Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
30 Сентябр, 2024   |   27 Рабиъул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:01
Қуёш
06:19
Пешин
12:18
Аср
16:20
Шом
18:09
Хуфтон
19:22
Bismillah
30 Сентябр, 2024, 27 Рабиъул аввал, 1446
Мақолалар

Мусибатлар ҳам Аллоҳнинг мукофоти

11.09.2024   943   2 min.
Мусибатлар ҳам Аллоҳнинг мукофоти

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Уҳуд ғазотидан кейин Аллоҳ таоло мусулмонларга бундай хитоб қилди:

«Ўшанда У Зотнинг изни ила уларни қира бошлаганингизда Аллоҳ ваъдасининг устидан чиқди. Аммо сизлар заифлашиб, фармон борасида ихтилоф қилдингиз, У Зот сиз яхши кўрган нарсани кўрсатганидан сўнг эса осийлик қилдингиз, чунки орангизда дунёни истайдиганлар ҳам бор, охиратни истайдиганлар ҳам бор. Кейин эса У Зот синов учун сизларни чекинишга мажбур қилди. Энди эса сизларни афв этди, зеро, Аллоҳ мўминларга фазлу марҳаматлидир. Ўшанда Расул ортингиздан чақириб турса ҳам, ҳеч кимга қарамай, тирқираб қочдингиз. Аммо У Зот қўлдан кетган нарсага ҳам, етган мусибатга ҳам маҳзун бўлмаслигингиз учун сизни ғам устига ғам билан мукофотлади. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир» (Оли Имрон сураси, 152-153-оятлар).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам камончиларни бир тепаликка жойлаштириб, «Менинг фармонимсиз жойингиздан жилманглар!» деб буюрдилар. Лекин улар жангнинг бошида мусулмонлар ғалаба қилаётганини кўриб, ўлжадан бенасиб қолиб кетмайлик деб, Пайғамбаримиз солллаллоҳу алайҳи васалламнинг буйруқларини бажармай, пастга туша бошлашди. Буни кутиб турган душман фурсатдан дарҳол фойдаланди. Бу мусибатга ана шу тортишув, итоатсизлик сабаб бўлди. Мана шу жиноятнинг «меваси» ўлароқ, мусулмонлар жанг майдонида ғам устига ғамларга гирифтор бўлдилар.

Талотўпда душманлардан бири «Муҳаммад ўлди!» деб қичқирди. Мана шу ёлғон хабарнинг тарқалиб кетгани биринчи мусибат бўлди. Бу хабар мусулмонларни қаттиқ тушкунликка тушириб қўйди. Иккинчи мусибат эса кофирларнинг мусулмонлар устидан қўли баланд келиб, етмишта забардаст саҳобанинг шаҳид қилингани бўлди. Қуръоний таъбир бу мусибатни ўзгача услуб билан ифодалади. Аллоҳ таоло «сизларни ғам устига ғам билан жазолади», демади, балки «мукофотлади», деди. Нима учун мукофотлади? Бунинг нимаси мукофот дейсизми? Ахир юқоридаги ҳадисда нима дейилган эди? Ҳар бир мусибат – ажр эмасмиди? Бу воқеанинг мукофотлиги шуки, ғам-ташвиш, мусибат туфайли сабабли мўминларга ажр-савоб берилди. Шунинг учун Аллоҳ таоло мусибатларни, қийинчиликларни савоб деб, мукофот деб атади, чунки бу мусибатлар содир бўлган хатоларни йўқ қилиб юборар эди! Мўминлар бу қийинчиликларга сабр қилишса, Аллоҳ улардан рози бўлади, гуноҳларини мағфират қилади, жаннатдаги даражаларини юксалтиради.

Шундай экан, маҳзун бўлманг, опа-сингиллар! Аллоҳ бизни азоблаш учун, қийнаш учун эмас, балки тарбиялаш учун синамоқда. Балоларни йўллаб, бизни мукофотламоқчи, кечирмоқчи, биздан рози бўлмоқчи. Шунинг учун шу лаҳзалардан эътиборан унутмангки, ғам-ташвишларда албатта ажру мукофотлар бор.

Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг

“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ таржимаси.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Қайғуларингизни кичик хурсандчиликлар билан қувинг!

30.09.2024   677   2 min.
Қайғуларингизни кичик хурсандчиликлар билан қувинг!

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қалбларига сурур бахш этадиган, жонларига оро кирадиган амалларни, ғам-ташвишлар қуюндек ёпирилганда қайғуларини аритиш учун талпинадиган бир қанча амалларни айтганлар. Бу эса у зотнинг биз умматларига улкан ҳадяларидан биридир.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Бу дунёда менга жуфти ҳалолларим ва ёқимли ифорлар маҳбуб қилинди. Кўзимнинг қувончи эса намоз бўлди».

Ушбу набавий ҳадисни яхшилаб мулоҳаза қиладиган бўлсак, қисқагина бўлса ҳам, унда қайғуларни муолажа қиладиган улкан, нафис қоидалар, бахтли ҳаёт учун гўзал намуналар мужассам.

Буни сизга қуйида баён қилиб бераман:

Биринчидан, юқоридаги ҳадисни эшитганингизда хаёлингиздан нималар ўтди? Балки «Ҳадисда айтилган уч нарса бу дунёда Расулуллоҳга маъқул бўлган экан. Хўш, мен-чи? Бу дунёда мен нималарни ёқтираман, нима қилганимда роҳатланаман?» деган ўринли савол туғилгандир?

Мана, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга бу дунёда ёқтирган нарсаларини санаб, айтиб бердилар. Келинг, биз ҳам Расулуллоҳга уммат ўлароқ эргашиб, ўзимиз учун бу дунёда маҳбуб бўлган, ҳалол бўлган, бажарганда завқ туядиган ишларни қалбимиз тубидан қидириб, уларни аниқлаб олайлик!

Иккинчидан, севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ёқтирадиган уч нарса ҳақида озгина тафаккур қилсак, бу уч нарса уч жиҳатни ўз ичига олишини кўрамиз. Масалан, хушбўйлик моддий нарсаларни ифодаласа, аёллар ижтимоий ва шахсий ҳаётни тасвирлайди, намоз эса ибодат жумласидан.

Учинчидан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари ёқтирадиган, қалблари таскин топадиган нарсаларни билардилар. Шунинг учун қийинчилик ва мусибат вақтида қайғуларини енгиллатиш учун шулар томон ошиқар эдилар. Масалан, у зот намозни севардилар, чунки намозда Аллоҳ таолога яқинлашиш бор. Шуннг учун қачон қайғуга ботсалар, намозга ошиқардилар.

Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бирон нарса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни қаттиқ ранжитса, у зот намоз ўқирдилар».

Бошқа бир ривоятда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор нарсадан хафа бўлсалар, намоз ўқирдилар», дейилган.

Демак, Расулуллоҳ бирор нарсадан ранжисалар ёки қайғуга ботсалар, аввало намозга талпинар эканлар.

Мақолалар