Куни кеча Ўзбекистон мусулмонлари идораси Кутубхона бўлими мудири Камолиддин домла Маҳкамовнинг «"Тасриф" сарф фанидан янги ва осон қўлланма» китоби нашр этилди.
Мазкур асар машҳур олим Дўстмуҳаммад Насриддин Бодарий ҳазратларининг «Мукаммал сарф дарслиги» китобидан андоза олинган ҳолда, китобдаги матнлар бугунги кундаги талабаларнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб мослаб, тўлдириб, кўпроқ жадваллар билан ўқувчига янада тушунарли бўлишига ҳаракат қилинган.
Аллоҳ таоло ушбу китобни юртимиз мўмин-мусулмонларига манфаатли айласин!
Харид қилиш истагидагиларга: +998712175999
Буюртма учун: @hilolnashruzbot
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Cавол: Мен Озарбайжонда санаторияда даволанаётган эдим. Жума куни жума намозини ўкиш учун масжидга борган эдим. Моликий мазҳабдагилар жума намозини ўқиётган экан. Шубҳаланиб қолдим. Ўқиган жумам тўғри бўлганми?
Жавоб: Умуман олганда тўрт мазҳабга эргашувчилар бир-бирларига иқтидо қилишлари жоиздир. Чунки бу тўрт мазҳаб ҳам Аҳли сунна вал-жамоанинг фиқҳий мазҳаблари бўлиб, барчаси ҳақ йўлдадир.
Шу сабабли бир мазҳабдаги киши бошқа мазҳабдаги имомга иқтидо қилиши жоиз. Лекин агар муқтадий киши имомда ўз мазҳаби бўйича намоз ва таҳоратни бузадиган амални кўрса, иқтидо қилмайди. Масалан, бадандан қон чиқиши ҳанафий мазҳабига кўра таҳоратни бузади. Моликий мазҳабида бузилмайди. Ҳанафий мазҳаби вакили моликий имомни қон чиқишига қарамай намоз ўқиётганини аниқ билса, иқтидо қилмайди. Билмаса, иқтидо қилади.
Бошқа мазҳабдаги имомга иқтидо қилиш борасидаги далилларни келтириб, эътирозларга жавоб бергандан сўнг Мулла Али Қори раҳимаҳуллоҳ бундай хулоса қиладилар:
خلاصة الرسالة وزبدة المقالة: يجوز الاقتداء بالشافعي إذا لم يعلم يقينا منه العمل المنافي للصلاة من غير كراهة
“Рисоланинг хулосаси ва гапнинг қаймоғи шуки, модомики, намозга зид бўлган амал имомдан содир бўлгани аниқ билинмаса, шофеий мазҳабидаги кишига иқтидо қилиш кароҳиятсиз жоиздир” (“Мажмуату расоили Мулла Али Қори” китоби).
Шунга кўра, масалан, ҳанафий мазҳабидаги киши моликий мазҳабидаги имомнинг бирор аъзосидан қон оққанини аниқ кўрмаган бўлса, унга иқтидо қилиши жоиз. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.