Замонавий ЎҚУВЧИ-ТАЛАБАНИНГ 77 та замонавий ОДОБИ
ни
УЛУҒ УСТОЗ УЛАМОЛАРИМИЗ баён қилиб берганлар:
КАЛОМУЛЛОҲНИНГ ОЯТИ КАРИМАЛАРИДА
ХУДОИМ ТАОЛО МАРҲАМАТ ҚИЛАДИ:
Z «Аллоҳ Одам (алайҳис салом)га барча яратилган ва яратилажак нарсаларга тегишли номларни ўргатди» (Бақара сураси 2/31 оят);
Z «Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?! Дарҳақиқат, фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар» (Зумар сураси 39/9 оят).
ЖАНОБИ ПАЙҒАМБАРИМИЗ РАСУЛУЛЛОҲ САЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ
МЕҲР-МУРУВВАТ ТАРИҚАСИДА МАРҲАМАТ ҚИЛАДИЛАР:
¯ «Ҳақ бўла туриб, жанжални тарк этган кишига — Жаннат ёнидаги бир уйга кафилман!
Ҳазилдан бўлса ҳам, ёлғонни тарк этган кишига — Жаннат ўртасидаги бир уйга кафилман!
Гўзал хулқли кишига — Жаннатнинг энг юқорисидаги бир уйга кафилман!» (Имом Абу Довуд ривоятлари);
¯ «Мўминларнинг имони энг мукаммали — хулқи гўзал бўлганларидир» (Имом Термизий ривоятлари);
¯ «ОТА-ОНАга дуо қилишни тарк этиш ризқни кесади»;
¯ «Албатта, одамларга гўзал хулқдан афзалроқ нарса берилмаган» (Имом Табароний ривоятлари);
¯ «Уч тоифа кишининг қўлга киритган нарсасида барака бўлмайди ва қаерда бўлса ҳам хорланади:
– Менинг номимни эшитганда салавоти шариф айтмаган;
– Рамазон ойига ҳурмат кўрсатмаган;
– ОТА-ОНАСИ тирик бўла туриб, УЛАРНИ хурсанд қилмаган».
УЛАМОИ КИРОМЛАР АЙТАДИЛАРки...:
Þ Агар инсон билим йўлида кетаётган экан, Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг нурлари томон бораётган экан, ушбу асосий қоидаларга риоя қилиши лозим.
Þ Баъзида одоб, ҳурмат қоидаларига бўйсинмай, устозидан билим олаётганлар ҳам бор.
Þ Тўғри, инсон ота-онасини, устозини олдида китоб ўқиши, бирор-бир ҳунар ўрганиши ёки фан билимларини олиши мумкин. Лекин ОТА-ОНАСИГА, УСТОЗИГА эҳтиром-ҳурмат бўлмаса, бу каби билимлар оддий маълумотга айланади. Бундай билимда барака бўлмайди!!!
Þ Азозилни эслайлик. Ҳозир унинг исми Шайтон. Билимга эга, ҳаттоки бошқа фаришталарга ҳам сабоқ берган. Ҳўш, шундай билимлар тўғри йўлдан адашишидан Азозилни қутқариб қола олдими? Йўқ! Чунки Аллоҳни ҳурмат қилмади, эътироз билдирди. Беодоблик қилди! Яратганнинг буйруғига бўйсинмади. Бетгачопарлик қилиб, мағрурлигини намоён этгани учун лаънатланган ва ҳайдалган.
Þ Ҳозирги кунда одамларни ножўя йўлларга етаклаётган, жамоатда қарама-қарши қарашлар пайдо қилаётган, ўзлари ҳам адашган "ақлли"лар қандай пайдо бўлганини англаб олишимиз мумкин. Булар ота-онасига, устозига ва бошқа олимларга нисбатан одобни қўлламаган, ҳурматни билмаган, ўз билимларини тўғри йўлга сола олмаганлардир.
Þ Одобнинг асли – ўзини нуқсонли, бошқани – комил кўрмоқликдир.
Одоби кам бўлган – ўзини комил, бошқаларни – нуқсонли кўради.
Þ Банда шу тўрт нарса билан юксалади:
- илм;
- одоб;
- омонат;
- иффат.
Þ Одоби йўқнинг – илми, сабри йўқнинг – динга боғлиқлиги, тақвоси йўқнинг – Аллоҳга яқинлиги йўқдир.
Þ 7 хил инсонлар ўртасида ҳеч қачон тенглик бўлмайди.
Бу тенгсизликни АЛЛОҲ ТАОЛОНИНГ ЎЗИ (!) ўрнатган!
Ақлсиз одамгина буларни тенглаштиради:
1) эркак – аёл;
2) эр – хотин;
3) ота-она – фарзанд;
4) катта – кичик;
5) илмли – илмсиз;
6) устоз – шогирд;
7) раҳбар – ходим.
АЛЛОҲ ТАОЛОНИНГ ЎЗИ (!) ўрнатган тенгсизликни бузишга ҳаракат қилганни охир-оқибат АЛЛОҲ ТАОЛОНИНГ ЎЗИ ҳолини вой қилади.
Þ Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳидан ривоят қилинади: “Устозим Ҳаммоднинг ҳурматлари учун у зотнинг уйлари томонга оёғимни узатмаганман. Ҳолбуки, у зотнинг уйлари билан менинг уйим орасида еттита кўча бор эди. Устоз Ҳаммоднинг вафотларидан сўнг қачон намоз ўқисам, ҳар сафар албатта ота-онамга қўшиб, у зотга ҳам Аллоҳдан мағфират сўрайман. Нафақат у зот, балки кимдан нимадир ўрганган бўлсам ёки кимдир менга нимадир ўргатган бўлса, албатта ўша кишилар учун ҳам доим Аллоҳдан мағфират сўрайман”.
Þ Дедилар: "Дунёда асли ким азиз?"
Айтдилар: "Устоздир! Устоз, бегумон!"
Тағин айтдиларки: "Азиз, шубҳасиз,
Устозлар қадрига етолган инсон!"
Þ Жоҳиллар даврасида ҳам, олимлар даврасида ҳам уларни тинглашни ўрганинг! Жоҳилни тинглаганда – сабрингиз, олимни тинглаганда – илмингиз ортади.
Þ Илм эгаллаш асносидаги энг кераксиз нарса – димоғдорлик, энг зарур нарса – вақтдир.
Þ Инсониятнинг ЭНГ Биринчи Устози – бу АЛЛОҲ ТАОЛОНИНГ ЎЗИ бўлса (Қуръони карим Бақара сураси 2/31 оят),
мусулмонларнинг инсонлар ичида ЭНГ Буюк Устози – Жаноби ПАЙҒАМБАРИМИЗ МУҲАММАД АЛАЙҲИССАЛОМДИРЛАР!
Ҳар бир инсон зоти учун эса ЭНГ Биринчи Устози – унинг ОТА-ОНАСИДИР! Зеро уни тарбиялашни ҳали бу дунёга келмасидан олдинроқ бошлайди. Туғилиши биланоқ, то ота-онанинг ўзи бу дунёдан ўтмагунча, ўз фарзандига меҳрибонлик қилиб ўтади...
Þ Шараф сизга, олқиш сизга, азиз устозлар!
Агар шогирд шайхулислом, агар қозидур,
Агар устоз рози – Тангри розидур! (Алишер Навоий).
Þ Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган Қуръони каримдаги энг биринчи хабар: «Ўқинг!» даъвати билан бошланиши бежиз эмас!
ДОНО ХАЛҚИМИЗ МАҚОЛЛАРИ:
è «Ота-она рози – Худо рози!»;
è «Уста борида қўлингни тий,
Устоз борида – тилингни»;
è «Уста бўлсанг, устозингни унутма!»;
è «Сабр таги – сариқ олтин»;
è «Яхши билан юрсанг – етарсан муродга,
Ёмон билан юрсанг – қоларсан уятга»;
è «Гул тикансиз бўлмас,
Дур – садафсиз»;
è «Устозингга тик қарасанг – тўзасан,
Ҳурмат қилсанг – аста-аста ўзасан».
Қуръони карим ояти карималари ва муборак ҳадиси шарифларга асосан
уламоларимиз белгилаб берган
“УСТОЗГА нисбатан муомалаю маданият”даги
илм ўрганувчининг 77 та одоби:
1) ҳар бир ишида ОТА-ОНАНИНГ дуоларини олишлик;
2) ҳаргиз-ҳаргиз ва асло ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР юзларига тик қарамаслик;
3) ҳаргиз-ҳаргиз ва асло ОТА-ОНАНИ, УСТОЗЛАРНИ ранжитмаслик;
4) ҳаргиз-ҳаргиз ва асло ОТА-ОНАНИ, УСТОЗЛАРНИ сўзларини икки қилмаслик;
5) ҳаргиз-ҳаргиз ва асло ОТА-ОНАГА, УСТОЗЛАРГА гап қайтармаслик;
6) ҳаргиз-ҳаргиз ва асло ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР айтганларини ерда қолдирмаслик;
7) ОТА-ОНАГА, УСТОЗЛАРГА ҳурмат ва итоатда бўлиш шарт;
8) ОТА-ОНАГА, УСТОЗЛАРГА барча ишларда бўйсуниши лозим;
9) ОТА-ОНАГА, УСТОЗЛАРГА нисбатан тавозеъли бўлмоқ даркор;
10) ОТА-ОНАНИ, УСТОЗЛАРНИ УЛАР йўқ пайтларда ҳам ҳурматлаши лозим;
11) ОТА-ОНАГА, УСТОЗЛАРГА биринчи бўлиб салом беришлик;
12) ОТА-ОНА, УСТОЗ ўрниларидан турдими, сиз ҳам туринг!;
13) ОТА-ОНА, УСТОЗ олдингизда экан, ҳеч ҳам баланд оҳангда гапирманг!;
14) ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР билан гаплашганда ўрнидан туриб гаплашишлик, ҳатто телефон орқали бўлганда ҳам;
15) ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР олдиларида мавзуга оид бўлмаган ортиқча гап-сўзлар гапирмаслик;
16) ОТА-ОНАГА, УСТОЗЛАРГА савол беришдан олдин рухсат сўрашлик;
17) иложи бўлса таълим бераётган инсонга исм-шарифи билан эмас, балки "МУАЛЛИМ!" ёки "УСТОЗ!" деб мурожаат қилиш;
18) УСТОЗ сўрамаган нарсалардан тилни тийишлик;
19) ОТА-ОНАНИНГ, УСТОЗНИНГ гапларига ёки жавобларига эътироз билдирмаслик;
20) ОТА-ОНА, УСТОЗ хатосини айтиб, билимдон эканлигини кўрсатмаслик;
21) ОТА-ОНА, УСТОЗ олдиларида ён шериги билан суҳбатлашиш жуда хунук ишдир;
22) ОТА-ОНАНИ, УСТОЗИНИ ҳурмат қилган инсон ҳар тарафга қараб ўтиришдан ўзини тияди ва диққатини ОТА-ОНАГА, УСТОЗГА қаратади;
23) ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР билан телефонда сўзлашганда УЛАРНИНГ ҳурматларини билиб, беизн УЛАРНИНГ вақтларини ортиқча кўп олмаслик;
24) ОТА-ОНА, УСТОЗ бизга телефон қилсалар, тезкор ёнимиздагиларни огоҳлантириб, узр сўраб, дарҳол ОТА-ОНАГА, УСТОЗГА жавоб берилади;
25) ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР билан суҳбатлашганда «Ало?», «Hello?», «Ҳа?», «Алё?», «Да?» сўзларни ўрнига «Ассалому алайкум!», «Лаббай?», «ДАДАЖОН?!», «ОНАЖОН?!», «УСТОЗ?!», «УСТОЗЖОН?!», «Эшитаман?», «Хизматингиздаман!..», «Қулоғим сизда...», «Хизматингизга тайёрман!..», «Доим хизматингиздаман!..», «Хизматингизга доим тайёрман!..», «Амрингизга мунтазирман!..» каби ибораларни ишлатиш;
26) ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР билан телефон орқали суҳбат тугаганда, телефонни дарҳол ўчирмасдан, балки УЛАР билан хайрлашиб, ОТА-ОНАГА, УСТОЗГА яхши тилаклар тилаб, ОТА-ОНА, УСТОЗ телефонларини ўчирганларидан сўнггина телефонни ўчириш мумкин; УЛАРДАН олдин телефонни ўчирмаслик;
27) ОТА-ОНАГА, УСТОЗЛАРГА телефонда гудок ташланмайди;
28) агар УЛАР шундай қилган бўлишса, дарҳол УЛАРГА қайта телефон қилинади;
29) ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР билан телефон орқали гаплашганда УЛАРНИНГ рухсатларисиз бошқаларга эшитиладиган даражада телефонни овозини баланд қилмаслик;
30) ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР билан телефонда гаплашиб турган пайтда мабодо алоқа узилиб қолса, УЛАРГА биринчи бўлиб ўзимиз қайтадан телефон қилишимиз лозим;
31) телефонда гаплашиб турган пайтда мабодо ОТА-ОНА, УСТОЗ телефон қилиб қолсалар, сўзлашиб турган одамни огоҳлантириб, дарҳол ОТА-ОНАГА, УСТОЗГА жавоб берилади;
32) ОТА-ОНАНИНГ, УСТОЗЛАРНИНГ шахсий маълумотлари ва ОТА-ОНАДАН, УСТОЗЛАРДАН телефон орқали келган барча маълумот-хабар (расм, видео, телефон рақам, овозли гап-сўзлари, смс ва ҳоказо)ларини ЎЗЛАРИНИНГ рухсатларисиз бошқаларга кўрсатилмайди, берилмайди ва юборилмайди;
33) ОТА-ОНАНИНГ, УСТОЗЛАРНИНГ ЎЗЛАРИГА ҳам УЛАРНИНГ рухсатларисиз турли хил маълумот-хабар (расм, видео, телефон рақам, овозли гап-сўзлар, смс ва ҳоказо)лар юборилмайди; ўзимиз юбормоқчи бўлган шахсий табрикномалар – мустасно;
34) ОТА-ОНАГА, УСТОЗЛАРГА айниқса тарбиявий аҳамиятга эга, илм-фанларга доир, таълимга тааллуқли бўлган ҳар қандай нарсалар юборилмайди ОТА-ОНАНИНГ, УСТОЗЛАРНИНГ рухсатларисиз;
35) ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР билан телефон орқали мулоқотни телефонда ёзиб олиш учун ЎЗЛАРИНИНГ розиликлари олинади; агар рухсат бермасалар, ёзиб олмаслик; чунки ЎЗЛАРИНИНГ рухсатларисиз ОТА-ОНАНИНГ, УСТОЗЛАРНИНГ гапларини ёзиб олиб, бошқаларга тарқатиш — жуда катта хиёнат ва улкан гуноҳ ҳисобланади;
36) ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР билан бирга сурат ё видеога тушмоқчи бўлганда, олдин ЎЗЛАРИДАН изн сўраб, рухсатлари олинади; агар рухсат бермасалар, сурат ё видеога тушмаслик;
37) ОТА-ОНАНИ, УСТОЗЛАРНИ сурат ё видеога олмоқчи бўлганда ҳам, олдин ЎЗЛАРИДАН изн сўраб, рухсатлари олинади; агар рухсат бермасалар, сурат ё видеога олмаслик;
38) телефон орқали кўришиб гаплашиш учун ОТА-ОНАНИНГ, УСТОЗЛАРНИНГ розиликларини олишда УЛАРГА гаплашмоқчи бўлган одамнинг ҳузурида кимлар мавжуд эканлигини ҳам огоҳлантириб қўйиш;
39) агар ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР томонларидан телефон орқали кўришиб гаплашишга истак билдирилмаса, бундан асло хафа бўлмаслик;
40) агар ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР билан телефон орқали кўриб гаплашиш зарурияти бўлсагина, шунда ҳам фақат УЛАРНИНГ ижозатлари билангина кўришиб гаплашиш учун телефон қилиш мумкин;
41) агар ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР томонларидан телефон орқали кўришиб гаплашишга хоҳиш билдирилмаса, ОТА-ОНАДАН, УСТОЗЛАРДАН узр сўралади;
42) ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР билан телефонсиз сўзлашганда, телефонни овозини ўчириб қўйилади;
43) ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР билан сўзлашиб турганда, бирор киши телефон қилиб қолса, аввало ОТА-ОНАДАН, УСТОЗЛАРДАН рухсат сўраш; агар УЛАР рухсат берсаларгина телефонга жавоб қайтарилади;
44) ОТА-ОНАГА, УСТОЗЛАРГА бегона рақамдан телефон қилганда, вақтни олмасдан дарров очиқ-ойдин ва аниқ ўзини таништириш лозим;
45) бошқа одам ОТА-ОНАМИЗНИ, УСТОЗЛАРНИ рақамларини сўраса, ОТА-ОНАНИНГ, УСТОЗЛАРНИНГ рухсатларисиз берилмайди;
46) ОТА-ОНАГА, УСТОЗЛАРГА телефон қилганда, иккинчи линиядан тушиб қолган одам битта чақириқдан кейин алоқани дарҳол узиш лозим. УЛАРГА ким қидираётганини англаш учун шу кифоя. Узлуксиз чақириқлар билан суҳбатларини бузмаслик;
47) ОТА-ОНАГА, УСТОЗЛАРГА қайта-қайта қўнғироқ қилавермаслик лозим. Чунки қўнғироқга жавоб бериш — у томоннинг ҳуқуқи, зинҳор мажбурияти эмас;
48) ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР бирорта маълумот-хабар (сурат, ёзув, видео)ни кўрсатиш учун телефонларини берсалар, фақат ўша маълумот-хабар (сурат, ёзув, видео)ни кўриш билангина чекланиш лозим. Бошқа жойларига ўтиб кетишга ҳаққимиз йўқ!;
49) агар ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР телефонларида нимадир кўраётган ёки излаётган бўлсалар, тикилиб турмаслик керак. ОТА-ОНАНИНГ, УСТОЗЛАРНИНГ телефонларига рухсатсиз қараш мумкин эмас!;
50) гаплашишга номуносиб пайтлар (масалан, азон айтилгандан кейин, кечанинг ярмида ёки кундузи дам олинадиган)да ОТА-ОНАГА, УСТОЗЛАРГА қўнғироқ қилинмайди;
51) ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР қўнғироқ қилган вақтда эса, қайси пайт ва қандай ҳолатда бўлишимиздан қатъий назар, УЛАРГА хушмуомалалик билан дарҳол ва тезкор жавоб бериш зарур;
52) ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР билан телефон орқали суҳбатлашаётганда, демак, ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР маълум бир вақтларини махсус биз учун алоҳида ажратаётганликларини, биз УЛАРНИНГ вақтларини олаётганимизни, ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР ЎЗ ишларини қўйиб, хаёллари биз билан банд бўлиб турганларини ҳис этиб, беҳуда гаплар билан УЛАРНИНГ вақтларини беҳуда ўтказмаслик лозим;
53) ОТА-ОНА, УСТОЗ билан агар бирор узун мавзу хусусида гаплашмоқчи бўлганда, аввал ЎЗЛАРИДАН рухсат сўралади. Агар рухсат берсалар, гаплашиш мумкин. Акс ҳолда, гапни қисқа қилиш зарур. Чунки УЛАР бемалол гаплашадиган ҳолатда бўлмасликлари ҳам мумкин;
54) ҳар бир байрамларда, ОТА-ОНАНИНГ, УСТОЗЛАРНИНГ хурсандчилик кунларида УЛАРНИНГ кўнгилларини кўтарадиган тилак, расм, видео, хабар, овозли гап-сўзлар, смс ва ҳоказоларни мунтазам юбориш лозим;
55) ҳар куни эрталаб-кечқурун ўқишга кетишдан олдин ҳамда ўқишдан келгандан кейин, бирор сабаблар билан ОТА-ОНАДАН йироқда бўлиб турган инсон ҳам ОТА-ОНАСИГА телефон қилиб, “Хайрли кун!”, ”Хайрли тун!” тилаб, ҳақларига чиройли, яхши дуолар қилиб, УЛАРНИНГ ҳол-аҳволларини сўраб, “Менга нима хизматлар буюрасиз?” деб, айтган хизматларини адо этиб, УЛАРНИНГ бетакрор, бебаҳо ва беқиёс дуоларини олиш лозим;
56) ОТА-ОНАНИНГ, УСТОЗЛАРНИНГ олдиларида телефон ўйнамаслик. Чунки бундай қилиш – ОТА-ОНАГА, УСТОЗЛАРГА нисбатан ҳурматсизлик, менсимаслик, беодоблик ҳисобланади. Агар жиддий зарурат туғилиб қолса, УЛАРГА узрини айтиб, рухсат сўралади. Агар ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР ижозат берсаларгина, телефон билан машғул бўлинади;
57) УСТОЗЛАРГА юраётган ҳолатда савол бериш ҳурматсизлик ҳисобланади;
58) илм қалбга ўрнашади. Қалб тоза ва пок бўлса, унга илм мустаҳкам ўрнашади ва баракали бўлади;
59) шу сабаб аввало – қалбини поклаш. У ҳар хил қалб касалликларидан соф ва пок бўлиши лозим. Қалбни кибр, риё, манманлик, менсимаслик, ғийбат, ёлғончилик, бировни кўраолмаслик ва бошқа зарарли иллатлардан халос этиш керак;
60) тўғри ва чиройли ният қилиш. Киши олаётган илми орқали илмига холис амал қилишни, инсонларнинг қалбига маърифат зиёсини улашишни, халқнинг манфаати учун хизмат қилишни қасд қилиши лозим;
61) ўзини бутунлай илмга бағишлаш. Толиби илм туну кун умрининг ҳар бир лаҳзасини илм олишга сарфлаши лозим. Зеро уламоларимиз: “Сен илмга борингни бермагунча, у сенга ҳеч нарса бермайди”, деганлар;
62) бўш вақтларида Аллоҳнинг зикри билан, Пайғамбаримиз алайҳис саломга салавот айтиш билан, ўзининг қалбидаги орзу-тилакларини Худодан сўраб, дуо қилиш билан банд бўлиши даркор. Зеро илм – Аллоҳнинг нуридир! Аллоҳ таоло нурини Ўзи истаган бандасигагина беради;
63) уйга берилган вазифани имкон қадар Қибла томон юзланиб бажаришлик;
64) кўп ва тартибсиз овқат емаслик;
65) бадантарбия билан шуғулланишлик;
66) уйқуни меъёридан оширмаслик;
67) доим баҳоли имкон батаҳорат бўлиб юришлик;
68) киядиган либосларини покиза тутишлик;
69) устоз танлашда шошмаслик. Бунда ҳам ОТА-ОНА билан маслаҳат қилиш. Улуғларимиз: “Илм – бу диндир, шунинг учун уни кимдан олаётганингизга эътибор беринглар!” – деганлар;
70) илм ўрганишдаги шерикларини ҳам ҳурматларини жойига қўйиш. Улар илм йўлида орттирган дўстлари ҳисобланади;
71) илм ўрганишда дўстларига ҳам кўмак бериш;
72) ўз тажрибаси орқали ўрганганларини бошқа илм ўрганувчилар билан баҳам кўриши ва имкони борича ёрдам бериши ҳам гўзал одобдир;
73) илм олишига сабаб бўлаётган китоб, дафтар, қалам ва бошқа ўқув қуролларини эҳтиёт қилиш, оёқ остига қўймаслик ва, албатта, ҳар жойда эътиборсиз қолдирмаслик лозим;
74) чиройли ёзиш;
75) олаётган билимларини ёзиб бориш керак. Чунки ёзиш оқибатида илм мерос сифатида кейингиларга қолади;
76) илмни яширмаслик. Аллоҳ таоло қайси бир бандасига илмдан бирор насиба берган бўлса, ўша кишининг зиммасида олган илмини ўзгаларга етказиш вазифаси туради;
77) ўрганган илмини яширмай, имкон қадар ўзгаларга етказишда, икки фойда бор:
- илмни етказгани учун савоб;
- илмни ўзгаларга ўргатган сари кўникма ва тажриба ҳосил бўлиши.
ИЛОҲО МЕҲРИБОН ПАРВАРДИГОРИМИЗ ЎЗИ буюрган, Жаноби ПАЙҒАМБАРИМИЗ САЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ тавсия этган, ўтмишда ўтганларимизнинг руҳлари шод бўладиган, халқимиз хурсанд бўладиган, ОТА-ОНАЛАРИМИЗ рози бўладиган йўллардан юришимизни насиб этсин!
Иброҳимжон домла Иномов
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг халифалиги
(халифалик даври: ҳижрий 64–73; милодий 683–692)
Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг ҳаёти
Абдуллоҳ ибн Зубайр – жаннат башорати берилган ўн кишининг бири бўлган машҳур саҳоба Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг ўғилларидир. Оналари – Асмо бинт Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳо.
У зот ҳижратдан кейин Мадинада биринчи туғилган бола эдилар. Шунинг учун у киши туғилганида мусулмонлар ниҳоятда хурсанд бўлган. Ўша пайтда яҳудийлар «Муҳожирларда бепуштлик тарқалган» деб даъво қилишарди. Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг туғилиши эса Мадинаи мунавварада мусулмонлар учун байрам устига байрам бўлиб кетди.
У киши улуғ саҳобадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида Абдуллоҳ ибн Зубайр тўққиз ёшда эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўттиз учта ҳадис ривоят қилганлар.
Абдуллоҳ ибн Зубайр Қуръон оятлари ёзилган саҳифалардан мусҳафларга нусҳа кўчиришдек масъулиятли ишни бажарган тўрт саҳобанинг биридирлар.
Усмон розияллоҳу анҳу Ҳафса онамизга одам юбориб: «Бизга саҳифаларни бериб тур, ундан мусҳафларга нусха кўчириб олайлик, кейин уларни ўзингга қайтариб берамиз», деган. Шунда Ҳафса уларни Усмонга бериб юборган. У зот Зайд ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Зубайр, Саъид ибн Ос ва Абдурраҳмон ибн Ҳорис ибн Ҳишомларга амр қилган ва улар мусҳафларга нусха кўчиришган.
Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу Ярмук урушида оталари билан бирга иштирок этганлар. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу қатл қилинган куни у кишини ҳимоя қилиб жанг қилганлар ва жароҳатланганлар. Шунингдек, Қустантиния ғазотида, кейинчалик Муовиянинг даврида Африкадаги фатҳларда ҳам иштирок этганлар.
Ўша пайтда Африка жамияти дейилганда Тароблусдан Танжагача чўзилган катта ерларни ўз ичига олган жамият кўзда тутиларди. Унинг подшоҳи Рум томонидан қўйилар, ўша пайтда Жиржис исмли одам подшоҳ эди. У ҳар йили Рум подшоҳига харож тўлаб турарди. Жиржис бир юз йигирма минг отлиқдан иборат лашкар тўплади. Мусулмонлар келиб, Исломни арз қилишган эди, у бош тортиб, урушни ихтиёр қилди. Жиржис жарчи юбориб, «Ким Абдуллоҳ ибн Саъдни қатл қилса, уни қизимга уйлантираман ва юз минг динор бераман!» деб жар солдирди.
Мусулмонларнинг қўмондони Абдуллоҳ ибн Зубайр эдилар. У киши Абдуллоҳ ибн Саъддан изн олиб, мусулмонлар ичида «Ким Жиржисни қатл қилса, у юз минг динор олади ва Жиржиснинг қизига уйланиб, унинг мамлакатига волий бўлади!» деб жар солдирдилар. Жиржиснинг дилига қўрқув тушди.
Аввалига жанг Жиржиснинг режаси бўйича давом этди, яъни эрталаб бошланиб, пешинда тўхтар эди. Кейин Абдуллоҳ ибн Зубайр мусулмон жангчиларни иккига бўлдилар. Бир қисми пешингача уруш қилади, иккинчиси пешиндан кейин. Ана шунда румликлар дам олишга улгуришмайди. Мусулмонлар эса дам олиб дам олиб, жангни давом эттираверадилар.
Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг ушбу режаси румликларнинг мағлубиятига асосий сабаб бўлди. Абдуллоҳ ибн Зубайр Жиржисни қатл этди.
Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу жуда кўп ибодат қилар эдилар. Халифалар ичида чавандозлиги билан машҳур бўлганлар. Шижоатда у кишига тенг келадиган одам йўқ эди.
«Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу намоз ўқисалар, хушуъдан қотган таёққа ўхшаб қолар эдилар. Сажда қилганларида чумчуқлар у кишини девор деб ўйлаб, устиларига қўнар эди. Бир куни Каъбанинг Ҳатийм тарафида намоз ўқиётганларида тош тушиб, кийимларининг бир томонини узиб кетганини ҳам сезмаганлар».
Ҳижратнинг 64 йили Язид ибн Муовия вафот этганида бу зот халифа бўлишлари учун байъат берилди. Мана шу даврда Миср, Ҳижоз, Яман, Хуросон, Ироқ, Шом юртларининг баъзи ерларига ҳукмдор бўлдилар.
Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу ўзлари умавийларга қарши чиқиб, Маккага амир бўлиб турганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айганларидек қилиб, Каъбани қайта қурдилар. Аммо умавийларнинг лашкарбошиси золим Ҳажжож Абдуллоҳ ибн Зубайрни қатл қилиб, қурилишларини бузиб, қурайшликлар кўрганидек қилиб қайта қурди.
Абдуллоҳ ибн Зубайр ўзларининг халифалик даврларида биринчи бўлиб дирҳамни жорий этдилар. Бу дирҳамнинг бир тарафига «Муҳаммадур Расулуллоҳ», иккинчи тарафига «Амруллоҳи бил вафо вал адл» деб битилган эди.
Абдуллоҳ ибн Зубайрга байъат
Карбалода Ҳусайн розияллоҳу анҳу қатл қилинганларидан сўнг Ибн Зубайр Язидни халифаликдан олинди, деб эълон қилдилар ва одамларни ўзларига байъат қилишга чақирдилар. Мадинаи мунаввара ва Маккаи мукаррама аҳли у кишига байъат қилди. Юқорида айтиб ўтилганидек, Язид ибн Муовия Ибн Зубайрга қарши уруш қилди. Мадинаи мунавваранинг Ҳарамини бузиб, ичкарида уруш қилишга журъат этди. Маккаи мукаррама қамал қилиб турилганда, ҳижрий 64 (милодий 683) йилда Язид вафот этди. Шундан кейин Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг ишлари қарор топди. У кишига бошқа шаҳарларнинг одамлари ҳам байъат қилишди. Бану Умайяга фақат Шомнинг бир қисмигина қолди, холос.
Абдуллоҳ ибн Зубайр ана шу тарзда қонуний халифага айланди. Шунга биноан Муовия ибн Язид, Марвон ибн Ҳакам ва Абдулмалик ибн Марвонларнинг биринчи даврдаги халифаликлари ботил ҳисобланди. Улар ҳақида: «Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг замонида Шомда ҳоким бўлиб туришган», дейилади. Аҳли илмларнинг кўплари мана шунга иттифоқ қилганлар.
Ҳодисалар
Марвон ибн Ҳакамнинг фаолияти
Язиднинг ўлимидан кейин унинг ўғли Муовия халифа бўлди. Лекин у халифаликдан воз кечиб, узлатга юз тутди.
Умавийлар ҳижрий 64 йилда Марвон ибн Ҳакамга байъат қилишди. У Шомнинг барчасини ўз ҳукми остига бўйсундиришга имкон топди. Сўнг Абдуллоҳ ибн Зубайрдан Мисрни тортиб олди.
Марвон ибн Ҳакам ҳижрий 65 (милодий 684) йилда вафот этди. У ҳам ўғли Абдулмаликка аҳд олиб, уни халифа қилиб қўйгач, оламдан кўз юмди.
Мухтор Сақафий ҳаракати
(ҳижрий 64–67; милодий 683–686)
Мухтор Сақафий Ибн Зубайрнинг одамларидан эди. Лекин у Ибн Зубайрдан ажралиб, ўзбошимчалик билан иш юритиб, бош кўтарди ва Куфага жўнаб кетди. У залолатга кетиб адашган, ниҳоятда обрўталаб ва мол-мулкка ўч одам эди. У Куфага эга чиқиб олди, Мосулни буйсундирди, Маккага ҳужум қилди. Абдулмалик унга қарши уруш олиб борган эди, Сақафий уни енгди. Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг қотилларини қатл қилди, уларни жуда қаттиқ таъқиб остита олди. Бу ишларни у шийъаларнинг розилиги учун қилди. Мухтор Сақафий Убайдуллоҳ ибн Зиёдни қатл қилди. Сўнгра Мусъаб ибн Зубайр Мухтор Сақафийни йўқ қилди. Мусъаб Абдуллоҳ ибн Зубайр ва унинг укаси томонидан Басранинг волийси этиб тайинланган эди. Бу воқеа ҳижрий 67 (милодий 686) йилда бўлиб ўтди.
Абдулмаликнинг Ироқ ва Мадинани эгаллаб олиши
Абдулмалик ўзи бош бўлиб, Мусъаб ибн Умайрга қарши уруш қилиш учун йўлга чиқди. Мусъаб енгилди ва ҳижрий 71 (милодий 690) йилда қатл қилинди. Ироқ Абдулмаликка бўйсунди. Сўнг унинг лашкари Мадинаи мунавварага келди ва у ерни ҳам ўзига бўйсундирди.
Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг қатл қилиниши ва Макканинг бўйсундирилиши
Кейин Абдулмалик ўз қўмондони Ҳажжож ибн Юсуф бошчилигида лашкарини Макка томон юборди. Ибн Зубайр Маккада ўзига истеҳком қуриб олган эди. Ҳажжож Маккаи мукаррамани қамал қилди. Каъбани манжаниқда тошга тутди. Одамлар Ибн Зубайрни ташлаб қочиб кетишди. Ибн Зубайр ўзига яқин кишилар билан беқиёс шижоат кўрсатиб, Каъбанинг олдида душманга қарши жанг қилди. Бироқ манжаниқда отилган тошлар тегиб синган Каъбанинг бўлаклари остида ҳалок бўлди. Бу ҳодиса ҳижрий 73 (милодий 692) йилда содир бўлди. Шундай қилиб, Макка ва унинг аҳолиси Абдулмаликка бўйсунди. Барча юртларга Абдулмалик қонуний халифа бўлиб олди.
Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳунинг халифалиги таҳминан тўққиз йил давом этди.
Умавийлар халифалигининг қайта тикланиши
Абдулмалик ибн Марвон
(халифалик даври:ҳижрий 73–86; милодий 692–705)
Абдулмалик ибн Марвоннинг ҳаёти ва халифалиги
Абдулмалик ибн Марвон ибн Ҳакам ибн Абу Ос ибн Умайя 16 ёшлигида Муовия уни Мадинага волий қилган эди. У халифа бўлишидан олдин ғоятда обид, зоҳид ва фақих инсон бўлиб, Мадинаи мунавваранинг уламоларидан саналарди. Абдулмалик ибн Марвон ҳижрий 41–45 йилларда Африкани фатҳ қилиш ишларида иштирок этган. Ҳижрий 65 (милодий 684) йилда отаси Марвон ибн Ҳакамнинг вафотидан кейин ишни ўз қўлига олди. Ўша вақтда Ибн Зубайр халифа бўлиб турган эди. У Ироқни Ибн Зубайрдан ажратиб олгандан сўнг уни қатл қилиб, Ҳижозни ўзига бўйсундирди. Бошқа шаҳарлар ҳам унга байъат қилди. Ҳижрий 73 (милодий 692) йилдан Абдулмалик ибн Марвон қонуний халифага айланди ва барча вазиятни ўз қўлига олди.
Бу инсон умавийлар давлатининг иккинчи асосчиси саналади. Абдулмалик ибн Марвон ишни қўлига олган пайтда Ислом олами тарқоқ ҳолатда эди. У ўзининг донолиги ва сиёсати билан юртларнинг ҳаммасини тоатга қайтишга ундади ва бу ишда муваффақиятга эришди. Барча бош кўтаришлар, исёнлар ва қўзғалонларни бостирди.
Фатҳлар
Абдулмалик ибн Марвоннинг даврида кенг ва катта фатҳлар бўлмади, чунки у хорижийларга ва Ибн Ашъасга қарши жанг билан машғул бўлди. Кейинроқ Румга қарши уруш қилишга қайтди, чунки улар Шом юртларига таҳдид солиб турган эди. Мағриб юртлари қайтадан фатҳ, қилинди. Ўша даврда Шимолий Африка майдонида энг катта ва машҳур қўмондонлардан бири Мусо ибн Нусайр бўлди. Уқбанинг ўлимидан кейин Танжа ва Сиптани фатҳ қилди.
Шарқ тарафда Мовароуннаҳр юртларида туркларга қарши урушлар бўлди. Муҳаммад Сақафий Синдни фатҳ қилди. Машриқда кенг қамровли фатҳлар бўлмади, бироқ унинг давридаги барқарорлик отаси Валиднинг пайтидагидан кўра салмоқлироқ бўлди.
Ҳодисалар Абдурраҳмон ибн Ашъас ҳаракати
(ҳижрий 81–85; милодий 700–704)
Ҳижрий 81 йилда Ҳажжож Абдурраҳмон ибн Ашъасни турк юртларини фатҳ қилиш учун юборди.
У ерда жуда кўп ғалабаларга эришган Абдурраҳмон ибн Ашъас Ҳажжожга ва Абдулмаликка итоат қилишдан бош тортди. Ҳажжожга қарши уруш олиб бориб, Ироқни бўйсундирди. Сўнг машриқ тарафда Хуросондан бошқа жойлар унга бўйсунди. Абдурраҳмон ибн Ашъас билан умавийлар орасида катта урушлар бўлди. Ниҳоят ҳижрий 82 йилда у енгилиб, қочиб кетди ва ҳижрий 85 йилда қатл қилинди.
Ҳажжож томонидан Ибн Ашъасга эргашган уламолардан кўпчилиги ҳам қатл қилинди. Уларнинг ичида тобеъинлардан бўлмиш Саъид ибн Жубайр ҳам бор эди.
Ҳажжож ибн Юсуф Сақафий
Абдулмаликнинг энг кўзга кўринган одамларидан бири бўлган бу шахс ўзининг сиёсати, доҳийлиги ва шафқатсизлиги билан машҳур бўлди. У Мусъаб ибн Зубайрга қарши уруш олиб борган, Ироқни умавийларга қўшган қўмондонлардан эди. Сўнг Абдулмалик уни Абдуллоҳ ибн Зубайрга қарши урушиш ва Ҳижозни бўйсундириш учун юборди. У Ибн Зубайрни ўлдирди ва ўша ерларга ўзи волий бўлди.
Ироқда фитналар янгитдан бошланганда (ўзи ҳар доим шундай бўлиб келган), Абдулмалик Ҳажжожни Ироққа волий қилди. Ҳажжож Ироққа қарши раҳмсиз ва шафқатсиз сиёсат олиб бориб, уни ҳам ўзига бўйсундирди. Ҳажжожнинг нуфузи Шарқнинг барча тарафларига тарқалди. Умавийлар давлати дуч келган тўсиқларни енгишда унинг хизматлари ниҳоятда катта эди. Кўриниб турибдики, Ҳажжожнинг шафқатсизлиги ўша замондаги тинчлик ва истиқлол учун хизмат қилган.
Хаворижлар
Ўша даврларда хаворижларнинг Ироқ ва Арабистон яриморолидаги фаолиятлари кучайди. Умавий қўмондонлардан Муҳаллаб ибн Абу Сафро уларнинг устидан кўп ғалабаларга эришиб, у ерларда жуда кўп аҳолини қириб битирди. Қотрий ибн Фужоъа ва Шабиб Шайбоний хаворижларнинг энг кўзга кўринган намояндаларидан эди.
Абдулмалик ибн Марвон амалга оширган энг муҳим ишлар
– Ҳижрий 76 (милодий 695) йилда исломий пул бирлиги чиқарилиб, муомалага киритилди.
– Масжидул Ақсо биноси янгиланди.
– Девон ишлари арабийлаштирилди. Бу иш ҳижрий 81–86 (милодий 700–705) йилларда амалга оширилди.
Абдулмалик ибн Марвоннинг вафоти
Абдулмалик ибн Марвон ҳижрий 86 (милодий 705) йилда вафот этди. Унинг қонуний халифалиги ўн уч йил давом этди.
Кейинги мавзулар:
Валид ибн Абдулмалик.