Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
01 Октябр, 2024   |   28 Рабиъул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:02
Қуёш
06:20
Пешин
12:18
Аср
16:19
Шом
18:08
Хуфтон
19:20
Bismillah
01 Октябр, 2024, 28 Рабиъул аввал, 1446

Нега касалликлар кўпаймоқда ёхуд тўқликка шўхлик қилманг!

11.09.2024   8749   4 min.
Нега касалликлар кўпаймоқда ёхуд тўқликка шўхлик қилманг!

КИРИШ

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Одам боласи тўлдирадиган идишларнинг энг ёмони қориндир. Одам боласига қаддини турғизадиган емаклар етади. Агар жуда лозим бўлса, таоми учун учдан бир, шароби учун учдан бир ва ҳавоси учун учдан бир, дедилар (Имом Аҳмад, Имом Термизий ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, мўмин бир ошқозон ила ейди. Кофир эса етти ошқозон ила ейди”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

 

МУАММО

Ортиқча таомланиш – кўплаб касалликларнинг сабабчиси, очлик эса шифо манбасидир. Мўмин учун очликни кетказадиган, қаддини тутиб турадиган егулик кифоя қилади. У эрталабки чойни ичиб бўлиб, тушликка нима ейиш ҳақида ғам чекмайди, тушликдан келиб, тиши орасида қолган овқат қолдиқларини тозалаб кечки таомни ўйлаб ташвишланмайди.

 

АСОСИЙ ҚИСМ

Мўминлар онаси Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оиласи бир кунда икки марта егулик емаган, еса ҳам биттаси хурмо бўлган” (Имом Бухорий ривояти).

Бошқа ҳадисда Оиша онамиз розияллоҳу анҳо бундай деганлар: “Муҳаммад алайҳиссалом вафот этгунларича арпа нонга икки кун кетма-кет тўймадилар”.

Яна Оиша розияллоҳу анҳо онамиз:Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қоринлари тўйиб овқат емадилар, хурмо билан рўза тутиб, сувнинг ўзи билан оғиз очдилар. Уйларида ҳафталаб қозон қайнамас эди”, деганлар.

Бир куни Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг уйларига бир аёл фарзандлари билан егулик сўраб келди. Оиша онамиз бир дона хурмодан бошқа ҳеч нарса топа олмадилар. Ўзларида ейишга ҳеч нарса бўлмасада, бир дона хурмони бўлса ҳам, ўша аёлга бердилар.

Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам очликдан кўчага чиққанларида Абу Бакр розияллоҳу анҳуни учратиб қолдилар. Нима учун кўчага чиққанини сўраганларида, Абу Бакр розияллоҳу анҳу очликдан кўчага чиқишга мажбур бўлганларини айтадилар.

Сўнгра улар Умар розияллоҳу анҳуни учратишади. Умар розияллоҳу анҳуни ҳам очлик ташқарига чиқарган эди. Учовлари Абу Толҳа Ансорий розияллоҳу анҳунинг уйига бордилар.

Абу Толҳа Ансорий розияллоҳу анҳу ниҳоятда хурсанд бўлиб: “Аллоҳга қасамки, менинг уйимга келган меҳмонлардан кўра яхшироқ меҳмон дунёда йўқдир”, дедилар.

Абу Толҳа Ансорий розияллоҳу анҳу хурмо, сут билан меҳмон қилдилар. Таомланиб бўлишгач Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу оятни тиловат қилдилар: “Сўнгра, ўша кунда, албатта, берилган неъматлардан сўраласиз” (Такаасур сураси, 8-оят).

Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга очликдан шикоят қилиб, қоринларига боғлаб олинган биттадан тошни олиб кўрсатишса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иккита тошни олиб кўрсатардилар.

 

СТАТИСТИКА

Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда йилига 3 миллион тонна истеъмол маҳсулотлари исроф қилинади. Тошкент шаҳрида ҳар куни 2 тоннага яқин нон маҳсулоти чиқиндига ташланади. Бу эса фақатгина пойтахтда йилига 730 тонна нон маҳсулоти чиқиндига айланишини англатади.

2019 йилда дунё бўйича ишлаб чиқарилган жами озиқ-овқат маҳсулотларининг 31 фоизи чиқиндига айланган. Ваҳоланки, йўқотилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг 25 фоизи муҳтожларга берилса, бутун дунёдаги очлик муаммосини тўлиқ ҳал қилиши мумкин.

 

ХУЛОСА

– Ортиқча таомланишдан тийилиш аввало соғлиқ учун фойдали, қолаверса исрофнинг олдини олиш – саналади;

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига мувофиқ ҳафтада икки кун (душанба, пайшанба), ҳар ойнинг 13, 14, 15 кунлари рўза тутишга одатланайлик;

– Ресторан, миллий таом, кафеларда ҳаддан зиёд кўп овқат буюртма қилиб, ортиқча овқатларни ташлаб кетишдан сақланайлик;

– иссиқ таомни оила аъзоларимиз билан бирга тановул қилишни қанчалик ёқтирсак, фақир-мискинларга ҳам бу бахтни улашайлик.

 

УНУТМАНГ!

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Сўнгра уларнинг ортидан намозни зое қилган ва шаҳватларга эргашган кимсалар ўрин олдилар. Энди улар, албатта, ёмонликка (ёмон жазога) йўлиқурлар” (Марям сураси, 59-оят).

Даврон НУРМУҲАММАД

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Аёл-қизларга оид “Марваридлар шодаси” китоби тақдимоти ўтказилди

27.09.2024   3703   1 min.
Аёл-қизларга оид “Марваридлар шодаси” китоби тақдимоти ўтказилди

Шу йил 26 сентябрь куни пойтахтимиздаги “Шайх Зайниддин” жоме масжидида “Марваридлар шодаси” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди. 
 

Қуръони карим тиловати ва хайрли дуолар билан бошланган тадбир аввалида сўзга чиққан нотиқлар мазкур янги китоб билан ижодкор ва иштирокчиларни қутлаш баробарида юртимизда аёл-қизларнинг илму маърифатини юксалтириш, уларнинг саломатликларини яхшилаш ва ёш қизларни таълим-тарбия олишлари учун муносиб шароит яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз юритдилар.  


Маърифий тадбир давомида мазкур китоб бугунги кунда жамиятимизда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, аёл-қизлар саводхонлигини ошириш, шариатимизнинг аёлларга хос бўлган аҳкомларни содда ва тушунарли тарзда баён этишда муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди. Шунингдек, рисоланинг она тилимизга таржима қилиниши ва халқимизга туҳфа этилгани айни муддао бўлганига урғу қаратилди. Бундан ташқари, маърузаларда аёл-қизларга хос тиббий, ижтимоий ва психологик тавсиялар ҳам муҳокама қилинди. 


Тадбир давомида китоб муаллифи Ҳанафий фиқҳи олими, динимизга кўп йиллардан буён хизмат қилиб келаётган фазилатли Шайх Салоҳ Муҳаммад Абул Ҳожнинг тадбир иштирокчиларига йўллаган видео табриги намойиш этилди. Мазкур китобни таржима қилишда иштирок этган олималар ва “Хадичаи Кубро” мадрасаси устозлари жамоасига миннатдорлик изҳор этилди.  


Маросимда Дин ишлари бўйича қўмитаси раис ўринбосари, фалсафа фанлари доктори, профессор Матлуба Қаҳҳарова, Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим мудираси в.б. Моҳира Зуфарова, Muslimaat.uz сайти раҳбари, “Марваридлар шодаси” китоби бош муҳаррири Одинахон Муҳаммад Юсуф, шунингдек, Тошкент ислом институти, Хадичаи Кубро мадрасаси устоз ва талабалари ҳамда отинойилар иштирок этди. 


 Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Аёл-қизларга оид “Марваридлар шодаси” китоби тақдимоти ўтказилди Аёл-қизларга оид “Марваридлар шодаси” китоби тақдимоти ўтказилди Аёл-қизларга оид “Марваридлар шодаси” китоби тақдимоти ўтказилди Аёл-қизларга оид “Марваридлар шодаси” китоби тақдимоти ўтказилди Аёл-қизларга оид “Марваридлар шодаси” китоби тақдимоти ўтказилди Аёл-қизларга оид “Марваридлар шодаси” китоби тақдимоти ўтказилди Аёл-қизларга оид “Марваридлар шодаси” китоби тақдимоти ўтказилди
Ўзбекистон янгиликлари