Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Сеҳр сафсата, хаёл ёки тўқима нарса эмас, балки у ҳақиқатдир. У эр-хотин орасини бузади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Иккисидан эр-хотиннинг ўртасини бузадиган нарсани ўрганар эдилар” (Бақара сураси, 102-оят).
Унинг инсоннинг жисмига азоб бериши, турли касалликлар келтириб чиқариши, ҳатто ўлимга сабаб бўлиши ҳақдир. Албатта ҳар бир иш Аллоҳнинг изни билан бўлади.
Қарофий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Сеҳр ҳақиқатдир. У инсоннинг феъл атвори, табиати, хулқи ўзгаришига, ҳатто агар олди олинмаса ўлимга ҳам сабаб бўлади” (Ал-Фуруқ. 149/4).
Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ ёзадилар: “Сеҳрнинг ҳақиқат эканига жумҳур уламолар иттифоқ қилганлар. Унга Қуръони карим ва машҳур бир қанча саҳиҳ ҳадислар далил бўлади” (Равзат ут-толибийн. 346/9).
Уламолар сеҳрнинг ҳақ эканига қуйидаги оят ва ҳадисни далил қилиб келтирадилар:
“Ва тугунларга дам солувчилар ёмонлигидан” (Фалақ сураси, 4-оят).
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сеҳр қилиндилар. Ҳатто у зотга қилмаган ишларини қилгандек туюларди. У зот бир куни менинг олдимда эдилар, дуо қилавердилар, дуо қилавердилар, сўнг: “Эй Оиша, Аллоҳ менга у ҳақида фатво сўраган ишимда фатво берганини сездингизми?”, дедилар.
Мен: “Нима экан у, ё Расулуллоҳ?”, деб сўрадим.
У зот алайҳиссалом бундай дедилар: “Ҳузуримга икки киши келиб, бири бош томонимга, иккинчиси оёқ томонимга ўтирди. Улардан бири иккинчисидан: “Бу одамнинг дарди нима?”, деб сўради. “Сеҳрланган”, деди у. “Унга ким сеҳр қилди”, деди. “Зурайқлик яҳудий Лабид ибн Аъсом”, деди. “У нима нарсада?”, деди. “Тароқ, тароқдаги (соч) ва хурмо (гули турадиган) тугунчасининг қобиғида”, деди. “У қаерда?”, деди. “Зу Арвон қудуғида”, деди”.
Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир гуруҳ саҳобалари билан ўша қудуққа бориб, унга қарадилар. Унинг устида хурмо дарахти бор экан. Кейин Оиша розияллоҳу анҳо онамизнинг олдиларига қайтиб келиб: “Аллоҳга қасамки, у (қудуқ)нинг суви ивитилган ҳинага ўхшаб кетибди, хурмолари эса худди шайтонларнинг бошларига ўхшайди”, дедилар.
“Ё Расулуллоҳ, уни чиқариб ташладингизми?”, деб сўрадим. У зот алайҳиссалом: “Йўқ, Аллоҳ менга офият ва шифо берди. Одамларга ундан бирор ёмонлик қўзғаб қўйишдан қўрқдим”, дедилар. Сўнгра уни кўмиб ташлашга буюрдилар” (Имом Бухорий. 5766; Имом Муслим. 2189).
Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яҳудийлардан бири сеҳр қилди. У зот алайҳиссалом бир неча кун бетоб бўлдилар. Сўнг Жаброил алайҳиссалом келиб: “Яҳудийлардан бир киши сизга сеҳр қилди, тугун тугиб, фалон қудуққа (ташлади)”, деган хабарни берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одам юбориб, уни чиқартириб, ечиб юбордилар. Шунда у зот алайҳиссалом енгил бўлиб, туриб кетдилар. Бу ҳақда ўша яҳудийга ҳеч нарса демадилар ва у билан юзма-юз ҳам келмадилар” (Имом Насоий ривояти).
Давоми бор...
Даврон НУРМУҲАММАД
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Ота-онам мени мажбурлаб эрга бермоқчи, бола билан кўришдим ва кўнглим ғаш бўлиб қолди. Кейин истихора ўқишни бошладим ва барибир кўнглим юмшамади. Уйдагиларга тушунтирдим, лекин мени эшитишмаяпти. Мен қандай йўл тутсам бўлади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Динимизда хотин-қизларни мажбурлаб эрга беришдан ман қилинган. Зеро, никоҳ икки томоннинг розилиги билан тузилади. Жувон бўлса, у билан очиқча гаплашилади, бокира бўлса, ундан изн сўралади. Бокира (розилик аломатлари билан) сукут қилса, бу унинг никоҳга изн бергани бўлади.
Барча фиқҳий манбаларимизда келин ва куёв ўз розилигини билдириши (ийжоб ва қабул) никоҳнинг асосий рукни экани баён қилинган. Келин-куёвдан бири никоҳга рози бўлмаса, никоҳ дуруст бўлмайди.
Ота-онанинг вазифаси эса фарзандини бойлик, мансаб ёки бошқа ғаразлар сабабли кўр-кўрона уйланиш ёки эрга тегишга мажбурлаш эмас. Балки фарзандига жуфт бўлаётган йигит ё қизнинг диёнати, хулқ-одобига ва касб-ҳунарига эътибор қилишдир.
Ўз ўрнида турмуш қураётган фарзанд ҳам ота-онасининг тавсиялари ўринли бўлса, қабул қилиши, қайсарлик қилмай уларнинг ҳаётий тажрибаларидан фойдаланиши керак.
Хотин-қизларни мажбурлаб эрга бериш ҳолатларида Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг аёлга никоҳ ё ажралишни танлаш ихтиёрини берганлари маълум. Ҳатто бир ҳолатда қиз камбағал йигитни, ота-она эса бой йигитни танлаганида, у зот қизнинг ихтиёрини устун қўйиб:
لم ير للمتحابين مثل النكاح
«Бир-бирини яхши кўрганлар учун никоҳдан яхшиси йўқдир", дедилар (Имом Ибн Можа ривояти). Валлоҳу аълам"
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.