Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
02 Октябр, 2024   |   29 Рабиъул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:03
Қуёш
06:21
Пешин
12:17
Аср
16:18
Шом
18:06
Хуфтон
19:19
Bismillah
02 Октябр, 2024, 29 Рабиъул аввал, 1446
Мақолалар

Бугун қурган уйингизда, эртага ўзингиз яшайсиз

11.09.2024   902   1 min.
Бугун қурган уйингизда, эртага ўзингиз яшайсиз

Нафақа ёшига етган дурадгор хўжайинига фаолиятини якунлаб, энди вақтини кўпроқ оиласи билан ўтказишни режа қилганини билдирди. Хўжайин кутилмаган бу гапдан бироз қайғуга тушиб қолди. Чунки дурадгор унинг энг ишончли ходимларидан бири эди. Ундан асло ажралишни хоҳламасди. Ноилож хўжайини: “Майлин фақат Сизга сўнгги илтимосим бор, охирги марта менга яна битта уй қуриб бера оласизми?” деб сўради.

Дурадгор ишга бўлган иштиёқи анча сўнган бўлса-да, истар-истамас хўжайиннинг бу илтимосига рози бўлди. Дурадгор уйни қурар экан, арзон ва сифатсиз қурилиш материаллардан фойдаланар, жуда беҳафсала, тезроқ уйни битиришга ҳаракат қиларди.

Дурадгорнинг ишлари тугагач, хўжайин янги уйни кўриш учун келди. У дурадгорга калитни берди ва: “Бу уй йиллар давомида қилган меҳнатларингиз учун сизга ҳадия”, деди.

Дурадгор ҳайратда қолди. Агар у уйни қуришдан олдин бу уй ўзига эканини билганида эди, бутунлай бошқача тарзда қурган бўларди.

Сиз ҳар куни эрта тонгда уйқудан уйғонар экансиз, Аллоҳ таоло сизга ҳаётингизни яхшилаш учун бир қанча янги имкониятлар беради. Аммо афсуски, аксарият одамлар бугунги кунини кечаги кундан кўра яхшилашга интилмайди, Аллоҳ берган имкониятлардан тўлиқ фойдаланмайди. Ва оқибатда натижалар кўнгилгидек бўлмайди. Шундай экан, Аллоҳ берган имкониятлардан тўлиқ фойдаланишга ҳаракат қилинг! Ҳаётингизни ўзингиз чиройли тарзда қуринг! Унутмангки, эртага ўша уйда ўзингиз яшайсиз!

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Ғуслга қодир бўлмаган бемор жунубликдан қандай покланади?

27.09.2024   3563   2 min.
Ғуслга қодир бўлмаган бемор жунубликдан қандай покланади?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Cавол: Яқинда операция бўлдим. Ўрнимдан туриш, ўтириш мумкин эмас. Аёлим ёрдамида таҳорат олиб, ётган ҳолда намоз ўқияпман. Уйқумда эҳтилом бўлдим. Ғусл қила олмайман. Бундай ҳолда қандай қилиб покланиб намоз ўқийман?

 

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Сиз ғусл қила олмасангиз ҳам таяммум қилиш билан покланаверасиз. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилган: “Агар бемор бўлсаларингиз ёки сафарда бўлсаларингиз ё бирорталарингиз таҳоратхонадан келса ёки аёлларга яқинлик қилса-ю, сув топа олмасаларингиз, покиза тупроқ билан таяммум қилинглар” (Нисо сураси, 43-оят).

Демак, мазкур далилларга кўра сув билан ҳақиқий покланиш имкони йўқ бўлиб қолган пайтда, покиза ер жинси билан ҳукмий покланиш жоиз  бўлади. Таяммум қилишга рухсат берилган ушбу оятда “Агар бемор бўлсангиз” дейилган. Биров бемор бўлса-ю, сув ишлатиб таҳорат ёки ғусл қилганда ҳалокатга учраши, бирор аъзоси талафот кўриши, беморлиги зиёда бўлиши, чўзилиб кетиши, тузалиш кечга сурилиши кабилардан аниқ хавф бўлса, таяммум қилиши жоиз.

Ер жинси – тупроқ, қум, тош, оҳак, гипс, сурма, сурматош, олтингугурт каби ердан бўлган ашёлардир. Шунингдек, турли буюмлар устидаги (масалан, кийимдаги ёки кўрпа-тўшакдаги) чанг ҳам ер жинсига киради. Шу чангни қасд қилиб, таяммум қилиш ҳам мумкин.

Таяммум қилмоқчи бўлган одам енгини тирсакларидан юқоригача шимаради. Покланишни ният қилиб, икки қўлини тупроққа ёки ер жинсидан бўлган нарсага уриб, юзига суртади. Икки қўлини иккинчи марта уриб, аввал чап қўлининг кафти орқали ўнг қўлини чиғаноқлари билан қўшиб масҳ қилади. Кейин ўнг қўлининг кафти орқали чап қўлини чиғаноқлари билан қўшиб масҳ тортади. Шу билан таяммум қилган бўлади.

Сиз шу тарзда то ғусл қилишга қодир бўлгунингизга қадар таяммум қилиб, намозларингизни адо этишингиз мумкин. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво маркази.