Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
01 Октябр, 2024   |   28 Рабиъул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:02
Қуёш
06:20
Пешин
12:18
Аср
16:19
Шом
18:08
Хуфтон
19:20
Bismillah
01 Октябр, 2024, 28 Рабиъул аввал, 1446
Мақолалар

Нега Аллоҳ айримларни бой, бошқаларни камбағал қилган?

10.09.2024   872   2 min.
Нега Аллоҳ айримларни бой, бошқаларни камбағал қилган?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Албатта, Роббинг ризқни кимга хоҳласа, кенг қилур ёки тор қилур. Албатта, У бандаларидан хабардор ва кўргувчи Зотдир” (Исро сураси, 30-оят).

Шунингдек, Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда айтади: “Мўмин бандаларим орасида шундайлар борки, уни фақат бойлик тузатади (яъни, агар у бой бўлиб турса, яхши-салоҳиятли бўлади). Агар уни камбағал қилиб қўйсам, бу нарса уни бузади. Мўмин бандаларим ичида яна шундайлар борки, унинг иймонини фақат камбағаллик тузатади. Агар унинг ризқини кенг қилиб қўйсам, бу нарса уни бузади... Албатта мен бандаларим(нинг ишлари)ни, уларнинг қалбларидаги нарсаларни билиб турган ҳолимда тадбир қиламан. Албатта Мен (уларни) жуда яхши биламан (ва уларнинг ҳолатларидан) ўта Хабардорман” (Имом Байҳақий ривояти).

Аллоҳ таоло бандаларига ўта меҳрибондир. У бандаларининг ҳолатларини ўзларидан ҳам яхшироқ билади.

Айрим инсонлар қўлларидаги бойлик сабабли ховлиқиб босар-тусарларини билмай қолиш даражасига тушмайдилар. Агар улар камбағал бўлиб қолсалар, бу нарса уларга салбий таъсир кўрсатади. Шунинг учун Аллоҳ таоло бундай бандаларини Ўз фазли билан бой қилиб қўяди.

Баъзи бандалар бойлик ва мол-дунёга эга бўлишганида сабр-тоқат қила олмайдилар. Бойлик уларни ёмон тарафга ўзгартиради. Масалан, кибру ҳаво қилиш, бошқаларни менсимаслик, бойлиги билан фахрланиш, ибодатларга беэътибор бўлиш ва ҳоказолар. Уларнинг ўртаҳол ёки камбағал бўлишлари Аллоҳнинг уларга раҳм қилиши саналади. Чунки Аллоҳ уларни адашиб кетишларини хоҳламагани учун уларга бойлик бермайди.

Аллоҳ бандалари учун нима фойдали ва нима зарарли эканини жуда яхши билувчи ва бандалари ҳолидан хабардор Зотдир. Банда эса бундан бехабардир.

Баъзан ўзимизга етган бирор синов ёки мусибатдан ғамга ботамиз, маҳзун бўламиз. Банда Роббининг ҳар бир тақсимотига, гарчи улар нафсига оғир ёки енгил келса ҳам рози бўлиши керак. Агар Аллоҳ таоло камбағаллик билан синаётган бўлса сабр қилиш, бордию бойлик, мол-дунё ила имтиҳон қилаётган бўлса шукр, кўпроқ хайр-эҳсон, садақа қилиш лозим.

Увайс Қораний розияллоҳу анҳу ҳар куни эрталаб ёки кечқурун ортиқча озиқ-овқат ва кийимларини тарқатиб юбориб: “Аллоҳим қўшниларим, маҳаллам орасида очликдан, фақирликдан қийналганлар бўлса мени жазоламагин, бунга сабаб бўлган гуноҳкорлар қаторида қилмагин”, деб айтарди.

Даврон НУРМУҲАММАД

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Дубай шаҳзодаси Ҳазрати Имом мажмуасини зиёрат қилди

28.09.2024   7249   1 min.
Дубай шаҳзодаси Ҳазрати Имом мажмуасини зиёрат қилди

Бирлашган Араб Амирликлари ахборот агентлиги WАМ Дубай валиаҳд шаҳзодаси, Бош вазир ўринбосари ва мудофаа вазири Шайх Ҳамдан бин Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум бошчилигидаги делегация юртимизга расмий ташрифи доирасида Тошкентдаги Ҳазрати Имом мажмуасига борганини ёритди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди. 

Меҳмонлар ушбу меъморий ёдгорлик билан танишаркан, Имом Абу Бакр Муҳаммад ибн Али Исмоил Қаффол Шоший қабри атрофида барпо этилган мажмуа таркибидаги Бароқхон мадрасаси, Қаффол Шоший мақбараси, Тиллашайх масжиди, Мўйи Муборак мадрасаси ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳақида батафсил маълумотга эга бўлишди.

Саёҳати давомида Шайх Ҳамдан бин Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум Усмон мусҳафи сақланаётган Мўйи муборак мадрасаси музейидаги турли услубда ёзилган Қуръони карим нусхалари, нодир қўлёзмалардан ташқари, 20 мингга яқин китобдан иборат беназир тўпламни ўз ичига олган улкан кутубхона билан, шунингдек  барпо этилаётган “Ислом цивилизацияси маркази” мажмуаси билан ҳам танишди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

 

Дубай шаҳзодаси Ҳазрати Имом мажмуасини зиёрат қилди Дубай шаҳзодаси Ҳазрати Имом мажмуасини зиёрат қилди
Ўзбекистон янгиликлари