Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
30 Сентябр, 2024   |   27 Рабиъул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:01
Қуёш
06:19
Пешин
12:18
Аср
16:20
Шом
18:09
Хуфтон
19:22
Bismillah
30 Сентябр, 2024, 27 Рабиъул аввал, 1446
Мақолалар

Қайғулар бизни Аллоҳга илтижо қилишга «мажбурлайди»

12.09.2024   929   3 min.
Қайғулар бизни Аллоҳга илтижо қилишга «мажбурлайди»

Иккинчи фойда: Қайғулар бизни Аллоҳга талпинишга, илтижо қилишга «мажбурлайди».

Бошингизга бирдан муаммолар ёғилиб, юрагингиз сиқилиб кетса, энг аввал уларни ҳал қиладиган, сизни бу вазиятдан чиқариб оладиган бирор одамни топмоқчи бўласиз, таниш қидирасиз... Ҳолбуки, халоскорингиз фақат ва фақат Буюк Аллоҳдир. Ахир «кулдирган ҳам, йиғлатган ҳам»[1] Унинг Ўзи эмасми? Маҳзунлик ҳам, хурсандчилик ҳам, кулги ҳам, йиғи ҳам фақатгина Аллоҳнинг измида. Дунёдаги жамики инсонлару бошқа махлуқотлар жамланиб, бирор ташвишингизни даф қилмоқчи бўлса, Аллоҳ изн бермаса, уларнинг қўлидан ҳеч нарса келмайди.

Бир қиз айтади:

«Қачон қайғуга ботсам, ўзимни қутқариш учун бирорта дугонамнинг олдига чопардим, ёки кўнгилхушлик учун интернетга кириб, ҳар хил нарсаларни томоша қилиб, вақтимни ўтказардим. Афсуски, бу нарсаларга чалғисам, қайғуларим бирпас унутилгандек бўларди, холос. Кўнгилхушлик муаммоларни қалбимдан юлиб ташлай олмас эди. Ўзим билган барча усуллардан фойдаланиб кўрдим, лекин қалбимга таскин берадиган бирор малҳам топа олмадим. Шундан кейин умидсизликка тушиб, ўзимни йўқотиб, таслим бўла бошладим.

Бир куни бир олимнинг «Кулдирадиган ҳам, йиғлатадиган ҳам Унинг Ўзи» деган оятни шарҳлаётганини эшитиб қолдим-у, ҳаётимда биринчи марта йиғи ҳам, кулги ҳам Аллоҳ таолонинг измида эканини ўзим учун кашф қилдим. Ҳамма муаммоларимнинг сабабини топган эдим. Шу пайтгача дардимнинг давосини ўзимга ўхшаган дардмандлар орасидан қидириб юрган эканман. Қайғуларимни аритишга эса Аллоҳдан бошқа ҳеч ким қодир эмас экан! Шу пайтгача бошқа эшикни таққиллатиб, хато қилиб юрган эканман. Энди эса дардимни даволашни ўша дардни берган Эгасидан сўрайдиган бўлдим: «Аллоҳим, қайғуларимни кетказ! Аллоҳим, қалбимни сурурга тўлдир!» деб дуо қиладиган бўлдим. Бу сафар керакли эшикни тақиллатаётганимга ишончим комил эди, чунки муаммоларни ҳал қилиб берадиган бошқа эшикнинг ўзи йўқ экан! Аллоҳ менга ниҳоятда меҳрибон экан, қайғуларимни аритди. Роббимга дуо қилиб, ялиниб-ёлворган пайтларимда эса ўзгача бахт туядиган бўлдим…»

Ҳа, қувонч ҳам, қайғу ҳам, кулги ҳам, йиғи ҳам Аллоҳнинг измида. Шундай экан, фақат Роббингдан ёрдам сўрагин! Ғамларингни аритишини, сенга қувонч бахш этишини фақат Ундан ёлвориб сўрагин! Чунки бу ишларга фақатгина Роббинг қодирдир. Ҳушёр бўлгин, адашиб, бахтни бахт йўқ жойлардан қидириб, сарсон бўлмагин!

Давоми бор...

Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг

“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ таржимаси.

 


[1] Нажм сураси, 43-оят

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ўтганлар ҳақида “раҳматли” дейиш жоизми?

30.09.2024   427   1 min.
Ўтганлар ҳақида “раҳматли” дейиш жоизми?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Cавол: Марҳумлар ҳақида гапирганда ҳозир кӯп кишилар "раҳматли бӯлиб кетган", деб айтишмоқда. Шунда мен бундай дейиш хато десам, ким айтди буни, деб сӯрашяпти. Шунга бир изоҳли жавоб берсангиз?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Вафот этган мўмин-мусулмонларнинг ҳаққига мазкур сўзлар билан дуо қилиш ва ўтганларга Аллоҳнинг раҳмат ва мағфиратини умид қилиш мустаҳаб-савобли ишлардан биридир.

Мусулмон инсоннинг мусулмон устидаги ҳақларидан бири вафотидан кейин уни яхшилик билан эслаш, хотирлаш ва ҳаққига хайрли дуо қилишдир.

Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: “Эй, Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари иймон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда иймон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй, Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан!” (Ҳашр сураси, 10-оят).

Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада мусулмонларга ўзларидан аввал иймон билан ўтган зотларнинг ҳаққига дуо ва мағфират сўраб дуо қилишларини таълим бермоқда. Мусулмонлар асрлар оша ушбу таълимотга содиқ қолиб келмоқдалар.

Ўтганларни хотирлаш ва уларнинг ҳақларига дуо қилиш турли халқларда турлича ибора ва сўзлар билан ифода қилинади. Бизнинг халқимизда ўтганларни “марҳум”, “мағфур” “раҳматли”, “раҳматли бўлиб кетган” ва шу каби дуо маъносидаги сўзлар билан ёдга олиш урф бўлган ва бу савобли амалдир.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

Мақолалар