Нафақа ёшига етган дурадгор хўжайинига фаолиятини якунлаб, энди вақтини кўпроқ оиласи билан ўтказишни режа қилганини билдирди. Хўжайин кутилмаган бу гапдан бироз қайғуга тушиб қолди. Чунки дурадгор унинг энг ишончли ходимларидан бири эди. Ундан асло ажралишни хоҳламасди. Ноилож хўжайини: “Майлин фақат Сизга сўнгги илтимосим бор, охирги марта менга яна битта уй қуриб бера оласизми?” деб сўради.
Дурадгор ишга бўлган иштиёқи анча сўнган бўлса-да, истар-истамас хўжайиннинг бу илтимосига рози бўлди. Дурадгор уйни қурар экан, арзон ва сифатсиз қурилиш материаллардан фойдаланар, жуда беҳафсала, тезроқ уйни битиришга ҳаракат қиларди.
Дурадгорнинг ишлари тугагач, хўжайин янги уйни кўриш учун келди. У дурадгорга калитни берди ва: “Бу уй йиллар давомида қилган меҳнатларингиз учун сизга ҳадия”, деди.
Дурадгор ҳайратда қолди. Агар у уйни қуришдан олдин бу уй ўзига эканини билганида эди, бутунлай бошқача тарзда қурган бўларди.
Сиз ҳар куни эрта тонгда уйқудан уйғонар экансиз, Аллоҳ таоло сизга ҳаётингизни яхшилаш учун бир қанча янги имкониятлар беради. Аммо афсуски, аксарият одамлар бугунги кунини кечаги кундан кўра яхшилашга интилмайди, Аллоҳ берган имкониятлардан тўлиқ фойдаланмайди. Ва оқибатда натижалар кўнгилгидек бўлмайди. Шундай экан, Аллоҳ берган имкониятлардан тўлиқ фойдаланишга ҳаракат қилинг! Ҳаётингизни ўзингиз чиройли тарзда қуринг! Унутмангки, эртага ўша уйда ўзингиз яшайсиз!
Даврон НУРМУҲАММАД
Жорий йилнинг 13–16 сентябрь кунлари Озарбойжон пойтахти Боку шаҳрида Туркий давлатлар муфтийлари кенгашининг навбатдаги VII йиғилиши ҳамда унинг доирасидаги бир қатор тадбирлар бўлиб ўтади.
Йиғинларда туркий дунёнинг етакчи дин пешволари – Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар, Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Шайхулислом Аллоҳшукур Пошшозода, Туркия Диёнат ишлари бошқармаси раиси Сафи Арпагуш, Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, бош муфтий Наврўзбай ҳожи Тағанули, Қирғизистон мусулмонлари диний назорати раиси, муфтий Абдулазиз қори Закиров, Туркманистон муфтийcи Раҳмон Қурбонмуродов кабилар бошчилигидаги туркий давлатлар уламоларидан иборат делегациялар иштирок этади.
Мамлакатимиз делегацияси сафидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши, Фатво маркази, ҳудудий вакилликлар ҳамда олий диний таълим муассасаларидан вакиллар жой олган.
Тадбирлар доирасида уламолар мусулмон уммати учун муҳим бўлган шаръий масалалар, замонавий фатволар ва муштарак ташаббусларни муҳокама қилиб, якуний ҳужжатларни имзолайдилар. Шунингдек, илмий-амалий анжуман, икки томонлама музокаралар ҳамда табаррук қадамжолар зиёрати ҳам режалаштирилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати