Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
09 Январ, 2025   |   9 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:49
Пешин
12:35
Аср
15:31
Шом
17:15
Хуфтон
18:34
Bismillah
09 Январ, 2025, 9 Ражаб, 1446
Мақолалар

Аллоҳ – ягона яратувчи

11.09.2024   3219   2 min.
Аллоҳ – ягона яратувчи

Эътибор қилинг, биргина электр лампани ихтиро қилган одам номи дунёда қолиши учун тажрибасини оламга жар солди. Бу биргина электр чироқни ихтиро қилган одамнинг ҳолати. Энди бутун бир Қуёшни яратган Зот уни ким яратганини айтмайди деб ўйлайсизми?! Фаразан агар уни бошқа куч пайдо қилган тақдирда ҳам ўша ихтирочи буни ҳеч кимга айтмас эди деб ўйлайсизми?!

Демак, унинг яратувчиси Ўзини ошкор қилган бўлиши керак. У ҳам бўлса ягона Аллоҳдир. Чунки Аллоҳгина Қуёшни яратганини айтган. Бу масалада ҳатто кофирлар ҳам Қуёшни Аллоҳ яратган деган гапдан бошқасини айта олишмайди. Айнан шу маънони Анкабут сурасининг қуйидаги ояти қувватлайди: 

“Агар улардан “Ким осмонлар ва ерни яратган, қуёш ва ойни бўйсундирган?” деб сўрасанг улар “Аллоҳ” дерлар. Бас, қаёққа кетмоқдалар?!” (Анкабут сураси, 61-оят).

Бошқа оятда бундай дейилади: “Агар улардан “Осмондан сув тушуриб у билан ерни ўлганидан кейин тирилтирган ким?” деб сўрасанг улар “Аллоҳ” дерлар” (Анкабут сураси, 63-оят).

Ушбу оятлар куфр келтирганлар ва мушриклар ҳақида. Улар Аллоҳни инкор қилсалар ҳам инсоннинг ва борлиқнинг пайдо бўлиши ҳақида ўз қарашларини ҳимоя қила олмайдилар.

Демак, ягона яратувчи Зот – Аллоҳ таоло. Чунки уни яратганлигини даъво қилган, бизга хабар берган Зот фақат ягона Аллоҳдир. Лекин яратиш масаласи фақат коинотга тегишли эмас. Ердаги барча нарсалар, ҳатто инсон тасарруфидаги нарсалар ҳам аслида Аллоҳ таолонинг яратувчилик сифати орқали пайдо бўлади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: 

“Ана ўша Аллоҳ Роббингиздир. Ундан ўзга илоҳ йўқ. У барча нарсанинг яратувчисидир. Бас, Унга ибодат қилинглар. У барча нарсанинг эгасидир” (Анъом сураси, 102-оят).

Аллоҳ таоло “Барча нарсанинг яратувчиси” эканини айтмоқда. Демак, жамики барча нарсанинг яратувчиси Аллоҳ экан.

Шайх Муҳаммад Мутавалли Шаъровийнинг

“Аллоҳнинг борлигига ақлий далиллар” китобидан.

 

Бошқа мақолалар

Аллоҳим, Сен мендан юз ўгирма

7.01.2025   3178   2 min.
Аллоҳим, Сен мендан юз ўгирма

Ривоят қилинишича, Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳнинг қўлларида Аббос деган бир йигит тавба қилган экан. У йигит авваллари жуда кўп гуноҳ қилган бўлган, сўнг тавба қилган, лекин шу ҳолда етмиш марта тавбасини бузган. Охир-оқибат умрининг сўнгги дақиқалари яқинлашганда, ўлими кўзига кўринган пайтда онасини чақириб шундай деди:
— Она, Ҳасан Басрий ҳазратларини чақиринг, мен у зотнинг ҳузурларида тавбамни янгиламоқчиман, шоядки Аллоҳ таоло тавбамни қабул қилса.
Онаси шошилиб Ҳасан Басрийнинг ҳузурига бориб, салом берди ва:
— Мен Аббоснинг онасиман, ўғлимнинг ўлим пайти етди ва у сизни сўраяпти, тавбасини янгиламоқчи, деди. Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ бунга жавобан:
Бор, менга тавба қилиб, уни қайта-қайта бузадиган одамнинг кераги йўқ, деди.
Аёл йиғлаган ҳолда уйига қайтиб келди ва ўғлига:
— Эй, ўғлим! Шайх сенинг ёмон қилмишларинг туфайли келишдан бош тортди, деди.
Шунда Аббос осмонга боқиб:
Ё Роббим, Парвардигорим, шайх мендан юз ўгирди, аммо Сен мендан юз ўгирма, умидимни сўндирма, деб дуо қилди.
Шундан сўнг йигит онасига қараб:
— Эй, онажон! Агар вафот этсам, оёғингизни юзимга қўйинг, кейин бўйнимга арқан боғлаб, бозорда судраб юринг ва овозингиз борича “Бу — Аллоҳга осий бўлганнинг жазосидир” деб бақириб юринг. Шояд, менинг ҳолимни кўриб, Аллоҳ Ўз фазли ва раҳмати билан мени афв этса, деди.
Онаси уни ўзи айтганидек ўғлининг юзига оёғини қўймоқчи эди, ҳотифдан бир овоз эшитилди:
Оёғингни сажда қиладиган жойга қўйма. Шуни билгинки, Аллоҳ таоло уни афв этди ва дўзахдан озод қилди.
Шундан сўнг онаси уни дафн қилди ва уйига қайтди. Шу кеча Ҳасан Басрий тушида бир овозни эшитди:
— Эй Ҳасан! Нима учун бандамни Менинг раҳматимдан умидсиз қилиб қўйдинг? Ахир уни Мен яратганманку ва Менинг раҳматим ҳар нарсани қамраб олади. Қасамки, агар яна шундай қилсанг, сени солиҳлар дафтаридан ўчираман!

Бу қисса Аллоҳнинг раҳмати ва фазлининг улкан эканини, ҳамда тавба қилишда инсон ҳеч қачон умидсиз бўлмаслиги кераклигини ёрқин тарзда баён қилади.

Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ