Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Cавол: Бомдоднинг фарзига келган киши ҳали суннатни ўқимаган бўлса, жамоатга қўшилиб фарзни ўқиб, ундан кейин суннатини ўқиб олса бўладими? Бир саҳобий шундай қилганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам индамаган эканларку.
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Бомдоднинг суннатини ўқий олмасдан фарзига улгуриб қолган киши кейин суннатни қайтариб ўқимайди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фажрдан кейин қуёш чиққунича, асрдан кейин қуёш ботгунича (нафл) намоз ўқишдан қайтардилар” (Имом Бухорий ривояти).
Имом Термизий ҳам шу маънодаги ҳадисни ривоят қилган. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фажрдан кейин икки ракатдан бошқа (нафл) намоз йўқ”, дедилар.
Имом Термизий мазкур ҳадиснинг давомида қуйидагиларни айтади: “Бу ҳадиснинг маъноси шуки, бомдод вақти киргандан бошлаб бомдоднинг икки ракат суннатидан бошқа намоз ўқилмайди, деганидир. Бу масала барча аҳли илм якдил бўлган масаладир. Уламолар киши бомдод вақти киргандан бошлаб, бомдод намозининг икки ракат суннатидан бошқа (нафл) намоз ўқишни макруҳ дейишган”.
Фарздан кейин ҳам ўқиса бўлади дейдиганлар: “Фарздан кейин ўқиса ҳам, бомдоднинг суннатини ўқийдику, бошқа нафл намоз эмаску?”, дейишлари мумкин. Унга жавоб қуйидагича: барчага маълумки бомдоднинг суннатининг вақти фарздан аввал бўлади. Фарздан кейин ўқиладиган суннат йўқ. Шунинг учун фарздан кейин ўқилса, оддий нафл намоз ҳукмида бўлади.
Бу савол-жавобдан шуни англаймизки, битта ҳадисни ўқиб, дарров хулоса чиқариш, бирор ҳукм ёки фатво айтиш хато бўлади. Фақиҳ уламолар эса ҳукм чиқариш учун шу мавзудаги барча ҳадисларни тўплаб, ўрганиб, таҳқиқ қилиб кейин якуний хулоса чиқарадилар. Шунинг учун ҳадислардан қандай ҳукм чиқишини фақиҳларнинг китобларидан ўрганиш керак бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Баъзи биродарларимдан: «Тўрт мазҳабдан олдин кимлар бўлган?» деб сўрайман. Улар: «Тобеъинлар, саҳобалар бўлишган», дейишади. Йўқ. Улардан, яъни тўрт мазҳабдан олдин кофирлар бор эди. «Қандай қилиб тўрт мазҳабдан олдин кофирлар бўлади?» дейишади, чунки бу тўрт мазҳаб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошланган. Набий алайҳиссаломдан олдингилар эса кофир бўлган, чунки ҳанафий мазҳаби Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошланган.
Тўртинчи ёки бешинчи бўлиб Исломга кирган Ибн Масъуд Кўфага борди. Бир неча йил ўтиб, у ерга Алий розияллоҳу анҳу борди. Сўнг етмишта бадрий (бадр жангида қатнашган) саҳоба, сўнг бир ярим минг саҳоба борди. Ана шулар ҳанафий мазҳабига асос солишди. Сизлар ҳозир ўрганаётган масалалар Ибн Масъуднинг масалаларидир.
Профессор, шайх Салоҳ Абул Ҳож ҳазратлари
«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан