Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
01 Октябр, 2024   |   28 Рабиъул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:02
Қуёш
06:20
Пешин
12:18
Аср
16:19
Шом
18:08
Хуфтон
19:20
Bismillah
01 Октябр, 2024, 28 Рабиъул аввал, 1446
Мақолалар

Аллоҳ таоло нима учун ғам-ташвишларни яратди?

10.09.2024   927   3 min.
Аллоҳ таоло нима учун ғам-ташвишларни яратди?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бирор марта хаёлингизга "Аллоҳ ғам-ташвишларни нега яратган ўзи?" деган савол келганми?

Мен эса бу саволни жуда кўп қизларга бериб кўрганман. Лекин кўпчилигидан жўяли жавоб ололмаганман. Баъзилари: “Бу савол мени анчадан бери қийнаб келади. Жуда кўп марталаб: “Ахир биз мусулмон бўлсак, доим Аллоҳга итоат этишга ҳаракат қилсак, нима учун бизга турли мусибатлар етаверади? Нега У Зот бизнинг йиғлашимизга қўйиб беради?” деб сўраганман", дейишган.

Умид қиламанки, мени қийнаб келаётган мусибатлар ортидаги ҳикматни бирор кун англаб, қалбим таскин топиши учун бу саволга албатта жавоб топаман!

Аллоҳ таоло қайғуларни нега яратган?

Нима учун тақдиримизга кўз ёшларини ёзган?

Мусулмонга етадиган мусибатларда тўртта фойда бўлади.

Биринчи фойда: Мусибатлар гуноҳ ва хатоларни ўчиради.

Абу Саъид Худрий ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Мусулмонга бирор ҳорғинликми, беморликми, ташвишми, қайғуми, озорми, ғамми етса, ҳатто оёғига тикан кирса ҳам, Аллоҳ булар туфайли унинг хатоларини ўчиради” (Имом Бухорий ривояти).

 

Буни қаранг!

Мўмин бандага етадиган ҳорғинлик (ҳолсизланиш, оғир меҳнат туфайли, ҳатто узоқ юриш сабабли пайдо бўладиган қийналиш ҳам);

Беморлик (узоқ давом этадиган, тузалиши қийин касаллик);

Ташвиш (ҳали содир бўлмаган иш учун безовта бўлиш);

Қайғу (бўлиб ўтган мусибат учун сиқилиш);

Озор (бировлардан етадиган ноҳақ жабр-ситамлар);

Ғам (ҳеч қандай сабабсиз кўнгилнинг хира тортиши).

Ҳатто оёққа ёки бошқа аъзоимизга тикан ёки игна кириши!

Буларнинг барчаси сабабли Аллоҳ банданинг хатоларини ўчириб, гуноҳларини кечириб юборади, токи Роббига пок ҳолатда рўбарў бўлиб, Жаннатга сазовор бўлсин.

Бир қиз ҳаётида бўлиб ўтган қуйидаги воқеани келтиради:

«Аллоҳ мени қандли диабет билан имтиҳон қилди. Инсулин бошладим. “Энди бир умр шундай юраман экан-да деб, қаттиқ сиқила бошладим. Даволангим ҳам келмай қолди. Инсулиннинг оғриғи арзимас бўлса-да, уни ҳар куни, доим олиб юриш ҳаётимнинг даҳшатли онларига айланди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Бандага ҳатто тикан кирса ҳам, Аллоҳ бу туфайли унинг гуноҳларини кечиради”, деган сўзларини эшитгунимча ҳаётим шу тарзда рангсиз ўтаверди. Шунда ўзимга ўзим: “Ахир шприцнинг игнаси ҳам худди тиканнинг ўзи-ку! Аллоҳ шу сабабли ҳам гуноҳларимни кечирар?!” дедим. Шундагина кўп укол олиш билан синалганим ортида яширинган ҳикматни кўра олдим. Бу ўзига хос мағфират эди. Шундан бошлаб инсулин ҳақидаги фикрим, унга муносабатим бутунлай ўзгарди. Мен уни “мағфират тикани” деб атайдиган бўлдим. Аввалига кўп укол олаверганим учун маҳзун бўлиб юрган бўлсам, энди уни Аллоҳнинг мағфиратига васила деб билиб, хотиржам яшай бошладим».

Давоми бор....

Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг

“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ таржимаси.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ҳақиқий дин қандай бўлади?

27.09.2024   11196   3 min.
Ҳақиқий дин қандай бўлади?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ниҳоят Макка фатҳ қилинди. Унга ўзлиги қайтарилди. Тавҳид қибласи, мўминлар қалбининг маъшуқаси ширк ботқоғидан қутқарилди. Энди навбат бутун араб жазирасини ширкдан қутқаришга келган эди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалом ислом арслони Али ибн Аби Толиб розияллоллоҳу анҳуни чақирдилар. У зотни қўшинга бош қилиб, Той қабиласи бути Фулсни парчалагани юбордилар.

Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу қўшин билан бориб юклатилган вазифани аъло даражада бажариб асирлар билан Мадинага қайтдилар. Асирларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нима қилиш ҳақида машварат қилиш учун масжид олдида қўйдилар.

Эртаси куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидга кираётганларида у зотни асир аёллардан бири тўхтатиб деди:

– Эй Муҳаммад! Агар мумкин бўлса мени озод қилсанг. Араблар мендан кулишмаса яхши бўлар эди. Отам ўлди. Келиб-кетувчилар тўхтади. Менга илтифот қил, Аллоҳ ҳам сенга илтифот қилсин! Отам қавмининг саййиди эди. У қийналганларга ёрдам қилар, жиноят қилганларни авф қилар, қўшничиликни сақлар, шарафни ҳимоя қилар, фақирларни суяр, уларга таом берар, саломни тарқатар, юки оғирларнинг юкини кўтарар, тақдир зарбаларига учраганларга ёрдам берар эди. Ҳожатини сўраб келган бирор кишини ноумид қилган эмас. Мен Ҳотам Тоийнинг қизи Саффона бўламан.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга дедилар:

– Булар ҳақиқий мусулмоннинг сифатларидир. Агар отанг мусулмон бўлганида биз Аллоҳдан унга раҳм қилишини сўраган бўлар эдик.

Сўнгра саҳобаларга қараб:

– Уни қўйиб юборинглар. Унинг отаси гўзал ахлоққа даъват қилар эди, дедилар.

Юқоридаги сифатлар ҳақиқатдан ҳам мусулмонларнинг сифати. Биз эътибор берадиган жой мана шу ер.

Ҳақиқий дин масжидда эмас, жойнамоз устида ҳам эмас.

Ҳақиқий дин тижорат ва мансабдаги омонатдорликда.

Ҳақиқий дин ота-она олдидаги камтарликда.

Ҳақиқий дин ака-укалар ва опа-сингилларга қилинадиган яхшиликда.

Ҳақиқий дин жуфти ҳалолнинг азиятига сабр этиш ва фарзандларга раҳм қилишда.

Ҳақиқий дин қўшниларинг билан қилинадиган муомалада.

Ҳақиқий дин беморга пул йиғилганида бахиллик қилмасликда.

Ҳақиқий дин биров ғийбат қилинганда ғийбатчиларга қўшилиб кетмасликда.

Ҳақиқий дин одамларнинг айбини яширишда.

Ҳақиқий дин ишониб айтилган сирни сақлай олишда.

Тавҳид, намоз, рўза ва бошқа ибодатлар Аллоҳнинг бандалари устидаги ҳаққидир. Улар диннинг ярми. Қолган ярми эса, бошқалар билан қандай муомала қилишингдадир.

Ҳаётда кўринмайдиган диндорлик ичи бўш диндорликдир.

Сени юмшоқ, сахий ва бировга зарари тегмайдиган бўлишингни таъминламаган иймон нуқсонли иймондир.

Тўғри, киши агар куфрда вафот этса бу ахлоқлар унга фойда бермайди. Аммо хулқсиз иймон ҳам оқсоқ иймондир.

Ушбу ибрат нақадар ўринли: «Диннинг барчаси хулқдир. Ким сендан хулқда ўзиб кетган бўлса, демак динда ўзиб кетибди!».

«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди