Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Атрофимиздаги, коинотдаги барча нарсани, ҳатто одий чўпни ҳам Аллоҳ таоло яратган. Ҳар мавсум бизга мева берадиган дарахтлар ҳам Аллоҳнинг яратганларидан. Аммо ўша дарахт қаердан келди? Ёғоч сотувчи савдогардан сўрасангиз уни ўрмончилардан олганини айтади. Ўрмончилардан сўрасангиз ўрмондан келганини айтади. Ўрмонга бориб бу ёғочлар қаердан келганини сўрасангиз, улар дарахтлардан олинганини, дарахтлар эса бошқа бир дарахтлар ҳисобига униб чиққанини айтади. Ниҳоят барча дарахтлар энг биринчи битта манба дарахтга бориб тақалади. Хўш ўша биринчи дарахтни ким яратган? Албатта ҳеч қандай шак-шубҳасиз Аллоҳ. Ҳеч ким ўша биринчи дарахтни “мен яратганман” дея олмайди.
Бошқа нарсаларда ҳам худди шундай. Ҳар бир нарсани суруштирсангиз ўша навнинг энг биринчиси манбасига бориб тақалади: биринчи буғдой, биринчи хурмо, биринчи апелсин ва ҳоказо. Буларнинг барчасини Аллоҳ таоло яратган. Кейин эса Аллоҳ таоло яратган низом асосидан пайдо бўлган.
Айримлар айтиши мумкин: “Айрим навлар бошқаси билан чатиштирилиб яхшироқ нави ҳосил қилинадику?”. Тўғри, лекин бу нарса Аллоҳ дастлабки дарахт навларини йўқдан бор қилганини инкор этмайди. Олимларнинг янги навни ихтиро қилиши Аллоҳ таоло илк дарахтларни яратганига қарши келмайди. Чунки ўша олимлар ҳам Аллоҳ берган илмдан фойдаланишган холос. Лекин ҳеч ким бирор нарсани йўқдан бор қилдим деган даъвони қила олмайди. Ҳар қандай ихтиро ва кашфиётлар бор нарсадан юзага чиқади. Дунёда йўқдан бор бўлган бирорта кашфиёт йўқ.
Энди ўсимликлардан жонзотларга ўтсак. Барча жонзотлар, қушлар ва ҳашаротлар ҳам Аллоҳнинг яратиши ила пайдо бўлади. Ҳамма жонзотлар ўз турида дастлабки эркак ва урғочи жонзотдан тарқалган. Ҳеч ким дастлабки икки жонзотни яратганман деб айта олмайди. Аллоҳ таоло эътиборимизни қуйидаги ояти каримага қаратади: “Ҳар бир нарсадан жуфтни яратдик. Шояд эслатма олсангиз” (Зориёт сураси, 49-оят).
Шайх Муҳаммад Мутавалли Шаъровийнинг
“Аллоҳнинг борлигига ақлий далиллар” китобидан.
Cавол: Мен ҳозирда Кореяда ўқийман. Бу ерда ҳалол таомларни топиш мушкул бўлса-да, Аллоҳга шукр, ўзбек ошхоналари бор. Бир курсдошим айтдики, мусофирда юрганлар учун магазиндаги, яъни асли ҳалол бўлмаган гўштларни ейиш тўғрисида фатво бор, деди. Ҳақиқатда шундай фатво борми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Ҳеч ким ҳалол бўлмаган гўштларни ейиш мумкин деб фатво бермайди. Фақатгина инсон ейишга ҳалол нарса топа олмасдан ўлар ҳолга келиб қолгандагина яшаб қолгудек миқдорда ҳаром нарсани истеъмол қилишга рухсат берилган. Бу жуда ҳам нодир ҳолатдир. Ҳатто мол-қўй сингари ҳалол ҳайвонларни ҳам Аллоҳ таолонинг исмини айтиб сўйиш орқали гўшти ҳалол бўлади. Бисмиллаҳ айтилмасдан сўйилса, ҳалол бўлмайди. Чунки бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай буюради:
وَلاَ تَأْكُلُواْ مِمَّا لَمْ يُذْكَرِ اسْمُ اللّهِ عَلَيْهِ
“Аллоҳнинг исми зикр қилинмаган нарсаларни еманглар” (Анъом сураси, 121-оят).
Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.