Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
05 Октябр, 2024   |   02 Рабиъус сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:06
Қуёш
06:24
Пешин
12:16
Аср
16:13
Шом
18:01
Хуфтон
19:14
Bismillah
05 Октябр, 2024, 02 Рабиъус сони, 1446

Гуноҳни атайин қилишингиздан қўрқаман

12.09.2024   3412   2 min.
Гуноҳни атайин қилишингиздан қўрқаман

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен сизлар учун фақирликдан қўрқмайман, лекин такосур (яъни мол-дунёни тўплашда мусобақалашингиз)дан қўрқаман. Мен (бехосдан) хато қилишингиздан қўрқмайман, аммо гуноҳни атайин содир этишингиздан қўрқаман”, дедилар (Имом Аҳмад, Баззор, Ҳоким ривояти).

Бойлик ҳам, фақирлик ҳам Аллоҳ таолонинг тақдири бўлиб, барча инсонлар бу иккисидан бири билан синовдан ўтади. Аллоҳ таоло беморнинг сабрини, бойнинг шукрини синайди.

“Мен сизлар учун фақирликдан қўрқмайман” чунки бирор бандага фақирлик етса бу – Аллоҳнинг иродаси, синовидир. Фақир одамнинг етган синовга сабр қилишдан бошқа иложи йўқ. Кўнгилхушлик, маишатпарастлик кабиларга эса “қўли калталик” қилади. Имкон қадар кўпроқ ибодатлар билан машғул бўлишга интилади.

“лекин такосур (яъни мол-дунёни тўплашда мусобақалашингиз)дан қўрқаман” – аммо бойлик ва мол-дунёнинг кўпайиши оғир синовдир. Бойлиги кўпайган банда камбағаллик вақтида қилмаган гуноҳ-маъсиятларга қўл уради, Роббига итоатсизлик қилиб, ибодатларни тарк эта бошлайди.

Бугунги кунда қанча инсонлар мол-дунёсини кўпайтириш ортидан қувиб, жиноятнинг ҳар қандай кўринишини содир этмоқда. Ҳатто, бойлик учун ўз ота-онаси ва яқинларидан воз кечмоқда. Қавм-қариндош бир-бирига душманга айланмоқда. Бежизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларининг бойлик тўплашга ружу қўйишидан хавфсирамаган эканлар. Бу ҳам пайғамбарлик мўъжизаларидан биридир.

“Мен (бехосдан) хато қилишингиздан қўрқмайман” Мўмин банда имкон қадар Аллоҳнинг буйруқларини бажаришга ҳаракат қилади. Бу борада қанча тўсиқларни енгиб ўтади, қийинчиликларга бардош беради. Аммо банда фаришта эмас, баъзи вақтларда билмасдан хато қилади ёки айрим нарсаларни унутиб қўяди. Лекин тезда тавба қилади, Роббига дуо қилади: “Роббимиз, агар унутсак ёки хато қилсак, (иқобга) тутмагин”.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир одам боласи хато қилувчидир, хатокорларнинг энг яхшиси тавба қилувчилардир”, деганлар (Имом Термизий, Имом Аҳмад ривояти).

“аммо гуноҳни атайин содир этишингиздан қўрқаман” – билиб туриб қилинган гуноҳнинг азоби жуда қаттиқ бўлади. Банда билмай қилган гуноҳини Аллоҳ кечириши мумкин, фақат Ўзига ҳавола. Аммо гуноҳга журъатли бўлиш, қасддан қилиш гуноҳнинг ўзидан кўра улкан ва оғирроқ гуноҳдир. Энг муҳими – банда гуноҳни билиб ёки билмай қилса ҳам, кимга осийлик қилаётганини унутмаслиги лозим!

Даврон НУРМУҲАММАД

Бошқа мақолалар

Бардавом амал инсонни жаннатга киритади

26.09.2024   4566   1 min.
Бардавом амал инсонни жаннатга киритади

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир куни бомдод намозидан олдин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Билолга: «Билол! Қайси амалингни манфаати энг кўп амал деб ўйлайсан? Ўша амалингни айт, чунки мен бугун тушимда жаннатда шиппагингнинг товушини эшитдим», дедилар. Билол: «Манфаати энг кўп деб умид қилган ишим – кечасию кундузи қачон таҳорат қилсам, ўша таҳоратим билан насиб бўлганича намоз ўқийман, холос», деди».

Имом Бухорий, имом Муслим ривоят қилган.

Эътибор берган бўлсангиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Билол розияллоҳу анҳунинг жаннатда юрганини, у ерда унинг учун жой борлигини ва бунга сабаб бу бахтли саҳоба ҳаёти мобайнида қилган бирор улкан амал борлигини таъкидлаб, ана шу улкан амал нима эканини сўрамоқдалар. Билол розияллоҳу анҳу эса унчалик қийматли амали йўқлигини, фақатгина қиладиган иши ҳар доим таҳорат қилганида Аллоҳ қодир қилганича нафл намоз ўқишни вазифа қилиб олганини айтяпти.

Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг

“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ таржимаси.