Эътибор қилинг, биргина электр лампани ихтиро қилган одам номи дунёда қолиши учун тажрибасини оламга жар солди. Бу биргина электр чироқни ихтиро қилган одамнинг ҳолати. Энди бутун бир Қуёшни яратган Зот уни ким яратганини айтмайди деб ўйлайсизми?! Фаразан агар уни бошқа куч пайдо қилган тақдирда ҳам ўша ихтирочи буни ҳеч кимга айтмас эди деб ўйлайсизми?!
Демак, унинг яратувчиси Ўзини ошкор қилган бўлиши керак. У ҳам бўлса ягона Аллоҳдир. Чунки Аллоҳгина Қуёшни яратганини айтган. Бу масалада ҳатто кофирлар ҳам Қуёшни Аллоҳ яратган деган гапдан бошқасини айта олишмайди. Айнан шу маънони Анкабут сурасининг қуйидаги ояти қувватлайди:
“Агар улардан “Ким осмонлар ва ерни яратган, қуёш ва ойни бўйсундирган?” деб сўрасанг улар “Аллоҳ” дерлар. Бас, қаёққа кетмоқдалар?!” (Анкабут сураси, 61-оят).
Бошқа оятда бундай дейилади: “Агар улардан “Осмондан сув тушуриб у билан ерни ўлганидан кейин тирилтирган ким?” деб сўрасанг улар “Аллоҳ” дерлар” (Анкабут сураси, 63-оят).
Ушбу оятлар куфр келтирганлар ва мушриклар ҳақида. Улар Аллоҳни инкор қилсалар ҳам инсоннинг ва борлиқнинг пайдо бўлиши ҳақида ўз қарашларини ҳимоя қила олмайдилар.
Демак, ягона яратувчи Зот – Аллоҳ таоло. Чунки уни яратганлигини даъво қилган, бизга хабар берган Зот фақат ягона Аллоҳдир. Лекин яратиш масаласи фақат коинотга тегишли эмас. Ердаги барча нарсалар, ҳатто инсон тасарруфидаги нарсалар ҳам аслида Аллоҳ таолонинг яратувчилик сифати орқали пайдо бўлади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
“Ана ўша Аллоҳ Роббингиздир. Ундан ўзга илоҳ йўқ. У барча нарсанинг яратувчисидир. Бас, Унга ибодат қилинглар. У барча нарсанинг эгасидир” (Анъом сураси, 102-оят).
Аллоҳ таоло “Барча нарсанинг яратувчиси” эканини айтмоқда. Демак, жамики барча нарсанинг яратувчиси Аллоҳ экан.
Шайх Муҳаммад Мутавалли Шаъровийнинг
“Аллоҳнинг борлигига ақлий далиллар” китобидан.
Мисрлик ёзувчи Анис Мансурнинг ота-она ҳақида ёзган энг гўзал сўзлари:
"Ота-онанг сени ташлаб кетганларидан сўнг афсусланасан. Чунки сен уларга бирор ёрдам ёки бирор нарса таклиф қилганингда, улар "ҳожати йўқ", "керак эмас қўявер" дейишарди, сен эса уларга ишонардинг, виждонингни тинчлантирар эдинг – ҳақиқатан отамга керак эмас, онам ҳеч нарса истамаяпти, деб ўйлардинг.
Оталарингиз ва оналарингиз "ҳеч нарса керак эмас" деганларида уларга ишонманг. Улар буни сизни ўйлаб, сизни ҳолатингизни инобатга олиб ёки сиздан ҳижолат бўлиб айтишади... Сиз улардан сўрамасдан, уларга такаллуфлик қилмасдан, улардан рухсат олмасдан беринг, ҳадя қилинг.
Кўпчилик одамлар алдангани каби сиз ҳам отангизнинг қарилигига алданманг. Онангизнинг ёши улуғлиги, ожизлиги ёки соддалиги сизни алдаб қўймасин. Чунки уларнинг ҳар бирининг ичида эркалатишга ва эътиборга муҳтож бўлган бир бола яшайди".
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ