Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
01 Октябр, 2024   |   28 Рабиъул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:02
Қуёш
06:20
Пешин
12:18
Аср
16:19
Шом
18:08
Хуфтон
19:20
Bismillah
01 Октябр, 2024, 28 Рабиъул аввал, 1446
Мақолалар

АЛЛОҲнинг борлиги исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат

10.09.2024   1261   4 min.
АЛЛОҲнинг борлиги исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ягона яратувчининг борлиги исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатлардан биридир. Айримлар “Борлиқ тасодифан пайдо бўлган” деган қарашни илгари сурадилар. Бироқ тасодифий ҳодисалар бу қадар аниқ интизомни вужудга келтирмайди. Коинотга назар солсак уни неча миллион йиллардан бери бир низомда, заррача оғишмай аниқ тартиб асосида ўз вазифасини бажараётганига гувоҳ бўламиз.

Баъзи олимлар коинот дастлаб ҳаракатсиз митти заррачадан иборат бўлганини, кейин бу заррача ҳаракатланиб кенгайгани ва борлиқ тартиб билан шакллана бошлаганини айтадилар. Бироқ ўша заррачани ким яратган? Уни қайси куч ҳаракатга келтирган? Яна кимлардир тирик организмлар сувдан пайдо бўлади ва кейин кимёвий қонуниятлар асосида ривожланади дейдилар. Хўш, ўша кимёвий қонунлар қандай пайдо бўлган?

Бу мавзуда узоқ тортишиб ўтирмоқчи эмасмиз. Яратганнинг буюк мўжизаларидан бири шуки, У Зот ўзининг азалий илми ила борлиқнинг Яратувчисини инкор қилувчилар ҳар замонда бўлгани ва бундан кейин ҳам бўлишини, улар залолатда эканлигини олдиндан маълум қилган:

“Осмонлар-у ерни яратилишига уларни гувоҳ қилмадим. Ўзларининг яратилишига ҳам. Мен адаштирувчи кимсаларга суянмадим ҳам” (Каҳф сураси, 51-оят).

Башарият ичида ўз қарашлари билан одамларни адаштириб, осмонлар ва ернинг, инсонларнинг пайдо бўлиши ҳақида ёлғон маълумотлар тарқатиб юрувчиларга кўп бора гувоҳ бўлмоқдамиз. Айримлар инсонларни маймундан тарқалган деган уйдирма гапларга ҳали ҳам эргашиб юрибди. Дейлик фаразан бу қараш тўғри бўлганида нега ер юзида ҳали ҳам маймунлар бор? Нега айримлар одамга айланган-у эволуция жараёни бу маймунларга таъсир қилмаган? Тур тарқалиши учун эркак ва урғочи навлар бўлиши керак. Лекин эволуцион қараш тарафдорлари эволуция нега икки жонзотнинг бири эркак маймунга, иккинчиси урғочи маймунга айланишига сабаб бўлганини изоҳлаб бера олмайдилар.

Бундай қарашдагилар билан узоқ тортишиб ўтирмаймиз. Уларга айтадиган бир гапимиз бор: аслида эволуцион назария тарафдорларининг борлиги биз учун Аллоҳнинг ҳақ эканини исботлайди. Қандай қилиб? Аллоҳ таоло борлиқ ва инсоният пайдо бўлиши борасида одамларни адаштирадиган тоифалар чиқишини олдиндан айтган. Агар улар бундай нотўғри қарашларни даъво қилишмаганида, инсониятнинг пайдо бўлиши борасида ихтилофлар бўлмаганида кофирлар: “Қуръонда инсониятнинг пайдо бўлиши борасида турли адаштирувчи тоифалар чиқиши айтилган. Нега бундай тоифалар чиқмаяпти?” деган бўлишарди. Бироқ Қуръонда айтилган нарса бўлди.

Яқин замонларда ҳам ўша тоифалар инсоннинг пайдо бўлиши ҳақида ёлғон қарашларни тарқатишди ва бу қарашни айнан диндан тўсиш ҳамда Аллоҳни инкор этиш учун қилдилар.

Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, неча асрлар ўтса-да Қуръонда айтилган адаштирувчи, Аллоҳдан тўсувчи тоифалар чиқди. Борлиқ ва инсониятнинг пайдо бўлиши ҳақидаги ёлғон назарияларини айнан Исломдан тўсиш воситаси қилиб олдилар. Улар чиқиб инсонларни ҳақиқатдан тўсмоқчи бўлдилар. Аслида эса Аллоҳнинг олдиндан айтиб қўйган хабарини исботлаганларини билмадилар.

Яъни ким бўлмасин “Борлиқни Аллоҳ яратмаган” деган даъвони қилса биз унга “Нима сен борлиқ пайдо бўлганини ўз кўзинг билан кўрганмидинг?” деймиз. Агар жавоби “Йўқ, кўрмаганман” бўлса “Унда ким билан тортишяпсан?” деймиз.

Борлиқнинг ягона яратувчиси Аллоҳ таолодир. Бирорта инсон борлиқни, коинотни “мен яратганман” деган даъвони қила олмайди.

Бу дунёда агар одам боласи кичкинагина нарсани ихтиро қилса бутун оламга жар солиб уни ихтиро қилганини эълон қилади. Нега энди бу коинотнинг Яратувчиси бу ҳақда айтмаслиги керак?

Шайх Муҳаммад Мутавалли Шаъровийнинг

“Аллоҳнинг борлигига ақлий далиллар” китобидан.

Мақолалар
Бошқа мақолалар

50 йиллик намозимизни қайтадан ўқиймиз

27.09.2024   5106   2 min.
50 йиллик намозимизни қайтадан ўқиймиз

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ривоят қилишларича, Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳга Ҳотамул Асом деган зот масжидда зуҳддан маъруза қилаётган эмиш деган хабар келди. Шунда у киши шогирдларига: қани бориб эшитайликчи, нималар ҳақида гапираётган экан, деб масжидга бордилар ва Ҳотамул Асомга: “Эй йигит, менга намоз ҳақида гапириб бер”, дедилар.

Ҳотамул Асом: “Намознинг одоблари ҳақида айтиб берайми ёки унинг кайфияти ҳақида сўраяпсизми?” деди.

Абу Юсуф унинг бу гапидан таажжубга тушдилар ва ичларида: “Биз ундан битта нарсани сўрасак, у иккита нарсани айтмоқчи”, дедилар. “Майли бизга намознинг одоблари ҳақида айтиб берақол”, дедилар.

Ҳотамул Асом сўз бошлади: “Намознинг одоблари будир: Яратганнинг амрига итоат этиб ўриндан турмоқлик, савоб умидида намозгоҳга бормоқлик, ният ила намозга кирмоқлик, Аллоҳни улуғлаб такбир айтмоқлик, тартил билан қироат қилмоқлик, хушуъ ила рукуъ қилмоқ, хузуъ ила саждага йиқилмоқ, ихлос билан ташаҳҳуд айтмоқ, раҳмат тилаб салом бермоқ”, деди.

Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ: “Энди намознинг кайфияти ҳақида гапириб бер”, дедилар.

Ҳотамул Асом сўз бошлади: “Каъбани икки қошингиз орасига оласиз, мезонни кўз ўнгингизга келтирасиз, сирот кўпригини оёғингиз остига, ўнг ёнингизга жаннатни, чап ёнингизга дўзахни келтирасиз, ортингизда эса, ўлим фариштаси пойлаб юрибди. Ана шундан кейин намозингиз қабул бўлдими ёки рад этилдими, шуни ўйлайсиз”, деди.

Абу Юсуф сўрадилар: “Сен қачондан бери намозни шундай кайфиятда ўқийсан?”.

Ҳотамул Асом: “Йигирма йилдан бери шундай намоз ўқийман”, деб жавоб берди.

Шундан кейин Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ шогирдлари томон ўгирилиб: “Юринглар, бориб эллик йиллик намозимизни қайтадан қазо қилиб ўқиб оламиз”, дедилар.

Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ