Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
01 Октябр, 2024   |   28 Рабиъул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:02
Қуёш
06:20
Пешин
12:18
Аср
16:19
Шом
18:08
Хуфтон
19:20
Bismillah
01 Октябр, 2024, 28 Рабиъул аввал, 1446

Ҳеч ким “мен яратганман” дея олмайди

12.09.2024   1440   2 min.
Ҳеч ким “мен яратганман” дея олмайди

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Атрофимиздаги, коинотдаги барча нарсани, ҳатто одий чўпни ҳам Аллоҳ таоло яратган. Ҳар мавсум бизга мева берадиган дарахтлар ҳам Аллоҳнинг яратганларидан. Аммо ўша дарахт қаердан келди? Ёғоч сотувчи савдогардан сўрасангиз уни ўрмончилардан олганини айтади. Ўрмончилардан сўрасангиз ўрмондан келганини айтади. Ўрмонга бориб бу ёғочлар қаердан келганини сўрасангиз, улар дарахтлардан олинганини, дарахтлар эса бошқа бир дарахтлар ҳисобига униб чиққанини айтади. Ниҳоят барча дарахтлар энг биринчи битта манба дарахтга бориб тақалади. Хўш ўша биринчи дарахтни ким яратган? Албатта ҳеч қандай шак-шубҳасиз Аллоҳ. Ҳеч ким ўша биринчи дарахтни “мен яратганман” дея олмайди.

Бошқа нарсаларда ҳам худди шундай. Ҳар бир нарсани суруштирсангиз ўша навнинг энг биринчиси манбасига бориб тақалади: биринчи буғдой, биринчи хурмо, биринчи апелсин ва ҳоказо. Буларнинг барчасини Аллоҳ таоло яратган. Кейин эса Аллоҳ таоло яратган низом асосидан пайдо бўлган.

Айримлар айтиши мумкин: “Айрим навлар бошқаси билан чатиштирилиб яхшироқ нави ҳосил қилинадику?”. Тўғри, лекин бу нарса Аллоҳ дастлабки дарахт навларини йўқдан бор қилганини инкор этмайди. Олимларнинг янги навни ихтиро қилиши Аллоҳ таоло илк дарахтларни яратганига қарши келмайди. Чунки ўша олимлар ҳам Аллоҳ берган илмдан фойдаланишган холос. Лекин ҳеч ким бирор нарсани йўқдан бор қилдим деган даъвони қила олмайди. Ҳар қандай ихтиро ва кашфиётлар бор нарсадан юзага чиқади. Дунёда йўқдан бор бўлган бирорта кашфиёт йўқ.

Энди ўсимликлардан жонзотларга ўтсак. Барча жонзотлар, қушлар ва ҳашаротлар ҳам Аллоҳнинг яратиши ила пайдо бўлади. Ҳамма жонзотлар ўз турида дастлабки эркак ва урғочи жонзотдан тарқалган. Ҳеч ким дастлабки икки жонзотни яратганман деб айта олмайди. Аллоҳ таоло эътиборимизни қуйидаги ояти каримага қаратади: “Ҳар бир нарсадан жуфтни яратдик. Шояд эслатма олсангиз” (Зориёт сураси, 49-оят).

Шайх Муҳаммад Мутавалли Шаъровийнинг

“Аллоҳнинг борлигига ақлий далиллар” китобидан.

Бошқа мақолалар

50 йиллик намозимизни қайтадан ўқиймиз

27.09.2024   5027   2 min.
50 йиллик намозимизни қайтадан ўқиймиз

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ривоят қилишларича, Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳга Ҳотамул Асом деган зот масжидда зуҳддан маъруза қилаётган эмиш деган хабар келди. Шунда у киши шогирдларига: қани бориб эшитайликчи, нималар ҳақида гапираётган экан, деб масжидга бордилар ва Ҳотамул Асомга: “Эй йигит, менга намоз ҳақида гапириб бер”, дедилар.

Ҳотамул Асом: “Намознинг одоблари ҳақида айтиб берайми ёки унинг кайфияти ҳақида сўраяпсизми?” деди.

Абу Юсуф унинг бу гапидан таажжубга тушдилар ва ичларида: “Биз ундан битта нарсани сўрасак, у иккита нарсани айтмоқчи”, дедилар. “Майли бизга намознинг одоблари ҳақида айтиб берақол”, дедилар.

Ҳотамул Асом сўз бошлади: “Намознинг одоблари будир: Яратганнинг амрига итоат этиб ўриндан турмоқлик, савоб умидида намозгоҳга бормоқлик, ният ила намозга кирмоқлик, Аллоҳни улуғлаб такбир айтмоқлик, тартил билан қироат қилмоқлик, хушуъ ила рукуъ қилмоқ, хузуъ ила саждага йиқилмоқ, ихлос билан ташаҳҳуд айтмоқ, раҳмат тилаб салом бермоқ”, деди.

Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ: “Энди намознинг кайфияти ҳақида гапириб бер”, дедилар.

Ҳотамул Асом сўз бошлади: “Каъбани икки қошингиз орасига оласиз, мезонни кўз ўнгингизга келтирасиз, сирот кўпригини оёғингиз остига, ўнг ёнингизга жаннатни, чап ёнингизга дўзахни келтирасиз, ортингизда эса, ўлим фариштаси пойлаб юрибди. Ана шундан кейин намозингиз қабул бўлдими ёки рад этилдими, шуни ўйлайсиз”, деди.

Абу Юсуф сўрадилар: “Сен қачондан бери намозни шундай кайфиятда ўқийсан?”.

Ҳотамул Асом: “Йигирма йилдан бери шундай намоз ўқийман”, деб жавоб берди.

Шундан кейин Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ шогирдлари томон ўгирилиб: “Юринглар, бориб эллик йиллик намозимизни қайтадан қазо қилиб ўқиб оламиз”, дедилар.

Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ