Бугун, 11 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари раислигида Тошкент шаҳар имом-хатибларининг танқидий-таҳлилий йиғилиши бўлиб ўтди.
Мажлис аввалида ҳар бир имом-хатиб дин ғами, халқ дарди ва юрт тақдири йўлида астойдил хизмат қилиши лозимлиги, дин пешвоси сифатида, аҳоли, айниқса, ёшларни тўғри йўлга бошлаши алоҳида таъкидланди. Шунингдек, сўнгги йиллардаги неъматлар қадрига етиш ва берилган имкониятлардан унумли фойдаланишга катта урғу қаратилди.
Танқидий масалалар муҳокамасида айрим имом-домлалар зиммасидаги бирламчи вазифасига жиддий ёндашмаётгани, мўмин-мусулмонлар эҳтиёжини таъминлашда етарли саъй-ҳаракат қилмаётгани ва ижро интизомидаги нуқсонлар қаттиқ танқид остига олинди. Шунингдек, белгиланган тартиб-қоидалар, меҳнат шартномалари талаблари ва лавозим йўриқномаларига риоя этмаётган имом-домлаларга чора кўрилгани айтилди.
2024 йилнинг ўтган саккиз ойида мана шундай хато-камчиликларни содир этган, дин пешвоси сифатида иш фаолиятига эътибор қаратмаган ва меҳнат мажбуриятларини етарли даражада бажармаган Тошкент шаҳридаги масжидларда фаолият юритган 8 нафар имом-хатиб, 10 нафар имом ноиби вазифасидан озод этилгани ҳамда 2 нафар имом-хатиб ва 2 нафар имом ноибига эса ҳайфсан интизомий чораси қўллангани маълум қилинди.
Муфтий ҳазратлари ҳар бир имом-хатиб дин ва меҳроб омонатини чуқур ҳис этиши, фаолиятини яхшилаб бориши, замон билан ҳамнафасликда доимий билим-малакаларини ошириши ва пешволик мақомига муносиб бўлишини алоҳида қайд этдилар. Шунингдек, барча имом-хатибларни ушбу мартабада шариат ходими сифатида ихлосу муҳаббат, тақво ва садоқат билан хизмат қилишларига даъват этдилар.
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов ва тажрибали имом-хатиблар муҳокама қилинган масалалар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Йиғилиш якунида берилган топшириқлар юзасидан режа ишлаб чиқиш ва ижросини таъминлаш вазифалари юкланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан имом-хатиблар, мударрислар, олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари ўқитувчилари ва тадқиқотчилари учун “Moturidiylik” журналининг махсус сонини нашр қилиш режалаштирилмоқда.
Махсус сонни тайёрлашдан мақсад – диний соҳа ходимларининг исломшунослик соҳасидаги илмий тадқиқотларини қўллаб-қувватлаш.
“Moturidiylik” республиканинг исломшунослик соҳасидаги етакчи илмий нашрларидан бири бўлиб, Олий аттестация комиссияси томонидан илмий тадқиқотларнинг асосий илмий натижаларини чоп этишга тавсия этилган.
“Moturidiylik” журналида чоп этилган мақолалар республика миқёсида мустақил илмий тадқиқот сифатида тан олинади ва илмий иш олиб бораётган тадқиқотчиларга қўйилган мақола талабларини бажаришда тўлиқ эътироф этилади.
Мақола талаблари
Мақолалар Wорд ҳужжати сифатида тақдим этилади (.doc ёки .docx форматида)
Мақоланинг максимал узунлиги 7-10 саҳифадан ошмаслиги керак (барча рақамлар, жадваллар, расмлар, изоҳлар, иқтибослар ва ҳаволалар билан бирга)
Матн 14 катталикдаги Times New Roman шрифтида, 1,5 интервалда ёзилади
Тақдим этиладиган мақола қуйидаги қисмларни ўз ичига олади:
Сарлавҳа, сарлавҳадан кейин муаллиф(лар)нинг исм(лар)и қўйилади.
Аннотация 70–100 та сўздан иборат
Калит сўз 5–8 та
Кириш
Асосий қисм
Муҳокама
Натижалар
Хулоса
Адабиётлар/Иқтибос келтирилган асарлар рўйхати
Мақолага қўйилган талаблар борасида ушбу ҳавола орқали батафсил билиб олишингиз мумкин!
Ушбу ҳавола орқали мақолангизни юборинг!
+998712443521
info@maturidijournal.org
www.maturidijournal.org