Куни кеча Ўзбекистон мусулмонлари идораси Кутубхона бўлими мудири Камолиддин домла Маҳкамовнинг «"Тасриф" сарф фанидан янги ва осон қўлланма» китоби нашр этилди.
Мазкур асар машҳур олим Дўстмуҳаммад Насриддин Бодарий ҳазратларининг «Мукаммал сарф дарслиги» китобидан андоза олинган ҳолда, китобдаги матнлар бугунги кундаги талабаларнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб мослаб, тўлдириб, кўпроқ жадваллар билан ўқувчига янада тушунарли бўлишига ҳаракат қилинган.
Аллоҳ таоло ушбу китобни юртимиз мўмин-мусулмонларига манфаатли айласин!
Харид қилиш истагидагиларга: +998712175999
Буюртма учун: @hilolnashruzbot
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Др. Умар Абдул Кафий ёзади: “Бир муаллима билан ғаройиб бир воқеа бўлган экан. Ҳикоя қаҳрамони бундай дейди:
“Мадраса масжидини жиҳозлаш ва кондиционер ўрнатиш учун ҳамкасбларимдан оз-оздан пул йиғардим. Доимий равишда уларга буни савобли ва яхши амал эканлигини эслатардим, ҳар сафар озгина озгинадан пул йиғиларди ва бу ишлар тахминан бир ой давом этди.
Бир куни ҳамкасбларимдан бири: “Ҳар доим пул сўрайверасанми, безиб кетдик”, деди. Мен эса: “Валлоҳи, бу яхши амал ва садақа жаннат эшигининг калити. Бир сўм билан бўлса ҳам садақа қил”, дедим.
Шунда у: “Сенга бир сўм берсам бўлдими, бошқа безовта қилмасликка ваъда берасанми?” деди. Мен эса: “Ҳа”, деб жавоб бердим. Шунда ўша ўқитувчи ўз сумкасидан бир сўм пул олиб, менга зарда қилган ҳолда, ғазаб билан пулни улоқтирди.
Пул йиғиш ишларини мадрасадан ташқарида яқинларим ва дугоналаримдан сўраб давом эттирдим ва Аллоҳнинг марҳамати билан етарлича пул тўпладим. Бу пул билан мадраса масжидини жиҳозладик ва кондиционер ҳам ўрнатдик.
Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигига қасамки, сотиб олинган нарсалар ҳисоб варағи келганида, йиғилган маблағдан атиги бир сўм ортиқча чиқиб қолди. Шу ортиқча пулни мени безовта қилишда айблаган ўша ҳамкасбимга қайтардим. Шунда кўнглимда Аллоҳ унинг садақасини қабул қилмагани ҳақида ўй пайдо бўлди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам садақа муҳтожга етиб боришидан олдин, Аллоҳнинг ҳузурига етиб бориши ҳақида айтганлар. Шунинг учун Оиша онамиз доимо қиладиган садақаларини хушбўйлантириб қўяр эдилар ва у Аллоҳнинг қўлига тушишини айтар эдилар.
Ҳамкасбим садақани чин юракдан эмас, ғазаб ва менсимасдан бергани учун Аллоҳ уни қабул қилмади ва ўша пул ўз эгасига қайтди.
Одамнинг икки ўғли Ҳобил ва Қобилнинг қурбонликлари ҳақидаги ҳикояда Аллоҳ бундай деган: “Ва уларга Одамнинг икки ўғлининг ҳақиқий ҳикоясини айтиб бер. Икковлари қурбонлик қилган эдилар, бири (тақводорнинг) қурбонлиги қабул қилинди, иккинчисининг қурбонлиги эса қабул қилинмади. У шунда: “Сени албатта ўлдираман”, деди. У эса: “Албатта Аллоҳ тақводорлардангина қабул қилади”, деди” (Моида сураси, 27-оят).
Аллоҳ садақасини қабул қилган одам бахтиёрдир, чунки бу унинг тақводорлигига Аллоҳ томонидан берилган гувоҳликдир”.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ