланиб, ҳаммасини ташлаб қўйиши мумкин.
Яна бир бошқа ҳадиси шарифда: “Ишларнинг энг яхшиси ўртачасидир”, дейилади. Шу боисдан Набий алайҳиссалом саҳобаларни ҳар бир ишда – хоҳ у дунёвий бўлсин, хоҳ охират амали бўлсин, ўртача бўлишга чақирганлар.
Шунингдек, Қуръони каримнинг Қасос сураси 77-оятида: “Ва Аллоҳ сенга берган нарса билан охиратни излагин, бу дунёдаги насибангни ҳам унутма", дея таъкидланган. Бу оятдан дунё ва охират ишларида, ибодат масалаларида мувозанатни сақлаш лозимлигини англаш мумкин.
Ҳаётда меъёри тайин этилмас нарсалар ҳам бор. Булар илм, одоб, касб эгаллаш ва солиҳ амал. Сиз қайси йўлдасиз? Солиҳ ишлардами ё беҳуда амалларда?!
Анвар ҒУЛОМОВ,
Меҳнат фахрийси, Самарқанд шаҳри
Устоз – жамиятни олға бошловчи ва унинг эртанги кунини таъминловчи, таъбир жоиз бўлса, бир йўлчи юлдузлардир. Устозсиз ҳеч бир жамият камолга етмаган. Шунинг учун ҳам халқимизда “Устоз отангдек улуғ” деган чиройли иборалар бор. Шундай экан, устознинг ҳам ота-онадек ҳақлари бор.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам мураббийларга олимларни ҳурматлаш, муаллим ва устозларни улуғлаш борасида кўпгина қимматли кўрсатмалар берганлар.
Имом Аҳмад, Имом Табароний ва Ҳоким Убода ибн Сомитдан розийаллоҳу анҳу ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кексаларимизни улуғламаган, кичикларимизга меҳрибон бўлмаган ва олимларимизни (ҳақини) билмаган менинг умматимдан эмас”, дедилар.
1-октябрь – ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан қорақалпоғистонлик диний соҳа ходимларимиз Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти тизимидаги масжидларда кўп йиллар давомида хизмат қилган, бугунги кунда нафақада бўлган нуроний имом домлалар ҳолидан хабар олиб, байрам билан қутлади.
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти
Матбуот хизмати